Спорт | 17:16 / 22.01.2026
12995
8 дақиқада ўқилади

«Барса» ва «Сити» ўтиш ўйинларига қоладими? ЕЧЛнинг сўнгги тури арафасидаги вазият

Сўнгги турда мухлисларни шиддатли тўқнашувлар кутмоқда. Лекин гранд жамоаларнинг ҳаммаси ҳам 1/8 финалга тўғридан тўғри чиқа олмайди.

Чемпионлар лигасининг умумий гуруҳ босқичидаги саккиз турдан еттитаси ўтиб бўлди. Клублар гуруҳ босқичида яна биттадан ўйин ўтказиши керак. Якуний ўйин кунидаги барча учрашувлар бир вақтга, 28 январга белгиланган.

Сўнгги тур арафасида интрига – етарлича. Қуйида шу ҳақда.

Регламент

Ўтган мавсумдан Чемпионлар лигаси формати янгиланганди:

  • 1/8 финалга умумий гуруҳ босқичидан фақат саккиз жамоа тўғридан тўғри йўл олади;
  • 9-24-ўринларни эгаллаган жамоалар плей-оффнинг қўшимча раундига – ўтиш ўйинларига ўтади;
  • умумий гуруҳда эгалланган ўринлар жамоаларнинг плей-оффда сараланишига таъсир кўрсатади. Ўтиш босқичида 9 ва 10-ўринлар билан чиққан жамоалар 23 ва 24-ўринларни эгаллаган жамоаларга қарши, 11-12 – 21-22 билан, 13-14 – 19-20 билан, 15-16 – 17-18 билан ўйнайди;
  • ўтиш раундида жамоалар иккитадан ўйин ўтказади – уйда ва сафарда. Сараланган клублар (9 дан 16-ўрингача) жавоб баҳсларини ўз майдонида ўтказади;
  • ўтиш ўйинларида бир мамлакат вакиллари тўқнаш келишига чеклов йўқ;
  • ўтиш ўйинлари ва 1/8 финалдан олдин қуръа ўтказилади;
  • топ-24 га кира олмаган жамоалар еврокубокларни тарк этади.

Очколар тенг келиб қолганда ким юқорида бўлади?

Агар икки (ва ундан ортиқ) клублар бир хилда очко тўпласа, уларнинг позициялари қуйидаги кўрсаткичларга қараб белгиланади:

  • Тўплар нисбати
  • Урилган голлар сони
  • Сафардаги голлар сони
  • Ғалабалар сони
  • Сафардаги ғалабалар сони
  • Рақиблар ишлаган очколар сони*
  • Рақибларнинг тўплар нисбати*
  • Рақиблар урган голлар сони*
  • Интизомий баллар (сариқ ва қизил карточкалар)
  • Клуб коэффициенти

* Жамоаларнинг гуруҳ босқичидаги барча саккиз рақибининг кўрсаткичлари ҳисобга олинади. Кимнинг рақиблари яхшироқ иштирок этган (кўпроқ очко ишлаган, тўплар нисбати яхшироқ ва ҳоказо) бўлса, ўша клуб турнир жадвалида юқорироқ жойлашади.

Сўнгги тур олдидан ЕЧЛ турнир жадвалидаги вазият

Якуний ўйин олдидан Чемпионлар лигаси иштирокчилари умумий жадвалда қуйидагича жойлашган:

Фақат «Арсенал»да йўқотиш йўқ

Еттинчи тур ўйинларидан кейин фақат «Арсенал» ва «Бавария» 1/8 финал йўлланмасини кафолатлаган. Бу икки жамоада сўнгги тур олдидан амалда мотивация қолмаган. Лондонликлар максимал очко жамғаришган (21), «Бавария»да уч очко камроқ, аммо ҳамон назарий жиҳатдан биринчи ўринга чиқиш имкониятига эга (агар «Арсенал» ўз уйида «Қайрат»га йирик ҳисобда ютқазса ва «Бавария» сафарда «ПСВ» устидан керакли ҳисобда ғалабага эришса).

Лондонликлар эса идеал натижа қайд этишга уриниб кўриши мумкин – саккиз ўйинда саккиз ғалаба!

«Реал» ва «Ливерпул»да 15 тадан очко бор, аммо тўққизинчи ўрин билан орадаги фарқ атиги икки очкони ташкил этмоқда. Сўнгги турда инглизлар ўз уйида «Қорабоғ»ни қабул қилади, мадридликларни «Бенфика» майдонига сафар кутмоқда. Бу икки гранд жамоа 1/8 финалдан четда қолиши даргумон.

Кейинги жамоаларда эса вазият аниқ эмас. «Тоттенҳэм» 14 очкоси билан бешинчи ўринда жойлашган, аммо олдинда – қандай ўйнашини олдиндан тахмин қилиш қийин бўлган «Айнтрахт»га қарши Франкфурт сафари кутмоқда. Агар лондонликлар бу ўйинда ютқазадиган бўлса, 1/8 финалга йўлланма берувчи ўринларни тарк этитши мумкин. Кейинги саккиз (!) клубда 13 очко бор («ПСЖ», «Нюкасл», «Челси», «Барселона», «Спортинг», «Манчестер Сити», «Атлетико» ва «Аталанта»). Улардан бир нечтаси ўтиш босқичида қўшимча иккита ўйин ўтказишига тўғри келади. Ва «Барса»/«Челси»/«ПСЖ»/«Сити» каби жамоалардан камида биттаси шундай омадсизлар қаторида бўлиши мумкин.

«Интер» ва «Ювентус» (12 тадан очко) бу гуруҳни таъқиб этмоқда. Юқорида номлари келтирилган 15 клубнинг барчаси плей-оффдаги иштирокини кафолатлаган.

Шу билан бирга, «Барселона» ва «Сити» мухлисларида оптимизм учун сабаблар ҳам етарли. 8-турда уларнинг севимли жамоалари мос равишда уйда «Копенҳаген» ва «Галатасарой»ни қабул қилади. «Челси» ва «ПСЖ»ни эса «Наполи» ва «Нюкасл»га қарши қийин баҳслар кутмоқда. Айниқса, лондонликларнинг вазияти қийинроқ – жамоа сўнгги турни Неаполда ўтказишига тўғри келади. «ПСЖ» сўнгги турда «Нюкасл» билан ўйнаши инобатга олинса, топ-8 да ўзгаришлар бўлиши кафолатланган.

Топ-24’дан ташқарида номдор клублар ҳам бор: «Наполи» (8), «Бенфика» (6), «Аякс» (6). Лиссабонликлар ва амстердамликларда евромавсумни қутқариб қолиш имконияти жуда паст – улар плей-оффга йўлланма берувчи сўнгги ўриндан икки очколик фарқ билан ортда.

Тўрт жамоа баҳорда еврокубок ўйинларида қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлиб улгурган: «Айнтрахт» (4), «Славия» (3), «Вилярреал» (1) ва «Қайрат» (1).

Ўтиш босқичидаги эҳтимолий саватчалар

Агар умумий гуруҳ босқичи ҳозирнинг ўзида якунланган бўлганида, ўтиш босқичи сеткаси қуйидаги кўринишда бўлган бўларди (эслатма: жуфтликлардаги муайян рақиблар қуръа орқали аниқланади):

«Барселона» ёки «Спортинг» «Атлетик» ёки «Олимпиакос»га қарши;

«Манчестер Сити» ёки «Атлетико» «Монако» ёки «ПСВ»га қарши;

«Аталанта» ёки «Интер» «Марсел» ёки «Байер»га қарши;

«Ювентус» ёки «Боруссия» «Галатасарой» ёки «Қорабоғ»га қарши;

Сўнгги тур тақвими

ЕЧЛ умумий гуруҳ босқичи 8-туридаги барча 18 ўйин 28 январ куни ўтказилади. Ўйинлар Тошкент вақти билан пайшанбага ўтар кечаси 01:00 да старт олади.

«Аякс» – «Олимпиакос»

«Арсенал» – «Қайрат»

«Атлетик» – «Спортинг»

«Атлетико» – «Будё-Глимт»

«Барселона» – «Копенҳаген»

«Байер» – «Вилярреал»

«Бенфика» – «Реал»

«Брюгге» – «Марсел»

«Боруссия» Д – «Интер»

«Айнтрахт» Ф – «Тоттенҳэм»

«Ливерпул» – «Қорабоғ»

«Манчестер Сити» – «Галатасарой»

«Монако» – «Ювентус»

«Наполи» – «Челси»

«Пафос» – «Славия»

«ПСЖ» – «Нюкасл»

«ПСВ» – «Бавария»

«Юнион» – «Аталанта»

Плей-оффдаги асосий саналар

Ўтиш босқичи қуръаси: 30 январ
Ўтиш босқичи: биринчи ўйинлар – 17-18 феврал, жавоб ўйинлари – 24-25 феврал
1/8, 1/4 ва яримфинал қуръаси: 27 феврал
1/8 финал: биринчи ўйинлар – 10-11 март, жавоб ўйинлари – 17-18 март
1/4 финал: биринчи ўйинлар – 7-8 апрел, жавоб ўйинлари – 14-15 апрел.
Яримфинал: биринчи ўйинлар – 28-29 апрел, жавоб ўйинлари – 5-6 май.
Финал: 30 май. Будапешт.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид