Ўзбекистон | 18:01 / 02.02.2026
2870
2 дақиқада ўқилади

«Лайк» тўплаш мақсадида қилинган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин

Шунингдек, интернет тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этиш режа қилинмоқда.

Фото: Shutterstock

Ижтимоий тармоқларда «Лайк» тўплаш, обуначиларни кўпайтириш мақсадида турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларни содир этиб, уни тасвирга туширган ҳолда интернетда тарқатиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бундай ҳуқуқбузарликларни, белгиланган тартиб-қоидаларни менсимасликни тарғиб этганлик учун жарималар белгиланмоқда, деб хабар берди ЎзА.

Қайд қилинишича, бу борадаги нормалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳасида белгилаб қўйилади. Мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида қизғин муҳокама қилинган.

Хабарда «Лайк» тўплаш учун ҳуқуқбузарлик содир қилинганда қандай жазо қўлланишига аниқлик киритилмаган.

Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар ва ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар, жумладан, телекоммуникация ҳамда Интернет тармоқларида уятли сўзлар билан сўкиниш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Таъкидланишича, лойиҳа фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган.

Хабарда бундай ҳуқуқбузарлик содир қилинганда қандай жазо қўлланишига аниқлик киритилмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид