Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ривалдога қарзни тўламайдиган “Ўзбекнефтгаз” ва навбатдаги молиявий пирамида – маҳаллий дайжест
“Бунёдкор” футбол клубини молиялаштиришни тўхтатган “Ўзбекнефтгаз” компанияси бразилиялик юлдуз Ривалдо олдидаги қарзни тўламаслигини маълум қилди. Ўзбекистонда Befree номи остида яна бир молиявий пирамида ишлаётгани маълум бўлди. Мобил алоқа фойдаланувчиларига рақамини бошқа шахснинг номига масофадан ўтказиш имконияти яратилди. Наманганда мактаблар “Мутолаа” платформасида мажбурий обунага жалб қилинаётгани айтилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
“Ўзбекнефтгаз” Ривалдога қарзни тўламайди
“Бунёдкор” футбол клубини молиялаштиришни тўхтатган “Ўзбекнефтгаз” компанияси бразилиялик юлдуз Ривалдо олдидаги қарзни тўламаслигини маълум қилди.
Компания раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев сўзларига кўра, ушбу қарзни тўлаш “Ўзбекнефтгаз”нинг эмас, балки клубнинг мажбурияти.
Таъкидланишича, ҳозир бирор клуб “Ўзбекнефтгаз” томонидан молиялаштирилаётгани йўқ, бу ишлар 2026 йил 1 январдан тўхтатилган. Ривалдо 2008-2010 йилларда “Бунёдкор”да ўйнаган. Клубнинг унга қарзи қанча экани айтилмаган.
“6 ойда долларда миллионерга айланасиз!” – навбатдаги молиявий пирамида
Ўзбекистонда Befree номи остида яна бир молиявий пирамида ишлаётгани маълум бўлди. У одамларга краудфандинг лойиҳа сифатида таништирилмоқда. Befree’да бир неча ойда долларда миллионерга айланиш ваъда қилиняпти.
Befree Ўзбекистонда Telegram’даги бир нечта ёпиқ гуруҳларда тарғиб қилиб келинган. Шулардан бири “Омадли миллиардерлар” гуруҳи. Уни Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси юритган. Айтишича, у Befree молиявий пирамида эканини билмаган ҳолда уни тарғиб қилган.
Befree доимий равишда янги иштирокчиларнинг маблағларини жалб қилиш орқали тузилма аъзоларига даромад тўлаб бориш тизимига асосланган. Бу барча молиявий пирамидаларга хос бўлган белги.
Телефон рақамни бошқа шахснинг номига ўтказиш осонлашди
Мобил алоқа фойдаланувчилари MyGov орқали мобил телефон рақамини бошқа шахснинг номига онлайн тарзда ўтказиши мумкин.
Портал маъмуриятининг қайд этишича, аввал рақам эгасини ўзгартириш учун ҳар икки томон (рақамнинг амалдаги эгаси ва янги эгалик қилувчи шахс) алоқа оператори офисига шахсан бориши, навбат кутиши ва ҳужжатлар имзолаши талаб этиларди. Энди бу жараёнлар рақамлашди. Ҳозир бу қулайликдан Uztelecom, Beeline ва Mobiuz абонентлари фойдалана олади. Хизмат қолган операторлар учун ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Наманганда мактаблар “Мутолаа” платформасида мажбурий обунага жалб қилинаётгани айтилди
Наманган вилоятидаги айрим мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар “Мутолаа” лойиҳаси иловасига мажбурий обуна бўлишга жалб этилмоқда.
Мактабларда маънавий-маърифий ишлар учун масъул ходимларга «юқоридан» топшириқ берилган бўлиб, улар бу вазифани барча синф раҳбарларига юклаган. Натижада бошланғич ва юқори синф ўқувчиларига мазкур платформани юклаб олиб, скриншот юбориш топшириғи берилган.
Ҳар бир мактабга кунлик камида 200 та обуна жалб қилиш бўйича норасмий лимит белгиланган. Обуна бўлиш бепул. Топшириқ юзасидан расмий хат ёки буйруқ мавжуд эмас.
Мавзуга оид
18:35 / 20.04.2026
Зўравон педагогларга чеклов ва Кудбиевнинг қимматбаҳо соати – маҳаллий дайжест
19:16 / 17.04.2026
Уруш қатнашчиларига 30 млн сўм ва халқаро қидирувга берилган мансабдорлар – маҳаллий дайжест
20:48 / 16.04.2026
Бола ҳаётини сақлаб қолган мураккаб операция ва QR-код орқали тўлов қоидалари – маҳаллий дайжест
20:15 / 15.04.2026