Ўзбекистон | 19:52 / 15.10.2023
29374
6 дақиқада ўқилади

"Арзон тариф қиламиз деб, коррупцион тизимни ўзимиз яратдик" – тадбирдан репортаж 

"Ўзбекистон темир йўллари" раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳметовнинг айтишича, чипта нархлари арзонлиги унинг қўлма-қўл бўлиб, чайқовчилар томонидан бемалол сотилишига замин яратган. “Агар бу борада жаримани оширмасак, кўча тўла “спекулянт”лар чипталарни олишади, йўловчилар эса манзилига боролмай қолади”,– дейди у.

20 октябрдан Ўзбекистонда тезюрар ҳамда “Афросиёб” поездининг чипта нархлари мос равишда 50 ва 100 фоизга оширилади. Мамлакатда бошқа альтернатив вариантларга нисбатан аҳолининг катта қисми темирйўл хизматларидан фойдаланади. Шу боис ҳам нархлар оширилиши одамлар томонидан ижобий кутиб олинмаслиги аниқ эди.

Хўш, масъуллар бу жараёнда фуқароларнинг тўлов қобилияти ва бошқа жиҳатларни қанчалик инобатга олган? Нархлар оширилганидан сўнг кейинги қадамлар қандай бўлади? Чипта сотиб олишдаги ношаффофликка қачон барҳам берилади?

14 октябр куни “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ масъуллари билан ўтган матбуот анжуманида шуларга аниқлик киритилди. Дастлаб АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳметов нархлар масаласида ўз муносабатини билдирди.

Унинг айтишича, темирйўлда нархлар охирги 6 йил, яъни 2017 йилдан бери оширилмай келган. Шу боис ҳам соҳанинг юк ташиш ва йўловчи ташиш фаолияти зарарга ишлаган.

“Мамлакат ичида юк ташиш бўйича зарар деярли 80 фоизга яқинлашган. Бугунги кунда Ўзбекистон темирйўлларида йўловчи ташиш нархлари дунё миқёсида энг пасти саналади. Агар интернетдан биздан ҳам паст нархда, худди шу хизматларда ишлайдиганини топсангиз, бизга шуни кўрсатиб беринглар.  

Биз энг қолоқ давлат эмасмиз-ку, нима сабаб энг паст нархдамиз? Чунки давлат раҳбаримиз шу нарсанинг бўлишини хоҳладилар, талаб қилдилар. Юк ташишда ҳам биз дунёда энг арзонимиз.

Хитойни қарайдиган бўлсак, бу давлатдан 2 баробарга, Россиядан 3 баробарга арзонмиз. Биз юқори тезликда ҳаракатланадиган поездимизда бераётган хизматлар Россияда йўқ”, – дейди у.

Биринчи ўринбосарнинг қўшимча қилишича, хориж давлатлари темирйўл поездларининг VIP’лари Ўзбекистонникига нисбатан яхши эмас. Ўриндиқлари кичкина, градуси бўйича эса букилмайди. “Сервисларда эса йўловчиларга ҳеч нарса берилмайди, ҳатто сув ҳам ололмайсизлар”, – дейди Ҳикматилла Раҳметов.

Ўринбосар нархлар оширилиши масаласи ҳақидаги фикрларини якунлагач, яқинда тармоқларда голландиялик блогернинг коррупцион йўл орқали поезднинг бизнес классидан жой олгани айтилган видеога муносабатини билдирди. Раҳметов бу вазиятда ходимларни жазолаш чора бўлмаслигини, балки бошқа ечим ишлаб чиқилганини маълум қилди. Яъни эндиликда поездларда эконом классдан бизнес классга ўтиш учун “upgrade” тизимидан фойдаланиш мумкин.

“Яъни эконом классда кетаётган йўловчи бизнес классда жой борлигини кўрса, ўша ернинг ўзида бизнес класснинг пулини тўлаб, қонун доирасида шу жойга кираверади. У тўлаган пул эса бюджетга, солиққа тушаверади. Эндиликда расман шу нарсани жорий этамиз. Бу – ҳам бир фойда”, – деди у.

Изоҳи давомида Раҳметов чипталарнинг қўлма-қўл бўлиб, чайқовчилар томонидан сотилаётганига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, чипта нархларининг арзонлиги мана шу муаммонинг ҳам юзага келишига сабаб бўлган.

“Охирги 3 ойда йўловчи оқими учун чипталар сонини 35 фоизга кўпайтириб бердик. Кўп саволлар билет ололмаслик, қўлдан олишаётгани билан боғланарди. Уни ҳам йўқ қилдик, аммо тўлиқ эмас, афсуски. Ҳеч қайси одамнинг давлатдан билет олиб, унинг сутига пул қўйиб халққа сотишга ҳаққи йўқ. Фақат сотқин бу ишни қилади.  

Ҳамма бизни танқид қилади, нимага билет олиб бўлмаслигини ҳозир сизларга айтсам, яна халққа яхшилик қиламиз деб шу нарсага олиб келиб қўйганимизни тушунасизлар. Чипталаримиз шу қадар арзонки, баъзи одамлар шу билетни сотиб олиб, устига яна қўйиб бошқаларга сотади, сотолмаса, поезд кетишидан олдин жаримасини тўлаб қайтариб беради. Одамларга арзон тарифлар қиламиз деб, ўзимиз мана шу коррупцион тизимни яратдик. Мана сизларга оқибат.  

Одамларга арзон билет қилиб бердик, баъзи “тартибсиз” одамлар бундан фойдаланиб, бошқаларни алдашга тушишди. Эртага чипта олиб, қайтаришнинг жаримасини баланд қилсак, яна танқидлар бошланади. Буни оширамиз ҳам. Агар бу ишни қилмасак, кўча тўла чайқовчилар чипталарни олишади, йўловчилар эса борадиган манзилига боролмай қолади”, – деди Раҳметов.

Узоқ вақтли кириш қисмидан сўнг, навбат анжуманнинг асосий қисми, журналистлар билан савол-жавобга берилди. Унда нима сабаб тарифлар босқичма-босқич оширилмай, бирданига қимматлашаётгани, айнан тезюрар поезд чиптаси йўловчилар учун 50 фоизга оширилмаслиги, нархлар кўтарилгач темирйўллар соҳасида нима ишлар қилиниши, вагонларнинг тозалик масаласи ҳақида гаплашилди. Анжуманнинг тўлиқ қисмини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,
Тасвирчи: Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид