Давлат ғаллани бозор нархида сотиб оладиган бўлди. Бунинг муҳимлиги нимада?
1 июндан бошлаб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилади. Бу ислоҳот иқтисодчиларнинг олқишига, ғалла етиштирувчи фермерларнинг қувончига сабаб бўлди. Бошқа томондан, қолипли нон (“буханка”) нархи масаласи ўртага чиқди. Kun.uz мухбири мавзу юзасидан саволларга Молия вазирлиги департамент раҳбари Тўлқин Мирзаевдан жавоб олди.
— Тўлқин ака, дастлаб ғалла ислоҳотининг энг асосий жиҳатлари ҳақида гапирсангиз. Нега у шу пайтгача кечиктириб келинган? Фермерлар бошига солинган қийинчиликларни бугун қандайдир шаклда компенсация қилиш ҳақида ҳам ўйланяптими?
— Ислоҳот кечиктирилмаган. Бу борада ҳукумат ҳаракатларни 2018-19-йилларда бошлаган эди. Масалан, пандемияга қадар биз қолипли нон ва уннинг нархини биржага – эркин савдога чиқариб, ҳатто буғдойнинг нархини ҳам эркинлаштирган эдик.
Ўша пайтларда баъзи фермерлар бизга қўнғироқ қилиб: “Корхонага дон олиб келдим, лекин улар олишдан бош тортишяпти”, деган саволларни ҳам қўйганди. Нега? Чунки ўша пайтда бозор эркинлаштирилиб, буғдойга эркин бозор нархи қўйилганди. Фермер бунда ғаллани давлатга топширади ва икки кунда пулини олади. Бозорда эса уни 10 кун, 1 ой ёки икки ойда сотади.
2020 йилда эса бизга пандемия кириб келди. Пандемия илк кириб келган пайтда унинг иқтисодиётга, аҳолининг ижтимоий ҳолатига олиб келадиган зарарини баҳолаб бўлмасди.
Масалан, ҳамма эслайди, ўша пайтларда кўчаларда ҳаттоки машиналар ҳаракати ҳам тўхтаб қолганди. Бундай пайтда аҳолини ун ва нон билан таъминлаш учун реформани вақтинча тўхтатиб тургандик.
Бунда, шунингдек, вазиятдан кимлардир ўз қинғир мақсадлари йўлида фойдаланмасин, деган мақсадлар ҳам кўзланганди.
Бу чора пандемия бошида – 3-4 ой давомида ўз самарасини берди. Аммо карантин қоидалари юмшатилар экан, унинг самараси ҳам тушиб бошлади. Чунки бу бозор ва уни тўла бошқаролмайсиз.
Вақт ва бозор кўрсатяптики, биз чекловлар билан бир томондан фермернинг даромадини камайтириб, уни қийин аҳволга тушириб қўйяпмиз. Иккинчи томондан эса аҳолига нон ва ун маҳсулотлари барибир давлат ўйлаган нархда етиб бормаяпти.
Ҳеч кимга сир эмас, халқ тилида “буханка” дейиладиган қолипли нонни Тошкент шаҳридан ташқарида, масалан, Чиноз ёки Янгийўлда 1 минг 600 сўмдан тополмайсиз. Бу нон вилоятларда ҳақиқий бозор нархида сотиляпти.
Шу маънода, бу ислоҳотнинг тўхтаб туришига маълум маънода пандемия сабаб бўлди.
— Давлатнинг фермерлар олдидаги маънавий қаздорлиги масаласи-чи?
—Биз ўтган йили буғдойнинг 1 тоннасини фермерлардан 1 млн 650 минг сўмдан олгандик, аммо уларнинг молиявий аҳволи ёмонлашганини кўриб, йил охирида тоннасига яна 350 мингдан компенсация тўлаб бердик. Бу биринчи қадам бўлди.
Бу йилдан эса фермерлар буғдойни биржада тўлиқ бозор нархида сотади. Бу дегани энди уларнинг эркинлиги тўлиқ таъминланади.
— Ўтган йили фермерларга буғдойнинг бир килограмми учун 1 500 – 1 600 сўмдан тўланган. Бу йилги ўзгаришдан кейин ички бозорда нон маҳсулотлари нархида қандай ўзгаришлар кузатилади?
— Ҳақиқатан ҳам, биз бу йил буғдой нархининг ўтган йилга қараганда 2 баробар ошишини кутяпмиз. Бу деганики, бошқа нархларда ҳам ўзгариш кузатилади. Лекин мутахассисларимизга кўра, бунинг натижаси фақат Тошкент шаҳрида сезилиши мумкин. Чунки бугун қолипли нон 1 600 сўмдан фақат Тошкент шаҳрида сотиляпти. Бошқа ҳудудларда унинг нархи 1 800 сўмдан 2 900 сўмгача.
Бу нархлар ўша ерда нон ишлаб чиқараётган корхонанинг технологик имконияти ва бозордаги талабга қараб белгиланмоқда. Агар истеъмолчи маҳсулотни бу нархда олмаса, ишлаб чиқарувчи ҳам сотолмайди. Тошкент шаҳрида эса бу нонга талаб катта. Шунинг учун ҳам нархлар шундай сақланиб қоляпти.
Аммо яна шуни қўшимча қилиш керакки, биз бу ўзгаришларни бугун ё эртага кутмаяпмиз. Ҳали қачонки, биз буғдойни июн ойидан бошлаб биржада сотишни бошласак, ундан кейин нархлар маълум бўлади. Бунда нархларнинг аниқ қандай ўзгаришини айтиш қийин. Ҳаммасини тадбиркорлар ўртасидаги рақобат, талаб ва таклиф белгилайди.
Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Мирвоҳид Мирраҳимов.
Мавзуга оид
21:20 / 19.11.2024
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги узоқ кутилган қонун имзоланди. Соҳада нима ўзгаради?
16:04 / 01.11.2024
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди
10:38 / 13.10.2024
Фарғонада кредит ажратиш эвазига фермердан пул олган банк филиали менежери аниқланди
13:41 / 02.10.2024