Жаҳон | 11:55 / 19.03.2026
3240
4 дақиқада ўқилади

“Уруш сабаб арабларнинг Марказий Осиёга инвестициялари камаяди” – америкалик таҳлилчи

Вашингтондаги Халқаро солиқ ва инвестиция маркази директорига кўра, урушдан аввало Марказий Осиё давлатлари ичида Тожикистон ва Туркманистон зарар кўрмоқда. Чунки икки давлат Теҳрондан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келарди. Умумий миқёсда эса энди минтақага арабларнинг инвестициялари камайиши кутилади, чунки кўрфаз давлатлари яқин йилларда ўзига кўпроқ харажат қилади.

Вашингтондаги Халқаро солиқ ва инвестиция маркази директори Дениел Уиттнинг қўшимча қилишича, Марказий Осиёнинг энг катта савдо ҳамкори бўлган Хитой ҳам Эрондаги урушдан иқтисодий зарар кўрмоқда.

“Урушлар можарога алоқадор бўлмаганларга ҳам таъсир қилади ва салбий оқибатларга олиб келади. Эрондаги урушнинг таъсири бутун дунёда сезилмоқда. Марказий Осиё эса Эронга қўшни. Сиз, албатта, истисно эмассиз. Ҳормуз бўғозининг ёпилиши минтақавий ва глобал энергия бозорларига катта босим ўтказади. Хусусан, урушдан олдин Эрон хом нефтининг 80-90 фоизини сотиб олган Хитой энди унинг ўрнини босадиган йўлларни топиши керак. Қўшниларингиз Тожикистон ва Туркманистонга қарасак, улар Эрондан озиқ-овқат импорт қилади ва Эроннинг озиқ-овқат экспортига қўйган ҳозирги тақиқидан зарар кўрмоқда”, - дейди Уитт.

Америкалик таҳлилчининг фикрича, Қозоғистон нефт нархи ошиши ҳисобига юқори даромад олиши мумкин, лекин уруш натижасида глобал иқтисодий секинлашув хавфига ҳам дуч келади. 

“Аммо Марказий Осиё ўзининг пухта, изчил бетарафлик ва кўп векторли ташқи сиёсати туфайли яхши ҳимояланган. Бу сиёсат барча қўшнилар ва АҚШ, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи ва Форс кўрфази давлатлари каби бошқа глобал кучлар билан яхши муносабатлар ўрнатишга имкон берди. Бу айниқса, инқироз даврида сиз учун оқилона хизмат қилмоқда” , - дейди таҳлилчи.

-The Guardian нашрининг ёзишича, Қўшма Штатлар Эронга қарши урушнинг дастлабки кунларидаёқ 11,5 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаб ташлади ва бу сумма фақат ҳарбий харажатларни ўз ичига олади. Бунгача эса президент Трамп жамоаси Америка халқига бутунлай бошқача сиёсатни ваъда қилган эди. Сизнингча, бошидан бу уруш қанчалик зарур эди?

“Ўйлайманки, кўпчилик Қўшма Штатларнинг Эронда тажовузкор ҳарбий ҳаракатларни бошлашига сабаб Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиши ва уни жойлаштиришининг олдини олиш. Ва менимча, Эроннинг ядровий қуролга эга бўлмаслиги дунёни хавфсизроқ қилиш-қилмаслигини вақт кўрсатади. Уруш туфайли Эрон билан алоқалар зарар кўрган бўлса-да, сизнинг ташқи сиёсатингиз иқтисодий алоқаларни Марказий Осиё учун муҳим бўлган бошқа ҳамкорлар билан алмаштиришни осонлаштирмоқда. Келинг, бир дақиқага тўхтаб, сўнгги икки йил ичида қўйилган ажойиб қадамлар ҳақида ўйлаб кўрайлик. Мен Ўрта коридорни назарда тутяпман. Ўрта коридор ҳозир нафақат Марказий Осиё савдоси, балки глобал савдо учун ҳам муҳим. Биз буни Украина уруши натижасида ва энди Эрон уруши билан кўрдик. Ўрта коридор муҳим аҳамиятга эга”Дениел Уитт, Халқаро солиқ ва инвестиция маркази директори

Таҳлилчининг қўшимча қилишича, уруш сабаб форс кўрфази давлатларидан Марказий Осиёга келаётган инвестициялар оқими ҳам бироз сусайиши мумкин.

“Энди яна бир хавф, Ўзбекистон, Қозоғистон, сиз сўнгги бир неча йил ичида Араб кўрфазидан келган катта сармоялардан жуда катта фойда кўрдингиз. Энди бу сармояларнинг бир қисми секинлашиши ёки хавф остида қолиши мумкин, чунки араб мамлакатлари ўз пулларини ички қайта қуришга сарфлашига тўғри келади. Аммо ташқи сиёсатингизга қайтсак, бу барча минтақалардаги инвесторлар учун эшикларингизни очиқ сақлаш муҳимлигини кўрсатади. Шундай қилиб, агар бир минтақа иқтисодий зарбага учраса, Марказий Осиёга таъсири минималлаштирилиши мумкин”, - дейди Уитт.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид