Президент Шавкат Мирзиёев наркотиклар савдоси, нарко-жиноятлар ва уларнинг оқибатларига қарши курашиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Шерзод Кудбиев тадбиркорлар билан мулоқот чоғида қимматбаҳо соатда кўриниш берди. Болаларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракат содир этган педагоглар таълим тизимидан 1 йилга четлатилиши мумкин. Совуқ қуролга оид қонунбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Шавкат Мирзиёев: Наркобизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин
Самарқанд шаҳрида “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида ўтказилаётган халқаро форум иштирокчиларига мурожаат йўллаган президент Шавкат Мирзиёев наркотиклар савдоси, нарко-жиноятлар ва уларнинг оқибатларига қарши курашиш бўйича қатор муҳим халқаро ташаббусларни илгари сурди.
“Наркобизнесни қурол билан эмас, пулсиз қолдириш орқали енгиш мумкин. Агар биз унинг “молиявий артерия”ларини бўғиб қўйсак, бу иллат ўз-ўзидан йўқолади”, деди президент.
Шунинг учун крипто-биржалар учун мажбурий идентификация стандартларини глобал даражада бирхиллаштириш, оффшор юрисдикциялар билан маълумот алмашинуви бўйича мажбурий келишувлар, “номаълум манба” маблағларини автоматик блоклаш механизмларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
«Танқидлар ўринли» - Шерзод Кудбиев қимматбаҳо соати юзасидан изоҳ берди
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев тадбиркорлар билан мулоқот чоғида қимматбаҳо соатда кўриниш бериши ортидан бошланган муҳокамаларга муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу соат люкс модел (тахминларга кўра Vacheron Constantin Overseas ёки Breguet Marine) эканини ва нархи 50 минг доллар туришини тахмин қилишган.
19 апрел куни Шерзод Кудбиев видеомурожаат эълон қилди ва унда давлат хизматчиси камтар бўлиши кераклигини айтди. Шунингдек, амалдорлар оммавий тадбирлар ва йиғилишларда касбий этикага қатъий амал қилиши зарурлиги ҳақидаги фикрга қўшилгани ҳамда бўлган воқеадан сабоқ чиқарганини таъкидлади.















