Иқтисодиёт | 18:49 / 02.03.2026
6546
2 дақиқада ўқилади

Тахиатош ИЭС давлат ихтиёрига қайтарилади

Икки ярим йил олдин “Smart Integrity ME” МЧЖга ишончли бошқарувга берилган Тахиатош иссиқлик электр станцияси бир ой ичида давлат ихтиёрига қайтарилади. Ишончли бошқарувнинг нима учун бекор қилинганига расмий изоҳ берилмаган.

“Smart Integrity ME” МЧЖга ишончли бошқарувга берилган Тахиатош иссиқлик электр станцияси бир ой муддатда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ таркибига қайтарилади. Бу ҳақда 25 февралдаги «Давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида кўзда тутилган.

Маълумот учун, Тахиатош ИЭС Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминловчи минтақадаги энг йирик энергетика корхоналаридан биридир. Станция 2023 йил 18 сентябрда тузилган шартнома асосида “Smart Integrity ME” МЧЖга ишончли бошқарувга берилганди

Тахиатош ИЭС соф фойдаси 2021 йилда 382,9 млрд сўмни, 2022 йилда 56,6 млрд сўмни, 2023 йилда эса 4,37 млрд сўмни ташкил қилган. 2024 йил учун молиявий ҳисобот эълон қилинмаган.

Очиқ манбаларда тақдим этилган маълумотларга кўра, “Smart Integrity ME” МЧЖ 2023 йил 6 январда рўйхатдан ўтган. Компаниянинг ягона таъсисчиси — New Industrial Technologies. Ушбу ташкилот аввалроқ Paynet тўлов ташкилоти ҳамда Humo тўлов тизимини сотиб олганди. Шунингдек, Деҳқонобод калий заводини Asian Chemical Group’да ҳам 49 фоиз улушга эга.

Тахиатош ИEС нима учун ишончли бошқарувдан қайтариб олинаётганига қўшимча изоҳ берилмаган. Бундан ташқари, ушбу тузилма ишончли бошқарувида бўлган Тошкент ва Навоий иссиқлик электр станцияларининг айни пайтдаги эгалик ҳуқуқи кимга тегишли эканлиги ҳам номаълум бўлиб қоляпти.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда ишончли бошқарувга берилган Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСлари ҳам давлат ихтиёрига қайтарилганди. Бунга станцияларнинг 3 йил ичида 1,5 трлн сўм зарар кўргани сабаб бўлганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид