Жаҳон | 15:10 / 09.10.2024
7896
2 дақиқада ўқилади

BRICS мамлакатлари раҳбарлари Путинни яна туғилган куни билан табрикламади

BRICS мамлакатлари раҳбарлари Россия президентини иккинчи йилдирки, туғилган куни билан табрикламаяпти. Бу йил Путин Украинада уруш бошланганидан бери хорижий давлат раҳбарларидан энг кам табрик олди.

Фото: ТАСС

Кетма-кет иккинчи йил BRICS'га аъзо давлатлар раҳбарларидан ҳеч бири Владимир Путинни туғилган куни билан табрикламади. Бундан ташқари, бу йил Россия президентига 2022 йил февралида Украинада уруш бошланганидан бери хорижий давлат раҳбарларидан энг кам табриклар келди. "Агентство" нашри 7 октябр, душанба куни Кремл матбуот хизматининг тегишли хабарларини таҳлил қилиб, дунё етакчиларидан фақат Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Путинга қўнғироқ қилгани, қолганлари телеграммалар билан чеклангани тўғрисида хабар берди.

Натижада Путинни 72 ёшга тўлиши билан саккиз нафар хорижий давлат раҳбарлари: Никарагуа президенти Даниэл Ортега, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Беларус етакчиси Александр Лукашенко, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Марказий Африка Республикаси президенти Фаустин-Арчанге Туадера, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Баҳрайн қироли шайх Ҳамад бин Исо Ал Халифа табриклади.

Бундан бир йил аввал Путинни 10 та давлат раҳбари табриклаган эди. 2022 йилда, Россия президенти 70 ёшга тўлганда, 14 дунё етакчиларидан, жумладан, Хитой раиси Си Жинпинг, КХДР давлат кенгаши раиси Ким Чен Ин ва Жанубий Африка президенти Сирил Рамафосадан табриклар келди.

2021 йилда, Россия Украинага ҳужум қилишидан олдин, Путинни Исроил, Япония, Туркия, Озарбойжон, Арманистон ва бошқа бир қатор давлатлар раҳбарлари телефон орқали табриклаган. Шунингдек, у Си Жинпинг ва Сербия президенти Александр Вучичдан телеграммалар олган.

Мавзуга оид