Жаҳон | 11:42 / 28.03.2018
27006
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун Тошкент декларацияси қабул қилинди

Фото: KUN.UZ

26-27 март кунлари Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари «Тошкент декларацияси»ни қабул қилиб, Афғонистон масаласини ҳал қилишда баҳамжиҳат ҳаракат қилишни таъкидлади. Шунингдек, декларация матнида «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам Афғонистонда юз бераётган сиёсий жараёнларда легитим иштирокчи сифатида қатнашиши эътироф этилди. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, анжуманда иштирок этган барча давлатлар БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг, жумладан, 2018 йил 19 январь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича мажлисидан сўнг Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасида шакллантирилган янги шерикликка доир резолюциялари ва қарорларини қўллаб-қувватлашини қатъий билдирган.

«Миллий Бирдамлик ҳукуматининг толиблар билан кенг кўламли тинчлик келишувига эришиш бўйича пировард мақсад йўлида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймаслик асосида «Толибон»​ билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётган таклифини қатъий қўллаб-қувватлашимизни таъкидлаймиз ҳамда «Толибон»​ни Афғонистон раҳбарияти ва ушбу мамлакат халқининг ўз саъй-ҳаракатлари билан ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ амалга оширилаётган тинчлик ўрнатиш жараёнига доир ушбу таклифни қабул қилишга чақирамиз»​, дейилади декларация матнида.

Иштирокчилар Афғонистон ҳукумати ва «Толибон»нинг муросасоз вакиллари ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан-тўғри тинчлик музокараларини ўтказиш зарурати мавжудлигини қайд этиб ўтган.

Марказий Осиё, Россия ва АҚШ Афғонистонни беқарорлаштириш ва можарони узайтиришга олиб келувчи «Толибон» ва ИШИДга ҳар қандай молиявий, моддий кўмак ёки қурол-яроғ тақдим этилишига қатъий қаршилигини билдирган.

Мавзуга оид