Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Полни иситиб, ошхонада оилавий ухлаяпмиз» — ўзбекистонликлар совуқдан ўзини қандай сақлаяпти?
Яхши исимайдиган кўпқаватли тураржойлар, газ ва ток кўп ўчадиган жойларни иситиш қишда муаммога айланади. Бунга кўниккан одамлар хонадонлари совиб кетмаслигининг турлича йўлларини қилишяпти.
Фото: Kun.uz
Ҳаво ҳарорати декабр ойида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида –10...–20 даражагача тушиб кетди. Бундай совуқда газ йўқ жойларда уйни иситиш учун кўмир ва таппи ёқиладиган ёки электр печлар ишлатишади. Газ ва электр билан таъминланган кўпқаватли тураржойларнинг эса ҳаммаси ҳам яхши исимайди. Уларнинг марказлашган иситиш тизимига уланганлари, яъни сўнгги 10 йилдан аввал қурилган уйлардаги қувурлар иссиқлиги юқори эмас. Қолаверса, эски уйлардан совуқ кўпроқ кириши, эскиргани ҳисобига ҳам уйларни иссиқ тутиш қийинроқ. Иситиш тизими пасайганини яқинда Коммунал вазирлиги ҳам тан олганди.
Газ босимининг пасайиб кетиши ва электрдаги узилишлар туфайли Тошкент, Хоразм ва Фарғонадаги қозонхоналарда газ босими пасайгани, 3та қозонхона вақтинча ўчирилгани ва пойтахтнинг 3та туманига иссиқлик етказиб берувчи қозонхоналарда ҳам вазият ёмонлигини айтганди вазирлик.
Совуқ уйлар
Тошкент шаҳрининг эски кўпқаватли тураржойларида ёки айрим ҳовлиларда яшаётган фуқаролар ҳам қишда уйлари яхши исимаслиги фақат шу йилга оид ҳолат эмаслиги, айниқса эски уйлар анча йиллардан бери яхши исимаслигини айтишади.
Чилонзор тумани 6-квартал 67-кўпқаватли уйда яшайдиган биз суҳбатлашган фуқаро шундай деди:
– «Дом»имиз эски. Шаҳардаги эски «дом»ларнинг кўпида қишда уйлар яхши исимайди. Ҳамма ўзига шароит қилиб олади, албатта. Кимдир уйига бойлер ўрнатади. Кимдир печлар олиб уйини иситади.
Мирзо Улуғбек тумани Қорасув мавзеси Авайхон маҳалласидаги кўп қаватли уйлардан бирининг истиқоматчиси ҳам шароитдан нолиди:
– Бу мавзедаги ҳамма уйлар 70-йилларда қурилган. Батареялар исийди, лекин уй ичига унча иссиқлик бермайди. Чунки босим паст. Қолаверса, мен яшайдиган уйнинг ремонти ва ромлари ҳам эски, ҳаво совиган кунлари совуқ шамол ҳам кирди.
Шайхонтоҳур тумани Кўкча мавзесида яшовчи фуқаро шундай деди:
– Ҳовлида яшаймиз. Шу йил ҳаво бирдан совигани, қувурлар ҳам яхши исимагани сабаб уйимга ҳар хил иситиш жиҳозларини ўрнатиб ташладим. 2-3 хил электр печь, ошхонага полни ток билан қизитадиган панкел олиб келиб ёпиштирдим. Ошхонада иссиқ бўлгани учун 2 ҳафтадан бери ҳаммамиз шу ерда ухлашга мажбур бўляпмиз.
Чилонзор тумани 8 мавзе 60-кўпқават уйда яшовчилар ҳам қийналишмоқда:
– Бизнинг уй 60-70-йилларда қурилган дейишади. Уйимиз пишган ғиштдан қурилган, ромларини алмаштирганмиз, янги ромлар қўйилган. Лекин барибир балкондан совуқ келади, ўзимиз уйни иситувчи печлар олганмиз, қўшимчасига ўшани улаймиз.
Яккасарой тумани Бошлиқ мавзеси 32-кўпқават уй аҳли ҳам шу фикрда:
– Хонадонлар кенг бўлгани учунми иситишга оддий «отопление»ларнинг кучи етмайди. Шу сабабли қўшимча ток печкалардан фойдаланардик ёки газни паст қилиб ёқиб қўярдик, гарчи бу хавфли бўлса-да. Нима қилайлик, уйнинг ичида ҳам шапка ва чопонда юргандан кейин, ноилож қандайдир йўл билан иситишга ҳаракат қиласиз-да! Онамнинг оёқлари ҳам оғриб туради. Шу билан ҳанузгача даволаймиз, ҳали тўлиқ шифосини топганларича йўқ.
Уйлар қандай иситиляпти?
Кўпқават уйда ёки вилоятларда ҳовли уйда яшайдиганлар ўзлари учун уй иситишнинг ҳар хил усулларидан фойдаланишади. Уйларни иситиш воситалари ҳақидаги қарийб 1,6 минг киши иштирок этган сўровнома қатнашчиларининг 31 фоизи уйни иситишда электр иситкичлардан, 29 фоизи ўтин ва таппидан, 24 фоизи газ уланган печкадан, 17 фоизи автоном иситиш тизими (2 контурли қозон), 14 фоизи кўмирдан, 13 фоизи кондиционердан ва 12 фоизи марказлашган иситиш тизимидан фойдаланишини маълум қилган (сўровномада бир неча вариант танланган). Кўринадики, аҳоли орасида электр иситгичларга боғлиқ қатлам нисбатан кўпроқ. Чунки кўп ҳолларда газ бормаган жойларда ҳам шундай иситгичлар хонани иссиқ тутишга ёрдам беради.
Facebook ижтимоий тармоғидаги Maslahat.uz гуруҳи аъзолари ҳам уйларни иситиш ҳақидаги постга қайси воситалар билан уйни истаётгани ҳақида изоҳ қолдиришган.
«Ромларнинг четини скотчладик, балконнинг ойнасига қалин плёнка тортиб беркитдик», – деб ёзган Элвира Маҳмудова.
«Печка қўйганмиз, ўтин билан тезак ёқамиз, деразага целлофан урилган», – дейди Фурқат Фахриев.
«Маҳаллий ёқилғи – таппи ёқамиз, ёзда қуритилиб ғамланган», – деб ёзган Бахтиёр Ганжиев.
«Токчанинг устига чойшаб ёзиб қўйдик. Муз чиқармай совуқни ушлаб турибди», – деб ёзган Сабар Я Нафси исмли фойдаланувчи.
«Кўмирни қумидан шунақа зувала қилиб ёқамиз. Уй совиб кетди демаймиз. Ёғоч ромларга қишда целлофан қоққанмиз, кунлар исиса олиб ташлаймиз», – деган Дилшод Исроилов.
«Ўтин билан бир гуриллатиб печкани ёқамиз-да, исиганимиздан кейин майда талқон кўмир бор (арзонроқ) ўшани сувга аралаштириб солиб қўямиз. Шу билан жон сақлаяпмиз. Иситгич ишлатгани свет йўқ, ўчиб ёнаверганидан, куйиб қолмасин деб биратўла ўчириб қўйдик» – деган Ойхон Одилжонова.
«Битта хонада кондиционер ёқиб ўтирибман», – деган Жавлон Машарипов.
«Ишлайдиган хонамни оддий битта шам ёқсангиз ҳам исийдиган қилдим. Синтефонни деворларга ўраб чиқдим. Дарров исийди», – деган Ортиқ Али Расулов.
Бозорда нима гап?
Техника бозорларига кирсангиз, иситиш мосламаларининг турли-туманларига кўзингиз тушади. Уларнинг нархи ҳақида маълумот тўплаш учун Тошкент шаҳридаги Ўрикзор бозорининг техника буюмлари сотадиган расталарга бордик.
Бозорда кўп сотилаётган ускуналардан бири — иссиқлик таратадиган вентиляторлар бўлиб, нархи 250-280 минг сўм атрофида.

«Бунинг яхши томони вентилятор қулаб кетса, дарров ўзи ўчиб қолади. Ишлатсангиз 2-3 йил ёки ундан ҳам кўпроқ вақт ишлатаверасиз», – дейди дўкондорлардан бири.
Иссиқ ҳаво пуркайдиган кичик асбобларнинг нархи эса 150-200 минг сўм атрофида бўлиб, кичик — 10-11 метр квадрат ҳажмдаги хонани иситиб тура олади.


50-70 метр квадратли майдонларни иситиш учун эса «пушка» деб аталадиган иситиш мосламаларини тавсия қилишмоқда. Унинг энг кичиклари 300 минг сўмдан бошланиб, катталари 1–1,5 миллион сўмгача сотиляпти.



Савдогарларнинг айтишича, ҳозир одамлар кўпроқ «иссиқ пол»ларни сўраб келишяпти. Метрлаб сотиладиган «иссиқ пол»ларни сифатига қараб 32-65 минг сўмгача топиш мумкин. Сотувчининг айтишича, «иссиқ пол»нинг ўзидан ташқари, датчиги ва кабеллари алоҳида сотилади. Датчиги 120 минг сўм бўлса, кабелларини улаб, тайёр ҳолга келтириб бериш хизмат ҳақи 50 минг сўмга тушади.


