«Керак бўлса йиғлайсизлар» — Марҳаматдаги узрбозлик мажлиси қандай ўтказилган?
Узр сўраш воқеасида иштирок этган ўқитувчилар, ота-оналар Kun.uz мухбири билан суҳбатда ҳаммаси қандай содир бўлгани ҳақида батафсил сўзлаб беришди. Тадбирда 300 нафардан ортиқ ота-оналардан ташқари тумандаги бошқа таълим муассасаларидан вакиллар ҳам бўлган.
4 феврал куни Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 72-ИДУМ (ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби)да 300 нафардан ортиқ ота-онадан ташқари тумандаги бошқа таълим муассасалари вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Бошқа мактаблар вакилларига узр сўраш мажлиси намуна сифатида кўрсатилиб, уларнинг мактабларида ҳам шундай тадбирлар ўтказилиши айтилган.
Kun.uz манбасига кўра, бундай йиғилишлар ўтказилиши бўйича топшириқни туман ҳокими берган. Топшириқ ижросини таъминлаш ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухторжон Қурбонов ва туман халқ таълими бўлими мудири Алияхон Абдувоҳидова зиммасига юклатилган. Устозларнинг таъкидлашича, улар қаршилик қилишига қарамасдан сўзга чиқиш ва ота-оналардан узр сўраш қатъиян талаб қилинган.
«Керак бўлса кўзёш тўкишимиз ҳақида ҳам айтишди. Айрим устозлар чидаб тура олмади. Ўттиз йилдан буён ўқувчиларга таълим бераётган устозлар ҳам тик туришга мажбурланди. Ҳаммаси сценарий бўйича бўлди. Қайси сўзни айтишимиз, қачон саҳнага чиқишимиз - ҳаммаси олдиндан режалаштирилган эди», – дейди тадбирда иштирок этган ўқитувчилардан бири.
Аввалига алоҳида сценарий асосида тайёргарлик кўрилган тадбирни бир кун олдин, 3 феврал куни репетиция қилиш ҳам келишиб олинган. Аммо айрим сабабларга кўра тайёргарлик кўриш, сўзга чиққанларнинг маърузаларини тинглаш 4 февраль куни эрталаб амалга оширилган.
Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошев иштирок этиши кўзда тутилган йиғилишни унинг ўринбосари ва туман халқ таълими бўлими мудираси аввалдан тайёрланган сценарий асосида ташкил этишган.
Мактаб директори Муқаддамхон Ҳасанованинг таъкидлашича, у дастлаб бу мажлисга қарши чиққан. Бироқ туман ҳокими ўринбосарининг илтимосига биноан ўтказишга рози бўлган.
У мажлисда мактабдаги сўнгги уч йиллик фаолият бўйича ҳисобот берган. Ҳисоботнинг танқидий қисми бошланган пайтда мактаб ўқитувчилари залга олиб кирилган ва қатор қилиб туришлари айтилган. Директор маърузасидан сўнг, олдиндан тайёрланган ўқитувчилар ўз фанини яхши ўқита олмаётгани учун узр сўрашган.
Бироқ тадбир давомида ўқитувчиларнинг бошини эгиб туришини ҳазм қила олмаган ота-оналар ва ўқитувчиларнинг ўзларидан эътирозлар бўлган.
«Устозни бунақа қилиш керак эмас. Мен ўша куни чидаб тура олмадим. Чиқиб бу ишлари нотўғри эканини айтдим. Аслида улар эмас, биз тик туришимиз, устозлар эса ўтириб бизни томоша қилишлари кераклигини таъкидладим. Беш қўл баробар эмас экан-да», – дея таъкидлади ота-оналар вакили Ҳикматулла Атаханов.
Тадбир икки соатдан ортиқ давом этган. Ўқитувчилар эса 1 соат давомида тик оёқда бош эгиб туришга мажбур бўлишган.
«Бир ҳамкасбимиз олти ой оёғи гипсда юриб, яқинда ишга чиққан эди. Уни ҳам тик турғизиб қўйишди. Йиқилиб тушай деди. Жуда кўп ўқитувчилар ўша йиғилишдан кейин шу касбни танлаганидан афсусланганини айтишди», – дейди шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишловчи, йиғилишда ота-оналар вакили сифатида қатнашган Оминахон Холмирзаева.
Туман ҳокими Бобур Йўлдошев ва унинг ўринбосари эса узр сўраш бўйича топшириқ бўлмаганини айтиб, бу тадбирдан кўзланган мақсад устозлар ва ота-оналар ҳамкорлигини кучайтириш эканига урғу беришдан нарига ўтишмади.
Туман ҳокими бу каби йиғилишлар яна давом этишини таъкидлади.
«Бу топшириқни мен берганман. Лекин узр сўратиш бўйича эмас. У ерда узр сўратилмаган. Тумандаги 45та мактаб директорига сўнгги уч йилликда муассасасидаги ютуқ ва камчиликлар хусусида мурожаат қилиши айтилган. Таълимни ўқитувчи, тарбияни ота-она бериши ҳақида тушунтириш мақсад бўлган», – дея изоҳ берган туман ҳокими.
У ўқитувчилар томонидан айтилган барча иддаоларни рад қилди.
Шу тариқа, ҳозирча ўқитувчилар нега узр сўрагани номаълум бўлиб қолмоқда. Кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу мажлис ортидан ким айбдор бўлади-ю, ким сувдан қуруқ чиқади? Кузатамиз.
Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Азизбек Исмоилов
Қайд этиш керакки, 8 февраль куни Kun.uz сайтида ушбу ҳолат ҳақида хабар берилиб, катта шов-шув кўтарилиши ортидан Андижон вилояти ХТБ бошлиғи Азизбек Миркамилов мактабларда ўқитувчилар узр сўратилган йиғилишни ўтказиш ташаббуси Марҳамат тумани ҳокими Бобур Йўлдошевнинг шахсан ташаббуси эканини маълум қилиб, ундан бу борада изоҳ беришини талаб қилганди.
Шундан кейин Бобур Йўлдошев видеомурожаат билан чиқиб, «ўқитувчилар ва ота-оналар ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишдаги ҳолатлар ўқитувчиларнинг руҳиятига таъсир қилган бўлса», туман ҳокими сифатида барча устоз-мураббийлардан узр сўрашини билдирганди. У ўша мурожаатида ўқитувчилардан узр сўратиш бўйича топшириқ бермаганини айтмаганди.
Мавзуга оид
19:45 / 15.02.2024
Шавкат Мирзиёев Марҳамат туманига борди
20:07 / 11.02.2024
Андижонда ёнғин содир бўлган уйнинг том қисми янгидан қуриб берилади
19:00 / 08.02.2024
Андижонда Мексика орқали АҚШга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
15:43 / 31.10.2023