Жаҳон | 12:53 / 09.05.2026
4129
9 дақиқада ўқилади

Эрон ҳамон отмоқда, Парижда байрам, Мадридда хаос — ҳафта дайжести

Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 9 май, шанба. Байрам муносабати билан бу гал ҳафталик дайжестни олдинроқ эълон қиляпмиз. Ҳафта давомида Эрон ва АҚШ яна урушиб кетди. Афтидан, музокаралар натижа бермаяпти. Москвадаги парад атрофида можаро авж олди, дунё футболидаги энг асосий мусобақа финалчилари аниқланди. Қуйида ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.

Уруш давом этадими?

Америка президенти Доналд Трамп Эронга қарши уруш тугаганини айтганди. Ундан кейин давлат котиби Рубио чиқиб янада аниқроқ қилиб «Эпик ғазаб» операцияси тугаганини айтди. Лекин Вашингтон музокараларда Теҳронни тавбасига таянтира олмаган кўринади. Эрон БААга ҳужум қилди, бунга жавобан АҚШ Эрон ҳарбий катерларини йўқ қилди. Кейин эронликлар Америка эсминецига ҳужум қилишга уринди.

Албатта, бу отишмалар уруш қайталанишига сабаб бўлмади, жиддий ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади, бироқ Америкадай кучли давлат кучли позицияда туриб музокара ўтказаётган бир вақтда худди ўша Америка президенти «таслим бўлганини» айтган нариги давлат ҳужумларни давом эттириши кўп нарсани англатади. Аввало музокаралар кутилгандек ўтмаётганини.

Америка ҳозирча Эроннинг бу ҳужумларига босиқлик билан жавоб қайтармоқда. Лекин музокараларда Эрон томондан ким қатнашаётгани, ким қарор қилаётгани аниқ эмас. Агар Америка кемаларига ҳужум қилаётган ва музокараларда Эрон томондан ҳал қилувчи сўзни айтаётган одам бир киши бўлса, у Трамп билан яхшигина сиёсий ўйин ўйнаяпти. Агар икки фронтда икки хил гуруҳлар қарор қабул қилаётган бўлса, унда вазият янада жиддий, икки томон билан ҳам келишиш керак бўлади. Хуллас, вазият мужмал. Ёки Америка Эронга чинакам кучини кўрсата олмаяпти ёки эронликлар Американинг кучидан қўрқмаяпти.

Париж яна финалда

Ҳафта давомида дунё футболидаги асосий мусобақа — Европа Чемпионлар Лигасида финалчилар аниқ бўлди. «Бавария» ва ПСЖ Париждаги фантастик биринчи ўйиндан кейин Мюнҳенда яна бир бор учрашди. Лекин бу гал олдинги каби интенсив ўйин бўлмади, Париж жуда ақлли ва тўғри ўйин кўрсатиб, финалга чиқди. Ўйин аввалида Диего Марадонанинг Неаполдаги ўнг оёқли издоши Хвича Кварацхелия ажойиб юриши билан Усмон Дембелени голли позицияга олиб чиқди 0:1.

«Бавария» голдан кейин деярли бутун ўйин давомида ҳужумга борди, бироқ Париж жуда юқори прессинг эвазига немисларга ҳеч қандай имконият бермади. Сафонов тўпни атай аутга тепавериб, «Олисени бўғиб қўйиш операциясини» муваффақиятли бошқарди, Хвича ва ҳужумдаги бошқа йигитлар тез-тез Нойерни безор қилиб туришди. Ҳарри Кейн жавоб голини жуда кеч урди, қолганига немисларнинг кучи етмади.

Шу тариқа ПСЖ ҳақли тарзда кетма-кет иккинчи марта Чемпионлар Лигаси финалига чиқди. Қизиғи, Парижга икки марта финалга чиқиш учун шунчаки Месси, Неймар, Мбаппедан қутулиб, уларнинг ўрнига югурадиган ёш йигитларни ва даҳо Луис Энрикени олиб келиш кифоя қилди.

Иккинчи финалчи «Арсенал» бўлди. Диего Симеоне бошчилик «Атлетико» Лондондаги жавоб баҳсига ҳам «майдонни автобус паркига айлантириш» режаси билан борганди. Бироқ биринчи бўлим якунида Сака ягона голни уриб «Арсенал»ни 20 йил деганда ЕЧЛ финалига олиб чиқди. «Тўпчилар» охирги марта 2006 йил Арсен Венгер бошчилигида мусобақа финалига чиқиб, Роналдинио бошчилик «Барселона»га ютқазганди.

Энди финалда мавсум давомида энг кўп гол урган ва энг кам гол ўтказиб юборган икки жамоа тўқнаш келади. Финални албатта томоша қилинг, услублар тўқнашуви унутилмас ўйин тақдим этиши аниқ. Мен финалда ҳеч бир жамоага эмас, гуржи ўғлони Хвича Кварацхелияга мухлислик қиламан. Кечагина «Рубин»да ҳаммани алдаб юрган йигитча бугун Европа футболи тахтига кўтарилиши ажойиб ҳикоя бўларди.

«Реал»да муҳит ёмон

Яна футбол ҳақида. Испаниянинг Реал Мадрид жамоасида ички муҳит ёмонлашгани ҳақида тобора кўпроқ хабарлар тарқалмоқда. Охирги вақтларда Бланкосда содир бўлган воқеаларга қаранг: Валверде ва Чуамени машғулотда жанжаллашиб кетган, ҳатто Валвердени касалхонага олиб бориб жароҳатини тикишга тўғри келгани айтилмоқда. Мбаппе тикланиш ўрнига дугонаси билан саёҳат қилиб юрганининг сурати тарқалди. Жамоадошлари класико олдидан бу бамайлихотирликни ёмон кутиб олган.

Карвахал Трент билан тескари, баъзи футболчилар Арбелоа билан гаплашмай қўйган, Рюдигер Каррерас билан жанжаллашган. Ва энг қизиғи, Мадридда ичкаридаги гапларни ташқарига ташиётган «каламуш»ни қидиришмоқда. Хуллас, Мадридда вазият жуда ёмон.

Кийиниш хонасидаги бунақа ҳолатни тузата оладиган икки мураббийни биламан: бири Зидан, бири Анчелотти. Лекин ҳозир уларнинг иккови ҳам қайтмаслиги аниқ, Зизу Франция билан келишган, Анчелотти Бразилияда катта миссия бошлаган. Перес вазиятни изга тушириш учун тезроқ обрўли мураббийни олиб келишни истамоқда. Мухлислар Мбаппени кетказиш учун петицияга имзо йиғиб юришибди. ОАВда Моурино Мадридга қайтаркан деган миш-миш тобора кўпайди.

Парад можароси

Ҳафта давомида Москвадаги парад атрофида можаро авж олди. Россия ва Украина ўртасидаги сулҳ кутилганидек мўрт бўлиб чиқди, ҳеч ким сулҳга амал қилмади, шунақа бўлиши аниқ эди. Бу орада Москвадаги парад атрофида можаро авж олди. Зеленский Россиянинг ҳарбий иттифоқчиси Арманистондан туриб «парад куни ҳеч нима қилмасликка кафолат бермаймиз» деб шов-шувли баёнот берди. Қизиғи, Зеленский бу гапни айтган жойдан қирувчи самолёт бир дақиқа ҳам сарфламай етиб борадиган масофада Россия ҳарбий базаси бор эди. Ана шунақа реаллик, Россия кўз ўнгимизда яна бир иттифоқчисини бой бермоқда.

Зеленскийнинг таҳдидли гапларига Россия томондан Владимир Путин ҳам, Сергей Лавров ҳам, ҳеч бўлмаса Юрий Ушаков ҳам эмас, ТИВ расмий вакили Мария Захарова таҳдид билан жавоб берди. Захарова хонимнинг айтишича, Украина Москвадаги парадда нимадир қилса, Киевдаги «қарор қабул қилинадиган манзилларга» зарба бериларкан.

Обама хавотирда

Ҳафта давомида АҚШ собиқ президенти Барак Обама мамлакат сиёсий ҳолатидан хавотир билдирди. Обамадан интервюда демократик партиянинг ҳолати ҳақида сўрашди. Сиёсатчи икки партиядан ҳам хавотирда эканини айтди. «Республикачиларда ҳам соғлом партия бўлишини истайман, демократларда ҳам, албатта», деди собиқ президент. Унинг сўзларига кўра, республикачилар охирги вақтларда «жуда ёмон ишлар билан машғул». «Олдингидек республикачилар қайтишини истайман, консерватив, демократларга қарши бўлган, лекин шу билан бирга қонун устуворлигини, судлар, илм-фан ва фактларни ҳурмат қиладиган», деди сиёсатчи.

Доналд Трамп Барак Ҳусайн (!) Обама эканини таъкидлаб айтадиган собиқ президенти бугунги кундаги Америка сиёсатида кузатилаётган энг жиддий муаммони жуда ўринли тарзда кўтарди. Ҳозир Америкада икки партияли тизимдан асар ҳам қолмаган. Коммунистик давлатлар каби бир партиявий тизим амалда десак ҳам хато бўлади, ҳозир Америкадаги бошқарув ҳеч қандай муболағасиз диктатура бошқарувини эслатади.

Бир партиявий тизимда ҳам бош котиб ҳеч бўлмаса партия кенгаши билан фикр алмашади. Трамп ҳозир республикачилар партияси вакиллари билан учрашиб, улардан Эронда нима қилиш бўйича маслаҳат сўрашини тасаввур қиласизми? Трампнинг Америкасида вазирлар ишдан кетганини президентнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзган постдан билиб оляпти.

Жаноб Обама ҳақ, сиёсий партиялар кучли, ўз анъаналарига содиқ бўлса, мамлакатда бошқарув издан чиқиб кетмайди. Дунёдаги энг қудратли давлат Яқин Шарқдаги бир бурда давлатнинг сўрови билан қаердадир уруш бошлаши бир одамнинг иродасига боғлиқ бўлиб қолмайди. Ҳозир Америка сиёсий партиялари мамлакат замонавий тарихидаги энг ожиз дамларини ўтказмоқда.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид