Ўзбекистон | 18:38 / 22.04.2026
5244
5 дақиқада ўқилади

Санъаткорларга танбеҳ берган вазир ва ўқитувчилардан узр сўраган ҳоким – маҳаллий дайжест

Маданият вазири Озодбек Назарбеков «Солиқ тўламайман» деб чиқиш қилган санъаткорларга танбеҳ берди. Чет элликларга аукцион орқали ер ижара ҳуқуқини сотиш тўхтатилади. Андижонда банк мансабдори 40 минг доллар пора билан ушланди. Ўқитувчиларни изза қилган ҳоким гул билан бориб, кечирим сўрагани айтилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак – Озодбек Назарбеков

Маданият вазири Озодбек Назарбеков 21 апрель куни санъаткорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда уларни солиққа тортиш бўйича янги тартиб юзасидан ўз фикрларини айтди. Вазир сўзларига кўра, хонандаларнинг барчаси ҳозир солиқ тўлаяпти, аммо баъзилари билимсизлиги туфайли буни билмаяпти.

«Биринчидан бу ҳали лойиҳа, тасдиқлангани йўқ. Ва бу ўртага чиққанида жуда кўп санъаткорлар юзини кўрсатиб қўйди. Саводсизлигини, солиқ ҳақида ҳеч қанақа билимга эга эмаслигини кўрсатди. Санъаткорлар солиқ тўлаяпти. Тўламаяпти деган гап чиқиб қолди ўртага, ҳатто «тўламаймиз» деганлар чиқиб қолди. Ўзи аслида тўлаяпти, лекин ўзининг тўлаётганини билмайди. Ҳамма жойдан тўлаяпти, тўйдан ҳам, концертдан ҳам. Фақат кўтарилаётган масала – мана шу солиқ солиқ тури соғломми ёки йўқми? Ҳозирги мавжуд солиқ тури соғлом эмас. Шунинг учун солиқ идораси буни муҳокамага қўйяпти, бунинг соғлом ечимини топайлик деган маънода. Шунинг учун бу ерда солиқ тўлаймизми ёки тўламаймизми, деган масала муҳокама бўлмаслиги керак. Ҳамма тўлайди, солиқ тўламайдиган одам йўқ. Солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак. Бугун солиқлар орқасидан тинч ухлаяпсиз, болаларингиз мактабга боряпти, хотиржам бизнес қиляпсиз», деди Назарбеков.

Чет элликларга аукцион орқали ер ижара ҳуқуқини сотиш тўхтатилади

Президент Шавкат Мирзиёев ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда ердан юқори даромад олишда илғор хорижий тажрибани, айниқса, чет элнинг замонавий агротехнологияларини кенг қўллаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, бу жараёнда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш лозимлиги қайд этилди.

Хусусан, хорижий инвесторларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришнинг тартиби ва шартлари қайта кўриб чиқилади. Бундан буён уларга фақат вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги дирекциялар орқали, инвестиция миқдори камида 10 миллион доллар бўлган лойиҳалар доирасида, яйлов, лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларни айланмага қайтариш шарти билан иккиламчи ижарага бериш тартиби қўлланади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини олиш бўйича аукционда фақат маҳаллий деҳқон ва тадбиркорлар иштирок этишини белгилаш лозимлиги таъкидланди. Мудофаа, чегара, тарихий-маданий ерлар ва ўрмон фонди ерлари фақат Ўзбекистон фуқароларига берилади.

Андижонда банк мансабдори 40 минг доллар пора билан ушланди

Давлат банкларидан бирининг Андижон вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асака туманида жойлашган, умумий баҳоси 16,8 млрд сўм бўлган хусусий даволаш марказининг 4 қаватли биноси аукцион савдосида сотилмай қолганидан фойдаланган. У мазкур мулк нархини 12 млрд сўмга тушириб, банк балансига олиш ҳамда уни маҳаллий тадбиркорга аукционсиз, 7 йил муддатга фоизсиз кредит асосида олиб беришни ваъда қилган.

Бунинг эвазига у тадбиркордан 90 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида мансабдор шахс 40 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ўқитувчиларни изза қилган ҳоким гул билан бориб, узр сўрагани айтилди

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев ўқитувчиларни изза қилган ҳолатга муносабат билдирди. Вазирга кўра, туман ҳокими 2 кундан сўнг мактабга бориб, гул берган ҳолда ўқитувчилардан кечирим сўраган.

«Туман ҳокими 2 кундан кейин мактабга гул билан бориб, устозлардан узр сўради. Ташаккурномалар, совғалар бериб келган», деди Эъзоза Каримова.

Аввалроқ Кармана тумани ҳокими Шоҳрух Болтаев 46 нафар (аксарияти аёллар ва рўзадорлар бўлган) ўқитувчиларни ҳокимликка йиғиб, қарийб бир соат тик турғизиб қўйганди. Ҳоким бу ҳолатни «таълим сифатини оширишга қаратилган чора» деб изоҳлаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид