Самарқандда ноқонуний қурилган 12 қаватли қўзиқоринсимон бинони бузиш ишлари якунланмоқда. Ҳозирча иншоотнинг тўрт қавати қолган, ижро ҳаракатлари эса ҳали давом этмоқда. Kun.uz журналисти воқеа жойидан репортаж тайёрлади.
Ушбу бино қурилиши 2012 йилда бошланган бўлиб, 2015 йилда бетон ишлари тўлиқ якунланган. Мулк эгаси Фурқат Халиловнинг айтишича, лойиҳа япониялик архитекторлар томонидан чизилган. Бироқ бино қурилиши учун ҳоким қарори ёки тегишли давлат органларидан рухсат олинмаган – фақат атрофда яшовчи қўшнилар розилик хати беришган.


Мутахассислар иншоот қурилиш меъёрларига жавоб бермаслигини, сейсмик жиҳатдан хавфли эканини маълум қилган.
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд туман бўлими давлат ижрочиси Қаҳрамон Абдушукуровнинг маълумот беришича, бинони бузиш фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судининг 2022 йил 6 июлдаги қарори билан мулк эгаси Фурқат Халилов зиммасига юклатилган.

Бироқ мулкдор суд қарори ижросини таъминламаган. Шу сабабли МИБ суд орқали бинони мажбурий тартибда бузиш тўғрисида мурожаат қилган ва бузиш харажатлари даъвогар – Самарқанд тумани ҳокимлигига юклатилган. Кейинчалик бу харажатлар Фурқат Халилов томонидан қопланади.
Жамоатчилик бинони қисман сақлаб қолиш таклифини билдирганди. Бироқ МИБ бино тўлиқ бузилишини маълум қилди.


Фурқат Халиловнинг сўзларига кўра, у бино бузилаётган пайтларда ҳам масъул идораларга мурожаат қилишни тўхтатмаган, аммо унинг далиллари етарлича ўрганилмаган. У тақдирга тан берганини айтса-да, бинонинг мустаҳкамлиги ҳатто бузиш жараёнларида ҳам синовдан ўтганини таъкидлади.
















