Ўзбекистон | 12:48 / 07.05.2022
15566
2 дақиқада ўқилади

Урганч туманида захкаш кўмилиб, ноқонуний уйлар қурилмоқда

Хоразм вилояти, Урганч тумани, Чаккашоликор қишлоғида захкаш ўзбошимчалик билан кўмиб юборилиб, уй-жойлар қурилиши бошланган. Кадастр агентлиги бунинг ноқонуний эканини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Урганч тумани, Чаккашоликор қишлоғи, Шоликорлар маҳалласи ҳудудида деҳқончилик учун мўлжалланган ерлар яқинидаги захкаш ҳеч қаердан рухсат олинмасдан, ўзбошимчалик билан кўмиб юборилган.

Унинг ўрнида пойдевор қурилиб, деворлар тикланган ва бир неча уй-жойлар қурилиши бошланган.

Кадастр агентлиги Урганч тумани бўлими берган маълумотга кўра, ушбу ҳудудда уй-жой қуришга рухсат берилгани ҳақида ҳеч қандай ҳужжат ёки ёзувлар йўқ.

Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ҳудуднинг ён қисми деҳқончилик учун мўлжалланган ерлар ҳисобланади. Захкашнинг кўмиб юборилиши ушбу ерларнинг мелиоратив ҳолатига жиддий ножўя таъсир кўрсатади. Захкашлар ерларнинг захини қочириш учун мўлжалланган. Унинг кўмиб юборилиши ерларнинг захлаб кетишига, унумдорлигини пасайишига, фойдаланишдан эрта чиқиб кетишига олиб келади. Деҳқончилик қилинадиган унумдор ерлар тобора қисқариб бораётган шароитда бу ачинарли ҳол.

Урганч тумани мелиорация бўлими захкашни кўмиб юбориш учун ҳеч кимга ҳеч қандай хулоса берилмаганини маълум қилди.

Афсуски, Чаккашоликор қишлоғида юз берган воқеа ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаб олиш билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг кичик бир қисми холос.

Кадастр агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси берган маълумотга кўра, 2022 йилнинг 1 май ҳолатига Хоразм вилоятида 648 та ҳолатда 14 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати аниқланган. 6 гектар ер билан боғлиқ 223 та ҳолатда қонунбузилиши ихтиёрий бартараф этилган.

Ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши бўйича 340 та ҳолатда фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризаси киритилган, прокуратура органларига 66 та маълумотнома берилган.

Нурмуҳаммад Саид,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид