Жаҳон | 09:13 / 29.05.2026
3769
2 дақиқада ўқилади

«Арманистонни яна буюк қиламиз»: Трамп Пашинянни мақтади

АҚШ президенти Дональд Трамп Арманистонда 7 июнь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари арафасида бош вазир Никол Пашинянни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. У Пашинянни ўзининг «буюк дўсти ва ажойиб лидери» деб атади.

Фото: REUTERS

Трамп 28 май куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилган баёнотида Арманистон бош вазирини мамлакатни кучли, фаровон ва хавфсиз давлатга айлантираётган сиёсатчи сифатида таърифлади.

АҚШ президентининг таъкидлашича, Никол Пашинян унинг Арманистон ва Жанубий Кавказ учун тинчлик ҳамда тараққиёт ҳақидаги қарашларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Трамп шунингдек, яқинда АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Арманистонга ташриф буюрганини ва икки давлат ўртасида қатор стратегик келишувлар имзоланганини эслатди. Улар орасида Жанубий Кавказ орқали ўтувчи янги транспорт йўлагини барпо этиш лойиҳаси ҳам бор.

Унинг фикрича, мазкур лойиҳа минтақа иқтисодиётини ўзгартириши ва АҚШ энергетика компаниялари учун Марказий Осиёга чиқиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.

«Шу сабабли Никол 7 июндаги сайловларда қайта сайланиши учун менинг тўлиқ ва шубҳасиз қўллаб-қувватловимга эга», — деб ёзди Трамп. Шу билан бирга, у ўзининг машҳур Make America Great Again шиорини ўзгартириб, «Арманистонни яна буюк қиламиз» деган иборани ҳам ишлатди.

26 май куни Арманистонга ташриф буюрган АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян икки мамлакат ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги хартияни имзолаган эди.

Арманистонда 7 июнь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан ҳукумат ва мухолифат ўртасида сиёсий баҳслар кучайган. Кузатувчилар мамлакатдаги сайловлар натижаси Жанубий Кавказдаги геосиёсий мувозанатга ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид