Ўзбекистон | 21:09 / 25.02.2019
40595
2 дақиқада ўқилади

Хоразм вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича янги ўринбосари лавозимга тайинланди. Вилоят матбуот хизмати хабар беришича, Курьязов Адилбек Жуманиязович вилоят ҳокимининг ўринбосари вазифасини бажарувчи сифатида иш бошлаган.

«Хоразм вилояти ҳокимининг 2019 йил 21 февралдаги 104қ-сонли қарори билан Курьязов Адилбек Жуманиязович вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди», дейилади хабарда.

Бунга қадар у «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси архитектура қурилиш бўлими лойиҳа бош архитектори лавозимида ишлаб келган.

Адилбек Курьязов 1969 йили Янгиариқ туманида туғилган, 2000 йилда Тошкент архитектура қурилиш институтини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида 1999 йилда «Ташгипрогор» лойиҳа институти архитектори, 2011 йилда «ТошуйжойЛИТИ» лойиҳа ва илмий тадқиқот институти бош меъмори - бошқарув раисининг биринчи ўринбосари, 2015 йилда «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонаси архитектура-қурилиш бўлими лойиҳа бош архитектори лавозимларида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг декабрида президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифидан кейин Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Абдуллаев Урганч шаҳрига ҳоким этиб тайинланганди. Шундан бери вилоят ҳокими ўринбосари лавозими вакант қолаётганди.

Мавзуга оид