Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суперлигада чемпионлик пойгаси. Сўнгги турлар олдидан қандай интригалар бор?
«Нефтчи» узоқ кутилган чемпионликни расмийлаштирадими? «Насаф», «Пахтакор» ва «Динамо»да имконият қандай? Учта жамоада очколар сони тенг келиб қолса, медаллар кимга насиб этади?
Ўзбекистон Суперлигасида навбатдаги мавсум якунига етиб бормоқда ва атиги икки тур қолганда ҳам биратўла тўрт жамоа назарий жиҳатдан чемпионлик имкониятига эга бўлиб туриши – жиддий воқеа. Янада эътиборлиси, мавсум якунлангач, пешқадам учта жамоанинг очколари сони тенг бўлиб қолиши ҳам мумкин экан. Бу – ички чемпионатнинг ўзига яраша рақобатбардош бўлиб бораётганидан дарак беради, бундай курашларда тобланган футболчилар муҳимроқ даражадаги турнирларда ўзини кўрсатиши ва миллий жамоага чақирув олиши мумкин бўлади.
Қуйида сўнгги турлар олдидан чемпионлик интригалари ҳақида сўз юритилади ва жамоаларнинг имкониятлари чамалаб кўрилади.
28 турдан кейинги турнир жадвали:

«НЕФТЧИ»
Табиийки, айни пайтда энг кўп очко тўплаб турган, чемпионлик масаласи фақат ўз қўлида бўлган ягона жамоа – «Нефтчи». Фарғоналиклар 2001 йилги мавсумдан бери, яъни 24 йиллик танаффусдан сўнг ўз тарихида олтинчи бор мамлакат чемпионига айланишга яқин турибди. Қизиғи, шу эсланган мавсумда ҳам кейинги ўринларни «Пахтакор» ва «Насаф» қўлга киритганди.
«Нефтчи»нинг кейинги ўйинлари:
29-тур. «Нефтчи» – «Қизилқум» (22 ноябр)
30-тур. «Хоразм» – «Нефтчи» (30 ноябр)
Ҳозирда «Нефтчи» 61 очкога эга ва энг яқин таъқибчиси «Насаф» билан орадаги фарқ 3 очкони ташкил қилмоқда. Регламентга кўра, очколар тенг келиб қолганда ўзаро ўйинларга қаралиши эътиборга олинса, бу борада устунлик фарғоналикларда. Биринчи даврада Қаршида ўтган ўйинда ҳисоб очилмаган бўлса, Фарғонада мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Демак, «Насаф» етиб олмаслиги учун «Нефтчи»га яна уч очко олиш кифоя қилади.
Кейинги ўринлардаги «Пахтакор» ва «Динамо» билан эса 5 очколик масофа юзага келган, фарғоналиклар яна 3 очко олиш орқали бу жамоалар учун ҳам етиб бўлмас масофада илгарилаб кетади. Демак, 22 ноябр куни «Қизилқум»га қарши Фарғонада ўтадиган ўйинда ҳар қандай ғалаба «Нефтчи»ни мамлакат чемпионига айлантиради. Ушбу чемпионлик ўйинига клуб фанатлари ўзига хос сюрприз тайёрлаётгани, чипталар эса аллақачон сотиб бўлингани ҳақида маълумотлар бор.
«Қизилқум»га қарши ўйиндаги дуранг ҳам «Нефтчи»ни расман чемпионга айлантириши мумкинми? Ҳа, бунинг учун бугун бўлиб ўтадиган «Пахтакор» – «Насаф» ўйинида ҳам дуранг қайд этилиши талаб этилади. Бу ҳолатда дуранг ҳам «Нефтчи»ни энг яқин таъқибчисидан уч учколик масофада сақлаб қолади. Юқорида айтилганидек, «Насаф» билан ҳам, етиб олиши мумкин бўлган бошқа жамоа «Динамо» билан ҳам «Нефтчи»нинг ўзаро ўйинларда устунлиги бор.
Агар «Нефтчи» қолган 2 турда атиги бир очко олса ва «Пахтакор» қолган 2 турда 100 фоизлик натижа қайд этадиган бўлса, ўзаро ўйинларга кўра (0:4, 1:2), «шерлар» олдинга чиқади.
Хуллас, қолган икки турда уч очко «Нефтчи»ни чемпионга айлантиради. Маълум шартларда 2, ҳатто 1 очко ҳам етарли бўлиши мумкин.

«НАСАФ»
«Насаф»нинг кейинги ўйинлари:
29-тур. «Пахтакор» – «Насаф» (20 ноябр)
30-тур. «Насаф» – «Динамо» (29 ноябр)
Рўзиқул Бердиев шогирдлари чемпионликни ҳимоя қолиши учун аввало қолган 2 ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиши, шунингдек, «Нефтчи» икки ўйинда ҳам ғалаба қозона олмаслигига умид қилиши керак бўлади.
Ушбу икки ўйинда 4 очко, яъни ғалаба ва дуранг ҳам назарий жиҳатдан «Насаф»ни чемпион қилиши мумкин, лекин бунинг учун «Нефтчи» иккала ўйинда ҳам мағлубиятга учраши шарт бўлиб қолади. Бунга эса ишониш қийин.
Бугун «Пахтакор»га қарши ўйинда мағлубият эса қаршиликларнинг чемпионлик учун имкониятини бутунлай йўққа чиқаради. Чунки «Нефтчи» билан уч очколик масофа сақланиб қолса, сўнгги турда етиб олиш имкони бўлмайди. Тошкентдаги мағлубият «Насаф»ни 29-тур якунлари бўйича ҳатто 4-ўринга тушириб юбориши мумкин.
«ДИНАМО»
«Динамо»нинг кейинги ўйинлари:
29-тур. «Динамо» – «Қўқон 1912» (21 ноябр)
30-тур. «Насаф» – «Динамо» (30 ноябр)
«Динамо» тўрт пешқадам орасида чемпионлик учун энг кам имкониятга эга бўлган клубдир, лекин назарий томондан самарқандликларда ҳам имкон сақланиб қолган. «Динамо» қолган икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қиладиган бўлса, очколари сони 62 тага етади. Айни пайтда «Нефтчи»да 61 очко бор. Фарғоналиклар умуман очко олишмаса, «Динамо» уларни қувиб ўтади. Очколар сони тенг бўлиб қолиши яна «Нефтчи»нинг устунлигини таъминлайди. Сабаби, «Нефтчи» «Динамо» билан ўзаро ўйинларда ҳам яхшироқ натижага эга: ҳар икки ўйинда ғалаба қозонган (2:0 ва 2:1).
Қолган турларда 100 фоизлик натижа қайд этадиган бўлса, чемпионлик йўлида «Динамо»га «Нефтчи»дан бошқа тўсиқ бўлмайди. Биринчидан, айни пайтда «Пахтакор» билан тенг очко тўплаган бўлса-да, ўзаро ўйинларда устунликка эга (1:0, 1:1). Иккинчидан, агар икки ўйинни ютадиган бўлса, «Насаф»ни ҳам қувиб ўтади, чунки сўнгги турдаги ўйин айнан «Насаф»га қарши кечади. Демак, «Динамо» ўз ўйинларини ютса, камида 2-ўринни ўзиники қилади.
«ПАХТАКОР»
Тошкент жамоаси сўнгги турларда қуйидаги рақибларга қарши майдонга тушади:
29-тур. «Пахтакор» – «Насаф» (20 ноябр)
30-тур. «Навбаҳор» – «Пахтакор» (29 ноябр)
«Пахтакор» бугун «Насаф» устидан ғалаба қозонадиган бўлса, очколари сонини 59 тага етказиб олади. Пойтахт жамоаси чемпион бўлиши учун қолган икки ўйинни ҳам ўз фойдасига ҳал қилиши ва «Нефтчи» қолган икки ўйинда 1 очкодан кўп олмаслигига умид қилиши керак бўлади. Икки ғалаба билан «Пахтакор» очколари сонини 62 тага етказади. Аммо фарқ шундаки, «Пахтакор»да «Нефтчи» билан ўзаро ўйинларда устунлик бор. Юқорида айтилганидек, «Пахтакор» ҳар икки ўйинда ҳам «Нефтчи» устидан ғалаба қозонишни уддалаган.
Яна бир қизиқ ҳолат. Назарий жиҳатдан биратўла уч жамоада 62 тадан очко бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам бор. Агар «Пахтакор» ва «Динамо» ўз ўйинларида ютса, ўз навбатида, «Нефтчи» қолган икки ўйинда атиги бир очко оладиган бўлса, мана шу учлик тенг очко билан учҳокимлик ҳосил қилади.
Қизиғи, «Пахтакор» «Нефтчи»дан, «Нефчи» «Динамо»дан, «Динамо» эса «Пахтакор»дан ўзаро ўйинларда устунликка эга. Бу қайсидир жиҳатдан ўзимизнинг «қайчи, қоғоз, қудуқ» ўйинидаги ҳолатни ёдга солиб юборади. У ҳолда нима бўлади?
Шундай вазият юзага келиб қолса, мана шу уч жамоанинг ўзаро ўйинлари бўйича умумий жадвал шакллантирилади. «Нефтчи» «Пахтакор» ва «Динамо»га қарши ўйинларда жами 6 очко олган. «Динамо» эса «Пахтакор» ва «Нефтчи»га қарши 4 ўйинда 4 очкога эга. «Пахтакор» эса 7 очко тўплашга муваффақ бўлган. Ўз ўзидан улоқни «Пахтакор» олиб кетади.
Ўзбекистоннинг энг биринчи миллий чемпионатида ҳам «Пахтакор» ва «Нефтчи»нинг якуний очколари сони тенг бўлиб қолганди. Ўшанда «Нефтчи» ўзаро ўйинларда тошкентликларни икки марта мағлубиятга учратган, «Пахтакор»нинг эса тўплар нисбати яхшироқ бўлган. У пайтларда аввалдан келишиб қўйилмаганми, регламент бундай ҳолатларни назарда тутмаганми, хуллас, қўшчемпионлик эълон қилиниб, ҳар икки жамоа футболчиларига олтин медаллар топширилганди.
Мавзуга оид
15:12 / 28.03.2026
Ўзбекистонда футболчилар даромад солиғидан озод этилди
18:46 / 25.03.2026
Суперлига клубларига марказлашган тарзда 35 миллиард сўмдан ажратилиши кутилмоқда
11:41 / 21.03.2026
Суперлига. «Нефтчи» йўқотишсиз бормоқда, «Бухоро» пешқадамни қувяпти
13:12 / 16.03.2026