«Бу иссиқ полнинг эни 1 метр 2 метрли иссиқ полни асбоблари билан тайёрлаб бериш ўртача 300 минг сўм бўлади. Иссиқ полни остидан синтефон ташланиб, кейин пол ёйилади. Бундай қилинмаса, ҳамма иссиқлик полга кетиб, яхши иситмайди», – дейди савдогар.
Бозорчиларнинг айтишича, иссиқ полнинг афзалликлари кўп. Уни тун-у кун ёқиб қўйса ҳам бўлади. У ўзи ўчиб, ўзи ёнади.
«Ҳозир иссиқ полларга талаб жуда юқори. Одамлар асосан овқатланиб ўтирадиган хонасида, кўрпача ёки гиламнинг остидан тўшаш учун олишяпти», – дейди дўкондор.
Иссиқ полдан фойдаланувчилар фикри
Айнан иссиқ поллар бўйича Facebook’даги Maslahat.uz гуруҳида турли мазмундаги изоҳлар қолдиришган. Аҳоли уни анча вақтдан бери ишлатиши, зах жойларда ёки ошхонада ишлаш учун иссиқлик бериб туришини ёзган. Изоҳларда иссиқ пол учун қанча ток сарфланиши ҳақидаги маълумотларни ҳам топиш мумкин.
«Биз 5 йилдан бери ишлатамиз. Ҳатто 1 суткада қанча ток сарф бўлишигача ҳисоблаб чиққанмиз. 3×5 метрли хонага 1 суткада 6 минг сўм ток ишлатасиз, холос. Асосийси, аёллар ошхонада мазза қилиб ишларини бажаришади», – дейилган изоҳларда.

«Жудаям яхши, айниқса ошхонага. Мен 4 йилдан бери ишлатаман ошхонада», – деган яна бир фойдаланувчи.
Изоҳлар орасида иссиқ полнинг салбий томонлари ҳақида ёзганлар ҳам бор.
«Бу лента ёнғин хавфсизлигига умуман жавоб бермайди. Свет ўчса дарров совийди. Қисқаси, ўн йиллар олдин қўйдиргандим, сал қолган уйим ёниб кетишига, кейин олдириб ташлаб сувли қилдирдим. Энг зўри сувли варианти. Узоқ йиллар хизмат қилади, электр энергияга ҳам тежамкор. Свет ўчсаям кунлаб иссиқ тураверади», – дейилган изоҳларда.

«Мен 3 йилдан буён ишлатаман. Сотиб олишдан аввал ўзимизнинг шифокордан соғлик учун зарарли таъсирини сўраганман, қон босими ва ревматизми борларга мумкин эмас, қолган ҳолатларга бўлаверади деган», – дея изоҳ қолдирилган.
Хавфсизликни таъминлаш учун...
Уйларни иситиш учун фойдаланилаётган турли асбоблар хавфсизлик қоидаларига амал қилишни талаб қилади. Ис газидан қишнинг биринчи ҳафтасида 10 кишининг вафот этгани кўпчиликни сергак тортишга мажбур қилади. Шу сабаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Назорат ва профилактика бошқармаси бошлиғи Мурод Қўчқоров носоз, қўлбола ёки мувофиқлик сертификати бўлмаган иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасига амал қилиш кераклиги билан огоҳлантирди.
«Электр иситиш мосламаларининг тизимида назарда тутилган ёнғин келиб чиқиш эҳтимолини истисно қилувчи терморегуляторлари мавжуд бўлмаганда ёки ишламай қолганда, электр узатиш тармоқлари ва электр жиҳозларини ортиқча юкланишдан ва қисқа туташувлардан ҳимоя қилиш учун автоматик сақлагичлар ва калибрланган эрувчан ҳимоя ўрнатмаси ўрнига қўлбола тайёрланган (сим ўрамалари, «қўлбола сақлагич» ва бошқалар) воситалардан фойдаланмаслик керак», – дея огоҳлантирди ФВВ вакили.
Шунингдек мутахассис, электр иситиш мосламаларининг ҳимоя қобиғи шикастланган ёки ҳимоялаш хусусиятини йўқотган электр кабелларидан, ёнмайдиган материалдан ишланган тагликларисиз (подставка) дазмол, электр плитка, электр чойнак ва бошқа электр иситиш анжомларидан фойдаланмасликни тавсия қилди.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Мавзуга оид
08:25 / 21.03.2026
Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 28 даражагача кўтарилиши мумкин
14:24 / 16.03.2026
Наврўзолди об-ҳаво прогнози
01:56 / 16.03.2026
Олимлар инфаркт ва об-ҳаво орасида боғлиқлик борлигини аниқлашди
16:10 / 11.03.2026