Спорт | 00:15 / 15.02.2023
63790
4 дақиқада ўқилади

Қатор миллий федерациялар Тошкентдаги бокс чемпионатини бойкот қилди 

АҚШ бокс федерацияси ортидан Чехия ва Ирландия ҳам мусобақада иштирок этмаслигини маълум қилди. Буюк Британия ва Канада ҳам шундай қарорга яқин. 

Фото: Reuters

Ирландия ва Чехия бокс федерациялари 2023 йил март ойида Деҳлида ўтказиладиган аёллар ўртасидаги ва май ойида Тошкентда ўтказиладиган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этмайди. Буюк Британия бокс федерацияси ҳам ушбу мусобақаларни бойкот қилиш ҳақида ўйламоқда. Аввалроқ шундай қарор АҚШ бокс федерацияси томонидан қабул қилинган эди. 

Чехия бокс ассоциацияси (CBA) президенти Марек Шимак бундай қарорни Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) президенти Умар Кремлёвни Россия президенти Владимир Путинга «яқинлиги» ва ташкилотнинг ўзини «Газпром»га «қарамлиги» билан изоҳлади. 

Бундан ташқари, IBA томонидан Россия ва Беларус бокс федерацияларига қўйилган санкцияларнинг юмшатилиши ҳам бунга асосий сабаб сифатида кўрсатиляпти. 

2022 йил кузида IBA россиялик ва беларуслик спортчиларни изоляция қилиш бўйича ўз позициясини тубдан ўзгартириб, Украинадаги уруш бошланганидан кейин уларга нисбатан киритилган барча санкцияларни бекор қилган биринчи (ва ҳозирча ягона) йирик спорт ташкилотига айланди. Жумладан, ҳар иккала мамлакат боксчиларига ўз байроғи ва мадҳияси билан мусобақаларда иштирок этишга рухсат берилди. Бу билан IBA Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) тавсияларига зид йўл тутди ва у билан муносабатларини янада ёмонлаштирди. Жумладан, ХОҚ 2022 йил февралида Украинада уруш бошланганида барча халқаро спорт федерацияларига мурожаат қилиб, россиялик ва беларуслик спортчиларни ҳар қандай мусобақадан четлатишни тавсия қилган эди. 

ХОҚ билан IBA ўртасидаги зиддият бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Аввалроқ, ХОҚ 2028 йилги Лос-Анжелесдаги Олимпиада ўйинларининг дастлабки дастурига боксни киритмаган ва ҳатто 2024 йилги Париж олимпиадаси дастуридан чиқариб ташлаш билан таҳдид қилган эди.  

Энди жаҳон чемпионати IBA учун узоқ вақт давомида асосий турнир бўлиб қолиши мумкин. Бу йилги чемпионатларни бойкот қилиш тўғрисидаги қарорлар эса рақобат савияси жиҳатидан Тошкент мусобақасига жиддий зарар етказиши аниқ. Бойкот ҳақида қарор қабул қилган тўртта давлатдан фақат Чехия боксда четда. АҚШ, Буюк Британия ва Ирландиянинг ўрни ҳақида боксчиларининг ютуқлари айтиб турибди.  

Токио Олимпиадасида Британия бокс жамоаси жами олтита медални (ҳар бир қийматдан иккитадан) қўлга киритиб, умумий медаллар сони бўйича кубаликлар билан биринчи ўринни бўлишди. Пешқадамлар гуруҳига ирландлар (олтин ва бронза) ва америкаликлар (учта кумуш ва бронза) ҳам кирди. 2021 йилги эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатида АҚШ жамоаси иккита олтин ва иккита кумуш билан медаллар сони бўйича учинчи ўринни эгаллади ва ўтган йилги аёллар чемпионатида Ирландия жамоаси иккита ғалаба билан иккинчи ўринни эгаллади. 

IBA президенти Умар Кремлёв ХОҚ талабини бажариш ниятида эмас. Жумладан у «ҳар бир спортчига ўз мамлакати байроғи ва мадҳияси остида иштирок этиш имкониятини бериш учун курашишга» ваъда берган ва «спортчиларни бундан маҳрум қилган мансабдорлар ва сиёсатчиларнинг спортда ўрни йўқлигини» таъкидлаган. Агар IBA ўз позициясини ўзгартирмаса, катта эҳтимол билан бойкотчилар сафи кенгайиб бораверади. 

Мавзуга оид