Сенатда ИИВдан тергов жараёнларини видеога ёзиб олиниши бўйича ҳисоб сўралди
Бугун, 12 март куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Kun.uz мухбири хабар беришича, йиғилишда сенаторлар томонидан ички ишлар тизимидаги тергов хоналарини видеокузатув мосламалари билан таъминлангани масаласида вазирликдан изоҳ сўралди.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари Ойбек Қулбековнинг айтишича, айни пайтда Тергов департаменти ҳудудий тергов бўлинмаларининг суриштирув ва тергов хоналарига процессуал жараёнларни видеотасвирга олиш имконини берувчи 1309та видеокузатув мосламалари ўрнатилган.
«Бу мосламалардан амалда самарали фойдаланиляпти. Қонунга асосан, видео орқали қайд этиш мажбурий бўлган 7та тергов ҳаракати белгиланган. Ушбу тергов жараёнлари ҳозир тўлиқ видео қайд этиш мосламаларига ёзиб борилмоқда. 2020 йил давомида 15 минг 836та шундай мажбурий тартибда видеотасвирга олинган», – деди Қулбеков.
Вазирлик мулозимига кўра, айни пайтда мажбурий тергов жараёнларидан ташқари ҳам кундалик барча тергов жараёнлари видеотасвирга ёзиб борилмоқда.
«Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишланган дастурга ёзиб олиниб, файл кўринишида сақланади. Кейинчалик улардан жиноят иши доирасида фойдаланамиз. Бундан ташқари, бизда вазир фармойиши асосида терговга қадар текширув жараёнида ўтказиладиган сўровларни видеога қайд этиш мақсадида 484та видео кузатув мосламалари билан таъминланган сўроқ хоналари ташкил этилган. Ушбу сўров хоналарида 2020 йил давомида 36 760та терговга қадар текширув ҳаракатлари ёзиб олиниб, тегишли файлларда сақланмоқда», – деди у.
Ойбек Қулбековнинг қўшимча қилишича, ташкил қилинган бу жараёнлар тизимдаги ходимлар барча тергов жараёнлари видеокузатув остида эканини англаб етишига хизмат қиляпти. Улар турли ноқонуний ҳаракатлар: қийноққа солиш ёки бошқа ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ва қилмишларни содир этишдан сақланяпти.
Йиғилиш давомида Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам мавзу юзасидан фикрларини билдирди.
Унга кўра, қийноққа солиш ёки бошқа ноинсоний хатти-ҳаракатлар умуман кун тартибидан чиқиб кетиши керак. Чунки Ўзбекистон эндиликда Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашининг аъзоси ҳисобланади.
«Демак, энди ўзимиз намуна бўлишимиз керак. Энди бу мавзуда на ОАВда ва на бошқа жойда мисоллар бўлмаслиги керак. Бу каби саволлар бериш ҳам нотўғри бўлиши керак», деди Т.Норбоева.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024