Ўзбекистон | 18:34 / 09.09.2020
20266
2 дақиқада ўқилади

Ноқонуний қурилишга нисбатан афв акцияси яна ўтказиладими?

Бирор шахснинг ўзига қарашли бўлган, лекин ноқонуний қурилган уйига қонуний эгалик қилиш ҳуқуқини тақдим этган бир марталик умумдавлат акциясидан сўнг, уни қайта ўтказишга эҳтиёж сезилмаяпти. Бу ҳақда Кадастр агентлиги директори ўринбосари Шерзодхўжа Ҳабибуллаев Kun.uz'га маълум қилди.

Шерзодхўжа Ҳабибуллаев

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармони эълон қилингандан сўнг, қарийб 600 минг нафар фуқаро ушбу масала билан Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилган.

Шерзодхўжа Ҳабибуллаевнинг айтишича, акция якунига етгандан кейин яна 100 минг нафар аҳоли акция доирасида мурожаатини билдирмагани маълум бўлган. Айни пайтда уларга қарашли, аммо ноқонуний уй-қурилмаси бўлиб, ушбу шахсларда мулк ҳуқуқини эътироф этиш эҳтиёжи сезилмаган.

«Уларнинг мурожаат қилмагани ўрганилган. Бунинг сабаби, қурилма эгаларининг мулк ҳуқуқини эътироф этилишига эҳтиёжи бўлмаган ҳамда долзарб эмас», — дейди у.

Ҳабибуллаевнинг таъкидлашича, давлат хизматларини кўрсатиш регламентига мувофиқ, ноқонуний қурилмага эга шахслар аукцион орқали ўз мулки жойлашган ерни сотиб олиш тартиби соддалаштирилган.

Адлия вазирлигининг маълумот беришича, ушбу акция давомида 200 мингга яқин мурожаат бўйича ноқонуний қурилмага нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилган. Бу эса умумий мурожаатларнинг 33 фоизини ташкил этади. 

Акция доирасида қабул қилинган 25 мингга яқин мурожаат бўйича эса комиссия ижобий хулосасига қарамасдан, туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан асоссиз равишда қарор қабул қилинмаган.

Мавзуга оид