Ўзбекистон | 19:24 / 28.11.2025
13108
11 дақиқада ўқилади

Даври тугаган АИ-80, тадбиркорлар учун кафолат ва “ЗАГС”дан ўтишда қулайлик – 1 декабрдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Даври тугаган АИ-80

2025 йил 1 декабрдан Ўзбекистонда АИ-80 маркали бензин сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилади. Бу давлат раҳбарининг шу йил 18 ноябр куни имзолаган қарор билан тасдиқланган дастурда келтирилган. Ушбу тартиб экология соҳаси бўйича янги чоралар кўриш фонида йўлга қўйилмоқда.

Аслида “Ўзбекнефтгаз” жорий йил 2 сентябрдан эътиборан АИ-80 маркали бензинни биржа савдоларига чиқаришни тўхтатганди. Ўшанда август ойида тадбиркорлар томонидан харид қилинган АИ-80 бензин ҳажмлари мажбурият ва мавжуд қолдиқлар доирасида сентябр ойида ҳам ўз эгаларига етказиб берилиши ҳамда йил охиригача омборлардаги захиралар ҳам тугаши белгиланган. Эндиликда перзидент қарори билан аҳолини сифатли ва экологик тоза ёқилғи билан таъминлаган ҳолда АИ-80 бензинини автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотишни олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилади.

Ҳозир дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган деярли барча автомобиллар юқори октанли ёқилғида ишлашга мўлжалланган. АИ-80 каби паст октанли турлари ёниши натижасида кўп миқдорда углерод оксиди ва ёнмаган углеводородлар каби ифлослантирувчи моддалар ҳосил бўлади. Бу эса аҳоли саломатлигига зарарли. Қолаверса, транспорт чиқиндилари иқлим ўзгаришини ҳам тезлаштирувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли кўплаб мамлакатлар экологик қоидаларни борган сари қаттиқлаштириб бормоқда.

Бутун дунё амалиётида 80 бензини энг сифатсиз бензин ҳисобланади ва мамлакатлар буни тан олиб, муомаладан чиқариб бўлган.

Тадбиркорларга кафолатлар тақдим этилади

Давлат раҳбарининг 2025 йил 26 сентябрдаги фармони билан тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга доир қатор чоралар белгиланган. Ҳужжатга кўра, 2026-2027 йилларда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» томонидан 4 триллион сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш орқали 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан компания томонидан қуйидаги шартларда қўшимча равишда кафолат ёки кафиллик тақдим этилади:

🔸 йирик тадбиркорларга 10 млрд сўмгача, бироқ кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивларнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

🔸 ўрта ва йирик тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва “яшил” иқтисодиёт йўналишидаги йирик лойиҳаларига уларнинг айланмасидан келиб чиқиб, 10 млрд сўмдан ортиқ бўлган миқдорда;

🔸 аввал кафилликдан ижобий фойдаланган ва яхши кредит тарихига эга бўлган тадбиркорларга амалда белгиланган кафиллик миқдорини 1,5 бараваргача оширган ҳолда;

Шунингдек, келгуси йил бошидан олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда рўйхатдан ўтган кичик ва ўрта тадбиркорларга ажратилган кредитларнинг мос равишда 1,5 млрд сўмгача ва 5 млрд сўмгача бўлган қисмини Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкасигача қайта молиялаштириш орқали компенсация тақдим этилиши назарда тутилган.

“ЗАГС”дан ўтишда қулайлик

2025 йил 1 декабрдан бошлаб ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрик натижаларини онлайн тарзда олади. Яъни турмуш қураётганлар анализ жавобларини қоғоз шаклда кўтариб юриши шарт бўлмайди. Бу ҳақда президентнинг тегишли фармонида белгилаб қўйилди.

Қайд этилишича, 2028 йилгача ЯИДХП (my.gov.uz) ва давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган хизматлар сони 900 тага етказилади. Проактив давлат хизматлари сонини эса 53 тага ҳамда композит давлат хизматларини 74 тага етказиш мақсад қилинган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали қуйидагилар бекор қилинади:

  • никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби;
  • никоҳдан суд қарори асосида ажратилганда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини шакллантириш учун ФҲДЁ органлари томонидан суд қарорининг талаб қилиниши;
  • автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасида автомототранспорт воситаси мулкдорининг манзилини кўрсатиш талаби.

Янги тартиб бўйича ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрик натижаларини, мудофаа бўлимлари эса ҳарбий хизматга мажбурларнинг турар жойи ўзгаргани ҳақидаги ҳужжатларни ахборот тизимлари орқали онлайн тарзда олади.

Онлайн сейсмологик платформа ишга тушади

2025 йил 20 октябрда президентнинг “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Унда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини рақамлаштириш, маданий мерос объектлари ва транспорт иншоотларининг сейсмик ҳолатини мониторинг қилиш, қурилиш майдонларидаги грунтларнинг сейсмик хавфини камайтиришга доир қатор чоралар белгиланган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидагиларни рақамлаштирган ҳолда ягона тизим асосида Онлайн сейсмологик платформа ишга туширилади:

  • содир бўлиши мумкин бўлган зилзилаларнинг минтақавий акселерограммалар базаси;
  • республика ҳудудларини илмий таҳлил асосида сейсмик хавф даражаси бўйича таснифлашни назарда тутувчи умумий сейсмик ва батафсил районлаштириш хариталари;
  • туман ва шаҳарлар марказларининг макросейсмик баллардаги ва чўққи тезланишдаги микроҳудудлаштириш хариталари;
  • республикадаги мавжуд фаол тектоник ёриқлар харитаси.

Онлайн сейсмологик платформа «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига интеграция қилиниб, ундаги сейсмологик кўрсаткичлар бўйича сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган бино ва иншоотлар лойиҳалаштирилади ҳамда мазкур кўрсаткичлар шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.

Шунингдек, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб дастлаб Тошкент шаҳрида, режа асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ерости қурилиш объектлари учун 10, 20 ва 30 метр чуқурликдаги муҳандис-геологик, сейсмологик кўрсаткичлар ишлаб чиқилади ва уларнинг рақамлаштирилган сейсмик жадаллик хариталари шакллантирилади.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб икки йил давомида республика туман марказлари ва шаҳарлари марказларидаги зилзила таъсирига чидамли бўлмаган грунтларни сейсмик хусусиятлар бўйича тоифалаш ва тавсифлаш ишлари ташкил этилади. Ушбу ишлар доирасида:

  • сейсмик мустаҳкамликни оширишга қаратилган грунтларнинг сейсмоизоляцияси бўйича гибрид йўналишдаги сейсмологик тадқиқотлар олиб борилади ҳамда грунтларни муҳандислик тайёрлаш ва уларнинг сейсмик жадаллигини камайтириш усуллари қўлланади;
  • сейсмологик тадқиқотлар натижалари асосида тегишли норматив-техник ҳужжат ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ҳамда зилзилабардош бино-иншоотларни лойиҳалаш ва қуришда фойдаланилади;
  • тадқиқотларни амалга ошириш харажатлари Сейсмология институтига Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар доирасида ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.

Дарахт кесиш учун ариза бераётганларни жамоатчилик кузатиб туради

Президентининг тегишли қарори билан, 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси тасдиқланган.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб Экология вазирлиги атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизими жамоатчилик учун очиқ бўлишини таъминлайди ва қуйидаги маълумотларни жойлаштириб боради:

  • ҳар йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экиладиган дарахт ва кўчатлар ҳақида (манзили, парваришлаш учун масъул шахслар, кўчат тури ва бошқалар);
  • давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш мақсадида тақдим этилган аризалар ҳақида (мурожаатчилар, дарахтлар сони, тури ва манзили) ва дарахтни кесиш бўйича ўтказиладиган жамоатчилик эшитуви ҳақида (санаси, вақти, манзили ва натижалари);
  • сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олиш бўйича жорий қилинган мораторий тартибини бузган шахслар ҳақида;
  • мўлжалланаётган ва (ёки) режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолиятининг ҳамда бошқа фаолиятнинг атроф-муҳитга эҳтимол тутилган таъсири масалаларини аҳоли ва жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган жамоатчилик эшитувлари натижалари ҳақида;
  • стратегик экологик баҳолаш объектлари, жумладан, шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари, давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари юзасидан жамоатчилик эшитуви натижалари ҳақида;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўтказилган рейдлар, текширувлар, мониторинглар натижасида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар ҳақида;
  • ҳудудларга қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун бириктирилган санитар-тозалаш корхоналари (корхона номи, раҳбари ва унинг ўринбосари фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг телефон рақамлари, диспетчерлик хизмати ва мурожаатларни қабул қилиш хизмати маълумотлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режа-графиклари) ҳақида;
  • чиқиндиларни қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш ва ёқиш орқали муқобил энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар ҳақида (корхона номи, фаолият тури, телефон рақамлари, иккиламчи хомашё, сараланган чиқиндиларни қабул қилиш масканлари манзиллари).

Бошқа ўзгаришлар

2025 йил 1 декабрдан бошлаб:

  • “истеъмолчи–тадбиркор–нодавлат нотижорат ташкилотлар–давлат органлари” тизими жорий этилади;
  • ННТларга “Рақамли ҳукумат” тизими орқали идоралараро электрон ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади;
  • нодавлат суд экспертларига якка тартибда суд-экспертлик бюроси шаклида фаолият юритиш ҳуқуқи берилади;
  • фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформаси ишга туширилади;
  • иккиламчи ижарага бериладиган ерларни белгилаш, ижара шартномасини тузиш, давлат рўйхатдан ўтказиш ва тўловларни амалга ошириш хизмат тури жорий қилинади;
  • божхона ҳудудида ёки ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш режимларида божхона юк декларацияларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконини берувчи “Толлинг операциялари” модули амалиётга жорий этилади;
  • Фанлар академияси билан биргаликда зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаштириш амалиёти йўлга қўйилади;
  • «Истеъмолчи мурожаати» электрон тизимини жорий этилади;
  • сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва сайёҳлар томонидан баҳолаш, автобус, авиа ва темирйўл чипталари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш, халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш имконини берувчи платформа тўлиқ ишга туширилади.

Мавзуга оид