Ўзбекистон | 10:40 / 04.12.2025
2202
1 дақиқада ўқилади

Мактаб ва боғчалар қурилишини молиялаштириш маҳаллий бюджетларга ўтказилади

2026 йилдан академик лицейлар, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаблар қурилиши, реконструкцияси ва капитал таъмири учун харажатлар республикa даражасидан маҳаллий бюджетлар ихтиёрига ўтказилади. Бу мақсадда маҳаллий бюджетларга 19,7 трлн сўм бюджетлараро трансфертлар йўналтирилиши режалаштирилган.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, 2026 йилдан бошлаб академик лицейларни сақлаш, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, ихтисослаштирилган мактаблар объектларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва мукаммал таъмирлаш харажатлари энди Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар бюджетлари ва Тошкент шаҳар бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Шу муносабат билан, республика бюджети параметрларида маҳаллий бюджетларни қўллаб-қувватлаш учун қуйидаги маблағлар ажратилиши прогноз қилинган: 2026 йилда жами 19,7 трлн сўм тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар, шундан 3,6 трлн сўм акциз солиғи тушумлари ҳисобидан йўналтирилади.

Ушбу ўзгаришлар маҳаллий ҳокимият органларининг таълим инфратузилмасини ривожлантиришдаги масъулияти ва мустақиллигини ошириш, мактаб ва боғча қурилиши ҳамда таъмирида ҳудудларнинг эҳтиёж ва устуворликларини инобатга олиш имконини беради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид