Ўзбекистон | 20:15 / 24.11.2022
20670
5 дақиқада ўқилади

“Мақолани ўчиртирсанг, пулингни оласан”. Автойўл қўмитаси тадбиркор аёлга шартлар қўймоқда

Автомобил йўллари Давлат қўмитасига лифт ўрнатиб, 4 йилдирки хизмат ҳақини ололмаётган тадбиркор Kun.uz мақоласи ортидан прокуратурага чақиртирилган. Ҳолат бўйича МИБ баёнот берди. Аммо муаммо марказидаги қўмита ҳозирга қадар ҳеч қандай реакция билдиргани йўқ.

Муаммо тарихи

2018 йилда Автомобил йўллари давлат қўмитасига 3 та лифт ва эшик-ромлар ўрнатиб берган “Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари, тадбиркор Интизор Абдалниёзова 4,5 йилдирки бажарган ишлари учун 270 млн сўм миқдоридаги хизмат ҳақини ололмай келади.

Тендер танловини ўтказган “Yangiyo‘lqurilish” УК раҳбарлари лифт ва эшик-ромлар Автомобил йўллари қўмитасига қўйилганини айтиб, шартномавий мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаётган бўлса, қўмита тадбиркорга ким билан шартнома қилган бўлса, ўшаларга мурожаат қилишни тавсия қилиб сувдан қуруқ чиққан.

Тадбиркор фойдасига чиққан суд қарорлари МИБга келиб, оддий қоғозларга айланади. Бюро директори Ҳасан Кабиржонов суд қарорларини ижрога қаратиш ўрнига тадбиркорга қўлидан ҳеч нарса келмаслиги, “Автойўл билан муроса қилиш”ни тавсия қилган.

Автомобиль йўллари қўмитасининг бир неча йилдан буён қурилаётган биноси Фото: ЎзАвтойўл расмий сайти

Мақоладан сўнг...

Автомобил йўллари давлат қўмитаси масъуллари Kun.uz’да эълон қилинган мақоладан сўнг 21 ноябрь куни тадбиркор билан боғланиб, таҳририятга ёзган мурожаатини қайтариб олишни, шунда кечгача қарз тўлаб берилишини маълум қилган. Бироқ тадбиркор бундай қила олмаслигини, барчасини қонун доирасида ҳал қилаверишларини билдирган. Шу куни қўмита раисининг матбуот котиби Kun.uz таҳририяти Бош муҳарририга қўнғироқ қилиб, вазият бўйича изоҳ бериш ўрнига мақолани сайтдан ўчиришни сўраган.

Бу орада “Yangiyo‘lqurilish” УК вакиллари тадбиркорнинг уйига бориб пулни тўлаб беришларини, фақат бунинг учун Kun.uz сайтидаги мақолани ўчиртиришни сўраган.

23 ноябрь куни “Doston Akfa Plus” МЧЖ ҳисобрақамига 270 млн сўм миқдоридаги қарзнинг 90 миллиони келиб тушган. Шундан сўнг “Yangiyo‘lqurilish” УК мутасаддилари унга сайтда эълон қилинган танқидий мақолани ўчиртириш шарти билан пулнинг қолган қисми ҳам тўлаб берилишини маълум қилган. Абдалниёзовага масъуллар қўмита раиси Абдураҳмон Абдувалиев айни пайтда умра зиёратида экани, у қайтгунча бу масала ёпилиши шартлигини айтишни ҳам унутишмаган.

Интизор Абдалниёзова, “Doston Akfa Plus” МЧЖ раҳбари Фото: Kun.uz

Мақола ортидан 21 ноябрь куни Интизор Абдалниёзова Бош прокуратурага чақирилган. Тадбиркорни қабул қилган мутасаддилар 22 ноябрь куни уни Ниғматилла Йўлдошевнинг топшириғига кўра Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова қабул қилишини маълум қилишган. Бироқ айтилган куни Ортиқова қабул қилмаган. Чоршанба, 24 ноябрь куни Интизор Абдалниёзова Бош прокуратуранинг бошқа мутасаддилари томонидан қабул қилинган, бироқ унинг сўзларига кўра, учрашувда муаммосига аниқ ечим айтилмаган.

Шундан сўнг тадбиркор Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирилган. У ерда унга 270 млн сўм қарзни Автойўл нақд пул шаклида, яъни 15 минг АҚШ доллари ва 90 млн сўм кўринишида қоплаб бермоқчи эканини айтишган. Тадбиркор пул ҳисобрақамига ўтказиб берилиши кераклигини айтиб, бу таклифни рад этган.

МИБ қарздорнинг техникалари хатланганини маълум қилди

Танқидий мақолага муносабат билдирган Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати суднинг ижро варақалари ҳамда вилоят солиқ бошқармасининг қарорларига асосан қарздор “Янгийўлқурилиш” УКдан 321 млн сўм солиқ қарзи, 28 млн сўм давлат божи, шунингдек, жами 16 нафар корхоналар фойдасига 4,3 млрд сўм қарз ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари мавжудлигини маълум қилди.

“Yangiyo‘lqurilish” УКнинг хатланган техникалари Фото: МИБ

Қарздорга тегишли 4 та махсус техника воситалари хатланган, жами 4 млрд сўмга баҳоланиб, реализация қилиш учун онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган. Сотувдан тушган пул маблағлари ундирувчилар ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади”, дейилади баёнотида.

Яна бир давлат қўмитаси раиси пули тўланмаган лифтдан фойдаланади

Буни қарангки, Интизор Абдалниёзова фақат Автойўлдан куйгани йўқ. У айни кунда яна бир давлат қўмитасининг марказий биносига ўрнатган лифтлари учун ҳам пулини тўлиқ олмаган. У ўрнатган лифтларнинг биридан қўмита раиси ҳам фойдаланади. Ва энг асосийси, раис лифтнинг пули тўланмаганини жуда яхши билади.

Раисининг кабинетидаги ҳожатхонасига минг долларлик унитаз ўрнатилган қўмита қайси эканига оид тафсилотлар билан тез кунларда Kun.uz сайти орқали танишасиз.

Жамшид Ниёзов,
журналист

Мавзуга оид