Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Озарбойжон самолётининг ҳалокати, Ғазодаги энергетик инқироз ва Суриядан Ливияга кўчаётган Россия базалари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines самолёти
25 декабр куни Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳрида Azerbaijan Airlines самолёти ҳалокатга учради ва 38 киши ҳалок бўлди.
29 киши шифохонага ётқизилган, улардан уч нафари вояга етмаган бола. Жабрланганлардан 11 нафарининг аҳволи оғир.
Ҳалокатга учраган учоқ саҳнида жами 67 киши — 62 йўловчи ва экипажнинг 5 аъзоси бўлган.
Azerbaijan Airlines авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 йўловчи учоғи Озарбойжон пойтахти Бокудан Россиянинг Грозний шаҳрига парвоз қилаётган эди.
Тахминларга кўра, туман шароитида Грозний аэропортига уч марта қўнишга уринган самолёт ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими зарбасига дучор бўлган, шундан сўнг самолёт захира аэродроми сифатида аввал Махачқалъага, сўнгра фавқулодда қўнишни амалга ошириш учун Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига йўл олиб, қўниш чоғида ҳалокатга учраган.
Ушбу самолёт автоҳалокати туфайли Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россияда ўтаётган МДҲ давлатлари саммитидаги иштирокини якунлаб, ватанига қайтди.
Шунингдек, Озарбойжонда авиаҳалокат қурбонлари хотирасига бугун, 26 декабр мотам куни деб эълон қилинди.
Ғазодаги энергетик инқироз
Исроил армиясининг ҳужумлари натижасида Ғазо секторидаги электр инфратузилмаси жиддий зарар кўрди, бу эса аҳолининг яшаш шароитларини ниҳоятда оғирлаштирмоқда. Электр таъминотидаги узилишлар совуқ об-ҳаво ва очарчиликка олиб келиб, аҳолини қийин аҳволда қолдирмоқда.
Хон Юнусдаги лагерларда, хусусан, Ал-Мавасийда кучли совуқ туфайли Сила исмли бир чақалоқ вафот этган. UNRWA ҳисоботига кўра, Исроилнинг ҳужумлари вақтида ҳар соатда бир фаластинлик бола ҳалок бўлмоқда. Лагерларда очарчилик ва совуқ туфайли болаларнинг ўлими эҳтимоли янада ортаётгани қайд этилган.
Фаластинлик депутат Аҳмад Тибий Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳуни танқид қилиб, Исроил парламенти Кнессетда: «Башар Асад режими қулаганидан сўнг, сиз Яқин Шарқдаги охирги диктаторсиз», — деди.
Ғазода ҲАМАСдан норозилик ошмоқда
Ғазо секторида аҳоли ҲАМАСга нисбатан очиқ норозилик билдирмоқда. 2023 йилнинг 7 октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганидан сўнг сектор бутунлай вайрон бўлди. Sunday Times нашрининг ёзишича, фуқаролар ҲАМАСнинг ҳаракатларини танқид қилишда давом этмоқда.
Ёсир ва Бадр исмли фуқаролар онлайн платформа яратиб, одамларга фикр билдириш имкониятини берди. Бир фойдаланувчи: «Бизга Исроилга нисбатан нафратдан кўра, Фаластинни севувчи етакчилар керак», — деб ёзди. Бошқаси: «ҲАМАСнинг ракета ҳужумлари Ғазо аҳолисини азиятга солди, уларнинг ўзи эса ер остига яширинди», — деб танқид қилди.
Аҳоли озиқ-овқат ва ресурслар етишмовчилигида ҳам секторни қамалга солган Исроилни эмас, ҲАМАСни айбламоқда. Танқидчилар хорижий фаолларни Ғазо қийинчиликларини сиёсий манфаат учун ишлатишда айблади: «Ғазо улар учун реалити-шоу», — деган Бадр.
Исроил Яманга ҳужумларини кучайтиради
Исроил ҳаво кучлари Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган «Ансоруллоҳ» ҳаракатининг позицияларига ҳаво ҳужумларини кучайтириш ниятида. Бу ҳақда Исроил Ҳаво кучлари қўмондони Томар Бар маълум қилди. Унга кўра, ҳаво ҳужумларининг тезлиги ва интенсивлиги заруратга қараб оширилади.
Сўнгги кунларда Исроил ва ҳусийчилар ўртасидаги қарама-қаршилик янада кескинлашди. Ҳусийчилар Исроилнинг марказий қисмига баллистик ракета билан зарба беришга уринди, аммо Исроил ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ракетани йўқ қилди.
Бу орада Ямандаги «Ансоруллоҳ» ҳаракати Моссад ва АҚШ томонидан ёлланган бир нечта жосусларни қўлга олгани ҳақида расмий баёнот берди. Ҳусийчиларнинг маълумотига кўра, шпионларга ракета объектлари, дрон базалари, денгиз объектлари ва бошқа ҳарбий нуқталарни кузатиш каби разведка вазифалари юклатилган.
Сурия ҳукуматининг Эронга хитоби
Сурия ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан аш-Шайбоний Эронни Сурия халқи иродасини ҳурмат қилишга ва мамлакатда беқарорликка йўл қўймасликка чақирди.
Аш-Шайбоний ўз баёнотида: «Эрон Сурия халқи иродасини, мамлакат суверенитети ва хавфсизлигини ҳурмат қилиши шарт. Ҳар қандай беқарорлик учун жавобгарлик улар зиммасига тушади», — деди. У бу гаплар билан қайси баёнотлар назарда тутилганини очиқламади.
Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий ўзининг яқиндаги чиқишида Сурия ёшларини «беқарорликка сабаб бўлган кучларга қарши қатъий ҳаракат қилишга» чақирган эди. У: «Сурияликларнинг йўқотадиган ҳеч нарсаси қолмади», — дея таъкидлаганди.
Украинага дастлабки Россия миллиарди етказилди
Украина АҚШ томонидан тақдим этилган Россиянинг музлатилган активларидан 1 млрд долларлик илк траншни қабул қилди. Бу ҳақда Украина бош вазири Денис Шмиҳал маълум қилди.
«Бу — Украина учун адолатга эришиш йўлида муҳим қадам. Россиянинг барча активлари мусодара қилиниб, мамлакатимизни тиклаш учун йўналтирилади», — деди Шмиҳал.
Мазкур маблағлар бевосита эмас, балки Жаҳон банкининг махсус фонди орқали тақдим этилган. Россия активлари Ғарбда уруш бошидан музлатиб қўйилган бўлиб, уларни мусодара қилиш масаласи юридик тўсиқлар туфайли узоқ вақт ҳал этилмаган.
«Еттилик» давлатлари бу тўсиқларни қоплаш учун Украинага $50 млрд миқдорида кредит беришга келишиб олган, шундан 20 млрд доллар АҚШ ва 18 млрд доллар Евроиттифоқ ҳиссасига тўғри келади.
Россия ҳарбийлари Суриядан Ливияга кўчмоқда
Россия ўз қўшинлари ва замонавий қуролларини, жумладан С-400 тизимларини, Суриянинг Тартус ва Ҳмеймим базаларидан Ливияга кўчира бошлади. Ҳозирда Россия Ливияда расмий ҳарбий базага эга эмас, аммо агар бу амалга ошса, бутун минтақадаги кучлар мувозанати сезиларли даражада ўзгаради.
НАТО Россиянинг Ливияда ўз позициясини мустаҳкамлашига қандай чоралар кўриши мумкинлиги ва бу Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштироки якунланганини англатадими, ҳали аниқ эмас.
Экспертларнинг фикрича, Россиянинг Ливияга ўтиш ҳаракати Марказий ва Шимолий Африкада стратегик позицияларни мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди. НАТО учун эса бу Россия таъсирини чеклаш бўйича қўшимча вазифаларни юзага келтиради.
Россияда кўпхотинликка рухсат бекор қилинди
Россия Мусулмонлар диний бошқармаси илгари чиқарилган кўпхотинликка рухсат берувчи фатвони бекор қилди. Бу қарор мамлакат Бош прокуратураси томонидан қонун бузилишини таъкидлаганидан сўнг қабул қилинди.
Фатвода мусулмон эркакларга маълум шартга риоя қилган ҳолда бир нечта аёлга уйланишга рухсат берилганди. Шартлар орасида биринчи хотиннинг фарзанд кўра олмаслиги ёки саломатлиги туфайли фарзандли бўлишдан бош тортиши каби ҳолатлар кўрсатилган эди.
Аммо прокуратура бу фатво Россия Федерацияси қонунчилигига зид эканлигини билдириб, уни бекор қилишни талаб қилди. Давлат ҳуқуқшунослари ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раиси Валерий Фадеев буни «хавфли йўл» деб баҳолаб, экстремизм ва жиноятчиликка олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.
Фатво РФ Мусулмонлар диний бошқармаси томонидан бекор қилинди ва бу масалада ортиқ баҳс юритмасликка қарор қилди.
Ҳиндистон Россия нефтидан воз кечади
Ҳиндистоннинг йирик давлат нефтни қайта ишлаш заводлари Россиядан келадиган нефт ҳажми камайгани сабабли Яқин Шарқдан нефт харидларини оширишни режалаштирмоқда.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу Ҳиндистоннинг Россия нефтига бўлган талабини пасайтириши ва келажакда ундан тўлиқ воз кечишига сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Россия 2022 йил ўрталарида Европа Иттифоқи санкцияларидан сўнг Ҳиндистоннинг асосий нефть етказиб берувчисига айланганди, аммо ноябрдан буён об-ҳаво шароити ва янги шартномалар туфайли экспорт пасаймоқда.
Дания мудофаа харажатларини оширади
Доналд Трамп «Гренландия АҚШ назоратида бўлиши керак», дегач Дания президенти ўз мудофаа харажатларини оширишини маълум қилди. Мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсеннинг айтишича, мамлакат Арктикадаги мавжудлигини кучайтириш ниятида.
Мудофаа бюджети доирасида Гренландия учун махсус пакет ишлаб чиқилган бўлиб, у икки патрул кема, узоқ масофага мўлжалланган икки учувчисиз аппарат ва махсус ит чаналарига эга жамоаларини йўллашни ўз ичига олади.
Поулсен мамлакат Арктикага йиллар давомида етарли сармоя киритмаганини қайд этди ва буни ўзгартиришни мақсад қилганини таъкидлади. Дания ҳукуматининг мақсади минтақада «кучлироқ иштирок» этишдир.
Трамп ўлим жазосини фаол қўлламоқчи
Доналд Трамп лавозимга киришиши билан ўлим жазосини янада фаол қўллашни режа қилаётганини эълон қилди.
«Мен президент бўлганимдан сўнг, Адлия вазирлигига ўлим жазосини қўллашни фаоллик билан талаб қилишни топшираман. Бу жиноят ва қотилликларнинг олдини олиб, қонун ва тартибни тиклашга хизмат қилади», — деб ёзди Трамп.
Бу қарор амалдаги президент Жо Байденнинг 37 маҳкумнинг ўлим жазосини умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирганига жавоб сифатида билдирилди. Байден президентлигида ўлим жазоси тўхтатилган, аммо Трамп ўзининг аввалги муддатида 20 йиллик танаффусдан сўнг федерал қатлларни қайта тиклаган эди.
Мавзуга оид
14:05 / 10.01.2026
Венесуэлага $100 миллиард сармоя, Евроиттифоқ тасдиқлаган Mercosur ва Украинага отилган «Орешник» – кун дайжести
14:40 / 09.01.2026
Ғазода бузилаётган сулҳ, Россиянинг «қонуний нишонлари», Истанбулда кучли довул ва интернетдан узилган Эрон – кун дайжести
15:00 / 08.01.2026
Эронда кучайган намойишлар, Россия байроғи остидаги танкерни мусодара қилган АҚШ ва СДФга қарши амалиёт бошлаган Сурия – кун дайжести
14:10 / 07.01.2026