Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Давлат ҳар бир боланинг мактабга бемалол бориб-келиши, кўчада қўрқмасдан ўйнаши учун шароит яратиши лозим” – акс садо
Тошкентда вояга етмаган қизнинг аввал зўрланиб, сўнг ўлдириб кетилиши атрофидаги муҳокамалар бир неча кундирки давом этмоқда. Фаоллар бу ҳодисадан тегишли сабоқ чиқариш шартлиги, фожиага кўп йиллардан бери эътиборсиз қолаётган кўплаб муаммолар сабаб бўлганини таъкидлашган.
Фото: Kun.uz
Kun.uz воқеага муносабат билдирган фаоллар фикрини жамлади.
“Бир гуруҳ фаоллар масъулиятни ота-оналар зиммасига юклади”
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев телеграм-каналида Муслима йўқолиб қолган кўчадаги видеокамералар мунтазам ишлаганда қизнинг ҳаётини сақлаб қолиш эҳтимоли ҳақида ёзаркан, бу масала биргина камера ўрнатиш билан ечилмаслигини таъкидлаган.
“Янгиҳаётда 12 ёшли ўқувчи қиз йўқолиб қолиб, сўнг уйи олдидан мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалган вақтда маълумотлар, ҳар доимгидек, ўлда-жўлда эди. Қўлга олинган гумонланувчи ҳақида билганимиз — у ёзда марҳума яшаган уйда мардикорлик қилгани эди. Бор-йўқ тафсилот шу. Бошида аксарият муносабатлар ҳам шу икки қатор ахборотга таяниб билдирилди.
Бир гуруҳ фаоллар масъулиятни ота-оналар зиммасига юклади — ота-оналар болаларини кўпроқ назорат қилиши кераклиги, иложи бўлса, мактабга ҳам ўзи олиб бориб, ўзи олиб қайтиши зарурлиги ҳақида гапирди. Бошқа бир гуруҳ эса болаларнинг ўзига бегоналар билан иложи борича мулоқот қилмасликни ўргатиш, бегоналар билан ҳеч қаерга бормасликни тушунтириш кераклигини айтди.
Қизнинг онаси ва бувисидан олинган интервьюни кўрган ё ўқигандирсиз. Ҳа, бу фақат битта, бўлганда ҳам жабрланувчи томоннинг гаплари. Лекин унда юқоридаги муносабатларнинг кўпини рад этадиган тафсилотлар бор: қиз одобли, кўчада кеч қолмайди, шу қадарки, мактабдан қайтиши ярим соатга кечикса ҳам сезилади, чунки у кечикмайди, сабаби — доимий назоратда (ота-она фақат бир ишни қилмаган — 12 ёшли қизини мактабга ўзи олиб бориб, ўзи олиб қайтмаган, холос).
Гумонланувчи қиз яшайдиган уйда шунчаки мардикорлик қилмаган — у амалда қиз яшаган хонадоннинг неча ўн йиллик қўшниси бўлган. Қиз уни аввалдан билган, таниган, бегона эмас. Камига, қизни қидириш вақтида гумонланувчи жабрланувчиларнинг уйига қўшни сифатида бемалол кириб, қидирувни қаерда олиб бориш кераклиги ҳақида маслаҳатлар берган (қидирувда ўзи ҳам қатнашган; салкам Чикатило воқеаси)).
Яъни, одобли, эс-ҳушли, доимий назоратдаги бола ўзи таниган, унинг уйига кириб-чиқиб юрган одам томонидан зўрлаб, ўлдирилмоқда. Ўзбекистонда шунга ўхшаш даҳшатли воқеалар аввал ҳам бўлган, эҳтимол, ҳозир, айни дамда ҳам бўлаётгандир. Бу “Бегоналардан эҳтиёт бўлинг” деган ҳикоя эмас. Бу бошқача, мураккаброқ, болаларга ҳам тушунтириш қийинроқ нарса. Даҳшатлиси, бундай ҳолатларда қўшнининг ўрнида болаларнинг ўз қариндошлари, яқин қариндошлари ҳам бўлиши мумкин.
Қизнинг онаси “қамалиб, амнистияларга тушиб чиққан” гумонланувчи унинг қизини ўлдираётган вақтда маҳалла милицияси дарҳол қидирувни бошлаш ўрнига “қанақа оиласизлар?” деб қоғоз тўлдириб ўтирганидан нолиган. Қиз йўқолиб қолган кўчанинг бошида видеокамера бўлса, у мунтазам ишласа, ундаги ёзувларни идорада кўриш мумкин бўлса эди, эҳтимол, қизни ярим тунга қадар излашмас, эҳтимол, унинг ҳаётини сақлаб қолиш ҳам мумкин бўларди. Лекин бу масала биргина камера ўрнатиш билан ечилмайди”.
“Жиноятчи умрбод қамалиши керак”
“Замбаракнинг ўқи” Telegram-канали муаллифи 2016 йилдан бери Канаданинг Калгари шаҳрида доимий истиқомат қилувчи Фарҳод Файзуллаев Муслиманинг қотилига оғир жазо берилиши билан бир қаторда бундай ишлар яна қайтарилмаслиги учун амалга ошириш керак бўлган ишларга эътибор қаратган.
“12 ёшли қизни ваҳшийларча ўлдирган одамга ҳамма энг қаттиқ жазони тиламоқда. Бу фикрларга мен ҳам қўшиламан. Жиноятчи умрбод қамоққа тиқилиши керак.
Аммо бу – реакция, бўлиб ўтган ишга жазо. Бундай ишлар яна қайтарилмаслиги учун нима қилиш керак? Чироқлар, камералар, патруллар, ва ҳ.к. — буларнинг барчаси керак. Аммо яна бир нарсани унутмайлик — руҳий саломатлик деган нарса ҳам бор.
Бизда одам сал бошқачароқ бўлса, уни дарров тарбияга, характерга йўйишади. “Болалигида эрка қилишган”, “қаттиқ туришмаган” дейишади. Лекин шундай руҳий касалликлар ҳам борки, улар Ўзбекистонда на диагноз қилинади, на даволанади.
Ғарбда руҳий касалликлар, ташқаридан кўринмайдиган руҳий касалликларни аниқлашни йўлга қўйишган. Болалар боғча ва мактаб пайтидан ўқитувчилари томонидан мониторинг қилинади, ота-оналарига вақти-вақти билан сўровномалар юборилади. Агар шу давр мобайнида руҳий ўзгаришлар сезилса, бола дарров педиатр, невропатолог ва бошқа мутахассисларга юборилади.
Айтмоқчиманки, одам фақат тарбияси туфайли жирканч махлуққа айланмайди. Унинг миясида бошқа касалликлар, патологиялар ҳам бўладики, одамни мана шундай ифлос ишларга етаклайди.
Ўзбекистонда бундай жиноятлар қайтарилмаслигини таъминлаш учун тизимли иш олиб борилиши керак. Руҳий касалликларга жиддий қарашимиз керак”.
“Жиноятчини таниб бўлмас экан”
Журналист Саодат Боймирзаева 12 яшар қизнинг қотили уларнинг уйида уста бўлиб ишлаганига эътибор қаратиб, ўзининг уйида ёлланма ишчи бўлиб ишлаб кетган эркак кейинчалик жиноятчи бўлиб чиққанини эслаган.
“Муслима қизнинг ўлими ҳамма қатори қалбимни ларзага солди. Бу жиноятни содир этган одам қиёфасидаги ҳайвон энг олий жазога муносиб. Ифлос қотилнинг қизнинг яқинлари билан биргаликда уни излашда қатнашганидан эса мен ҳайратланмадим…
Чунки бундан 3 йил олдин ҳовлимизда 4 та уста ишлади. Улар орасида бир йигит ҳам бор эди. Бир оз секин ишлашса-да, иши яхши бўлгани, эримнинг талабларига чидай олгани учун усталарга нақ 5 ой сабр қилдик.
Хуллас, улар ишни тугатиб кетишганидан сўнг қарийб 1 йил ўтгач, бир куни оиламиз билан кечки овқатни еб ўтирганимизда телевизорда бир суд лавҳасини кўрсатиб қолишди. Бир йил муқаддам ўзининг шаръий никоҳида бўлган аёлининг 17 ёшли қизини ваҳшийларча ўлдириб, аёлнинг ўз далаҳовлиси подвалига кўмиб қўйган эркакка суд ҳукми ўқилди.
Қизим ва келиним ҳайратланиб, шу билан бирга қўрқув билан “бизникида ишлаган уста” деб қолишди… Кўринишидан уни жиноятчи деб бўлмасди. Демак, мудҳиш жиноятни содир этганидан кўп ўтмасдан у бизникида хотиржам иш бошлаган, ўзини жуда сипо, одобли кўрсата олган, эҳтимол, қилган жиноятининг очилмаслигидан ҳам кўнгли тўқ бўлган…
Турмуш ўртоғим менинг “Сиз қотилни ишлатгандингизми уйимизда?”деган саволимга ғазаб билан: “Пешонасига ёзиб қўйибдимики, мен унинг жиноятчи деб ёзилган тамғасидан танисам, усталар ичида иши унумлиси, энг инсофлиси, камгап, пулига ҳам тортишмайдигани ўша бўлиб кўринган эди” деб жавоб бергандилар.
Демоқчи бўлганим - мудҳиш қотиллик жиноятини содир қила оладиганлар инсоф, одамгарчилик ниқобини тақиб олиб, жамиятда бемалол яшаб юравериши ҳам мумкин экан… Усталарга ҳар куни ош-овқат берган келиним ва қизим ўша “одобли ва инсофли” устани ҳанузгача қўрқинчли туш каби эслашади”.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев “қонунчиликда айбдорни жазолаш чораларини янада кучайтиришни назарда тутувчи ўзгаришлар”ни ишлаб чиқишга, “қонунчиликда белгиланган энг оғир жазо турини белгилаш бўйича ишлаш”га ваъда берган.
“Пойтахтнинг қоқ марказида педофил 12 яшар қизни зўрлаб, хўрлаб ўлдирар экан, ҳурматли Ички ишлари вазирлиги ва бошқа идораларга қатор саволлар пайдо бўляпти менда. Воқеа жамиятимизнинг барча қатламини чуқур тўлқинлантирди, оталар, оналар, боболар, бувилар қайғуга чўмди, юракнинг чуқур қаватларида оғриқли хавотирлар пайдо бўлди. Ўзим ҳам ҳозир шу кайфиятдаман.
Миллатимизга иснод, бир ота-онага бир умрлик ўчмас доғ, аламли изтироб бўлиб қоладиган воқеанинг айбдори кимлар? Қонунчиликда айбдорни жазолаш чораларини янаям кучайтиришни назарда тутувчи ўзгаришлар керакми? Биз бунга киришамиз, қонунчиликда белгиланган энг оғир жазо турини белгилаш бўйича ишлаймиз. Бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкинмас.
Мен фақатгина битта мана шу нормага эътибор қаратиш билан чекланмай, бошқа қонунларимиз, хусусан, таълим-тарбияга оид қонун ва қонуности ҳужжатларни комплекс қайта кўриб чиқиш тарафдориман. Биз болаларимизни бегона, ёвуз ниятли кишилардан эҳтиёт бўлишга ўргатишимиз шарт.
Воқеанинг хронологиясига қаралса, вазият таълим ва тарбияга масъуллар, яъни ота-она ҳамда таълим ташкилоти вакилларига жиддий эътирозлар уйғонади. Биз болага бегона кишилар билан қандай муомала қилишни ўргатишимиз керак. Бу ҳақда уйда, мактабда айтилиши, уқтирилиши керак. Акс ҳолда педофиллар қўлга тушмаслик учун ўз нишонини ўлдиришда, хўрлашда, қийнашда давом этади.
Минг афсус. Марҳума синглимизнинг ота-онасига чин қалбимдан таъзия билдираман.”
“Педофилларга ўлим жазоси тиклансин!”
Журналист Ҳасан Тошхўжаев президентдан Конституцияга ўзгартишлар киритиш жараёнида болаларга жинсий тажовуз ва бошқа шу каби жиноятларни содир этганлар учун ўлим жазосини қайта тиклашни сўраб мурожаат қилган.
“Кеча қизим тенги қизнинг йўқолгани ҳақида ўқиганимда, дастлаб “Ўсмирлар баъзан арзимаган нарсадан аразлаб, уйдан чиқиб кетиши, ўртоғиникига ёки бирон қариндошиникига бориб, икки-уч кун беркиниб ўтириши мумкин, балки шунақа бўлгандир", деган хаёлга боргандим.
Бугун эса ижтимоий тармоқларда тарқалган машъум хабардан қалбим ларзага келди. Инсонийлик қиёфасини йўқотган, нафс ва шаҳват кўзини кўр қилган бир ифлос туфайли ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, келажакка некбинлик билан қараб келган, олам-олам орзулари бўлган бир қизалоқ бугун фоний дунёдан боқийликка риҳлат қилибди.
“Отамлатсанг отамлатгин, зинҳор боламлатмагин”, дейишади. Мен кеча хуш кайфиятда мактабга юборган қизининг таҳқирланган муздек жасадини қучиб йиғлаётган ота-онанинг аҳволини тасаввур қилишга ҳам қўрқаман.
Аллоҳ кўрсатмасин, уларнинг ўрнида бўлганимда, шу ишни қилган газанданинг кўзларини ўйиб олган, оёқ-қўлларини синдирган, кекирдагини тишларим билан ғажиб ташлаган бўлардим...
Истаймизми-йўқми, бундай вазиятда ҳар биримизда чексиз нафрат жунбишга келади. Истаймизми-йўқми, бундай вазиятда ақл бизни тарк этиб, жаҳлнинг, жаҳолатнинг илкига тушамиз...
...Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва тузатиш киритиш жараёнида ўлим жазосини болаларга жинсий тажовуз қилганлик ва бошқа шу каби жиноятларни содир этганлар учун тиклашни сўрайман!
Токи педофиллар ва ҳайвоний истаги қурбонлари қиладиган ишининг оқибатини чуқурроқ ўйлаб кўрсинлар! Ўлим жазосини ҳам маданий ва тамаддуний шаклда эмас, балки аввал қозиққа ўтқазиш, сўнг оёқ-қўлини арқон билан тўртта отга боғлаб, тўрт томонга тортиш билан амалга ошириш тарафдориман!
Қонунларимиз шафқатсиз бўлмас экан, қонундан қўрқмайдиганларнинг шафқатсизлиги ортаверади! Жойинг жаннатда бўлсин, Муслима. Сен тоза деб билган бу дунёнинг ифлосликларга тўлиб кетишига йўл қўйиб берган биз катталарни кечир...”.
“Ким билибди уйи ёнида уни ажал пойлаб турганини?!”
Журналист Ҳулкар Абдуллаева тинч замонда рўй берган мудҳиш воқеадан ларзага тушганини яширмайди.
“У оддий ўқувчи эди. Дугоналарнинг севимли дугонаси. Онажонисининг суюкли фарзанди. Отасининг ҳаёт гултожи. Устозлари учун одобли ўқувчи... У шунчаки уйига ота-онаси бағрига интилаётганди. Кўнглида заррача ғубори йўқ, ҳаёти ҳали олдинда бўлган Муслима...
Ким билибди тинч замонда уни уйи эшиги ёнида ажал пойлаб турганини?.. Ким билибди зулм аҳли унга кўз олайтирганини? Ким билибди унинг қийналиши, азобланиши, ҳаёти даҳшатли якун топишини?
Золимларга ўлим кам! Ҳукмнинг энг олийси кам! Ер ютсин шундай золим махлуқларни!”
“ИИВ фаолияти қайта кўриб чиқилиши, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси тафтиш қилиниши лозим”
Блогер Қобил Хидиров қиздан айирган ушбу ҳодисадан ҳамма хулоса чиқариши кераклиги ҳақида ёзаркан, боланинг хавфсизлигини фақат ота-онанинг бўйнига юклаш «масъулиятсизликдан бошқа нарса эмаслиги»ни таъкидлаган.
“Янгиҳаёт туманида юз берган фожиа ҳаммани ларзага солди. Муштипар оила бошига тушган оғир синовдан ҳаммамиз хулоса чиқаришимиз керак.
Давлат ҳар бир боланинг уйидан мактабга бемалол бориб-келиши, кўчада қўрқмасдан ўйнаши, хавфсиз муҳитда ўсиб-улғайиши учун шарт-шароит яратиши лозим. Боланинг хавфсизлигини ота-онанинг бўйнига юклаш масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас.
Ички ишлар вазирлиги фаолияти қайта кўриб чиқилиши, сиёсий жавобгарлик масаласи кун тартибига чиқиши, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси тафтиш қилиниши лозим”.
“Исмимни айтиб излашаётганда совуқ ва оғир тошларнинг остида эдим”
Журналист Барно Султонова марҳуманинг сўнгги кунларини тасаввур қилади ва унинг тилидан воқеаларни баён қилади.
“Менинг исмим Муслима. Мен 12 ёшдаман. Мен энди ораларингизда йўқман. Мени ўлдиришди. Ўша куни дугонам билан мактабдан келаётгандим. Биз қорнинг кир бўлиб кетаётгани ҳақида гаплашдик. Мазза қилиб қорга тўйганимизни гаплашдик. Дугонамнинг қўлидан ушлаб келдим. Унинг қўллари иссиқ ва юмшоқ эди. Кейин йўл бошида айрилдик.
Орқамда қўшнимиз-амаки келаётган эди. Мени чақирди. Мен у амакини яхши билардим. Уйимизда ёзда ишлаган эди. Мен тўхтадим. Сенга қизиқ нарса кўрсатаман деди. Мен эргашдим. Мен у амаки мени қийнамагунча ёмон амаки қанақа бўлишини билмасдим. Мени бўғаётганда ва ҳатто ўлаётганимда ҳам ўлим нималигини билмасдим. Ҳозир ҳам билмайман ўлим нима? Чунки мен 12 ёшда эдим, бу ҳақда бирон марта ўйламагандим. Мен уяламан ва қўрқаман. Мени шунақа азоблашганидан уяляпман.
Менинг яқинларим исмимни айтиб излашаётганда мен совуқ ва оғир тошларнинг остида эдим, мен ҳаммасини эшитиб ётардим. Улар кеч қолишганди, мен ўлиб бўлгандим. Ҳатто амаки юзимга тош билан ураётганда ҳам ўлиб бўлгандим. Бўлди бошқа урманг, деганимни эшитмади. Ўлганлар гапирмайди деб ўйлаган бўлса керак. Шунда ҳам мени УЯТ ҳисси тарк этмаганди. Қандай кўринаман уларга... Уларга бу ердаман деб айтгим келарди, айтдимам аммо ҳеч ким мени эшитмади. Яна мени излаётган бошқа амакилардан ҳам қўрқиб қолгандим. Мен дугонам мени топишини истардим. Мен негадир фақат унга дардимни айта оламан деб ўйлардим.
Мени топишди. Негадир ҳамма йиғлади. Мени кўтариб олиб кетишди, бир пой этикчам йўқолди, сумкамдан яхши кўрган ручкам ҳам тушиб қолди. Устозим ёдлашга берган яхши инсон ҳақидаги шеърни ҳам ёдлай олмагандим. Менинг кундалигим, дафтарларимга ўша куни уй вазифаси ёзилмади.
Бу ерда ўзимга ўхшаган қизалоқлар жуда кўп. Ана 14 ёшли опача, ана 7 ёшли Наташа, мени етаклаб бошқалар билан таништираётган 4 ёшли Зилола, 6 ёшли Эмма, ўзи қора, сочлари жингалак африкалик 5 ёшли Надиза, биз жуда кўпмиз. Бизни битта бирлаштириб турган нарса бор — биз қизалоқлармиз — биз фариштачалармиз. Ҳаммамизни ёмон амакилар қийнаган, ўғирлаб кетишган, ўлдиришган. Ота-оналаримиз, яқинларимиз бизни яхши кўришарди.
Дугонам йиғлаб кўзлари шишиб кетди. Биламан бизни ҳеч қачон унутишмайди... Менинг исмим Муслима, мен 12 ёшдаман. Мени ёмон амаки зўрлади ва ўлдирди”.
Мавзуга оид
15:24 / 02.04.2026
Самарқанддаги мактабда директор ўринбосари ва ўқувчи ўртасида муштлашув юз берди
21:49 / 18.03.2026
“Шаҳзод -Gold” уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди
18:53 / 11.03.2026
Бекободда 11-синф ўқувчиси ўлдирилди: гумонланувчилар қўшни мактаб ўқувчилари
10:22 / 06.03.2026