Ўзбекистон | 19:25 / 20.08.2020
37005
4 дақиқада ўқилади

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун янгиланмоқда. Қандай ўзгаришлар бор?

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: KUN.UZ

Унга кўра, амалдаги қонуннинг 14-моддасидаги, фуқароларнинг (диний ташкилотлар хизматчиларидан ташқари) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги банд чиқариб ташланиши кутилмоқда.

Ҳукумат ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида кўзда тутилган янгиликларни санаб ўтди.

– диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилди;

– виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари белгиланди;

– виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди;

– ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланди;

– диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар таъминланишининг кафолатлари, шу жумладан юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилди;

– диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди;

– диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқариб ташланди;

– давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилди, унга кўра қуйидагилар белгиланди:

  • рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштироки бекор қилинди;
  • диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди;
  • диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди;
  • маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 нафардан 50 нафаргача қисқартирилди;
  • рўйхатга олиш органи томонидан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бир ойлик муддат белгиланди.

– диний ташкилотни рўйхатга олиш учун рад этилиши мумкин бўлган асосларнинг тўлиқ рўйхати аниқланди;

– рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташланди;

– қонун талабларини қўпол равишда бузган тақдирда, диний ташкилот фаолиятини олти ойгача суд орқали тўхтатиб қўйиш институти жорий этилди.

Бундан ташқари, Қонун лойиҳасида жамоат тартибини сақлаш, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ахлоқи, ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш мақсадида диний соҳани давлат идоралари томонидан тартибга солиниши лозим бўлган сабаблар тушунтирилган қуйидаги қоидалар ўз аксини топган:

  • ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасида жамиятда динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш бўйича муносабатларни тартибга солиш;
  • дин давлатдан ажратилганлиги принципи давлат органлари ва диний ташкилотлар томонидан бир-бирларининг ишларига ўзаро аралашмаслик шаклида белгиланди, шунинг учун давлат диний ташкилотларга бирон-бир давлат вазифаларини бажаришни юкламайди. Шу билан бирга, давлат конфессияларнинг тинч-тотувликда яшашига кафил бўлади;
  • диний соҳани тартибга солувчи давлат идораларининг ваколатлари аниқлаб берилди;
  • жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни бузишга кўмаклашувчи миссионерлик ва прозелитизмнинг ҳар қандай кўринишларини чеклаш белгиланди;
  • диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасидан ўтказишдан асосий мақсад қилиб жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорловчи ғояларнинг олдини олиш белгиланган.

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларни demokratkom@parliament.gov.uz манзилига йўллаш мумкин.

Мавзуга оид