Жаҳон | 16:02
1487
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг урушга бир ҳафталик харажати 75 фоиз минтақасининг бюджетидан кўп

РФ ҳокимияти Украинадаги урушга ҳафтасига 259,4 млрд рубл сарфламоқда. The Moscow Times ҳисоб-китобича, бу Россиянинг 62 та минтақасининг йиллик бюджетидан кўпроқ. 2026 йилда ҳарбий харажатлар ҳам худди шу даражада қолади.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

РФ ҳокимияти ҳар ҳафта Украинага қарши урушга Россия минтақалари 75 фоизининг йиллик бюджетидан ҳам кўпроқ маблағ сарфламоқда. Бундай ҳисоб-китобларни The Moscow Times нашри 24 декабр, чоршанба куни РФ Молия вазирлиги маълумотларига таянилган ҳолда эълон қилди.

Ушбу маълумотларга кўра, 2025 йилда Россиянинг ҳарбий харажатлари 13,5 трлн рублни, яъни ҳафтасига 259,4 млрд рублни ташкил этган. Кириб келаётган (келаси) йилда бу кўрсаткич ҳафтасига 248,7 млрд рубл даражасида бўлиши кутилмоқда. 2024 йилда у 205,8 млрд рубл бўлган, ундан олдин эса 100 млрд рублдан кам эди.

Шу тариқа, 2025 ва 2026 йилларда армияга кетадиган ҳафталик харажатлар РФнинг 62 та минтақаси йиллик бюджетидан катта. Жами Россияда, эгаллаб олинган Украина вилоятларини ҳисобга олмаганда, 83 та минтақа бор.

Урушга кетадиган ҳафталик харажатлардан юқори йиллик бюджетга эга бўлган 21 та минтақа рўйхатида: Москва (йилига 6,38 трлн), Санкт-Петербург (1,65 трлн), Москва вилояти (1,37 трлн) келтирилган. Кейинги ўринларда Татаристон, Свердловск ва Челябинск вилоятлари, Красноярск ўлкаси, ХМАО ва ЯНАО, шунингдек Краснодар ўлкаси ва Ростов вилояти тилга олинади.

Энг кам таъминланган (энг кам бюджетли) минтақалар — Қалмиқистон, Ненец автоном округа ва Яҳудийлар автоном вилояти. Уларнинг йиллик бюджетлари РФ ҳокимияти Украинадаги урушга бир кунда сарфлайдиган маблағдан ҳам кам.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид