Ўзбекистон | 19:11 / 28.05.2021
17799
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга оширишдаги камчиликларни танқид қилди

«Пул берган бўлсак, ўтган йилдан бери тайёргарлик қилдиларинг, лекин қани натижа? Нега Раматов бирор кишини жазолаш, ишдан олиш бўйича таклиф киритмайди?» – деди президент.

Бугун, 28 май куни президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳудудларда ипотека дастурларини амалга ошириш, кўп квартирали уй-жойлар массивларини барпо қилиш, уларни инфтратузилма билан таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мавзусида видеоселектор бўлиб ўтмоқда.

«Бу кичкина масала эмас, жуда муҳим. Бу ишларга жуда кўп маблағ беряпмиз. Кўп қаватли уй-жойларга шу пайтгача эътибор бермагандик. Нима қилсак аҳолини рози қиламиз? Ҳар бир ҳоким бу бўйича ўз режасини айтади. Баландпарвоз гаплар керак эмас, нима қилсак одамлар ишимиз натижасини сезади, деган саволга жавоб излашимиз керак», деди президент сўзининг бошида.

«Жорий йилги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида, 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада бажарилиши лозим бўлган аниқ ишлар белгиланиб, бунга 18 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига, яна қўшимча 300 миллион доллар ажратдик. Натижада, биргина ичимлик суви таъминоти соҳасида 1 минг 400 километр тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди, 8,5 минг километр ички йўллар таъмирланди.

Ўтган даврда 2 минг километр электр тармоқлари тортилиб, 1 мингта трансформаторлар янгиланди. Лекин, барча соҳалар ва ҳудудларда ҳам ишлар бир хилда сифатли бажарилаяпти, деб бўлмайди. Мисол учун, жами 256 та (13 фоиз) ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган бўлса, 600 та (47 фоиз) объектлар бўйича тендер якунланмаган.

Шундан 290 та мактаб, 164 та боғча, 110 та тиббиёт муассасаси, 12 та маданият, 22 та маҳалла ва 2 та спорт объекти.

Пул берган бўлсак, ўтган йилдан бери тайёргарлик қилдиларинг, лекин қани натижа? Нега Раматов бирор кишини жазолаш, ишдан олиш бўйича таклиф киритмайди?» – президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид