Жаҳон | 13:11 / 16.12.2024
4571
9 дақиқада ўқилади

Ғазодаги мактабларга ҳужум, Туркиянинг Суриядаги асосий мақсади ва ҳибсга олинаётган жанубий кореялик ҳарбийлар — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Бир ҳафтадан зиёд вақт мобайнида Суриядаги қайноқ воқеалар фонида Ғазодаги вазият омма эътиборидан тушгандек бўлди. Бироқ Исроилнинг бу ердаги бомбалашлари тингани йўқ.

Исроил қўшинлари Ғазода «Ал-Мажида Васила» мактабига авиаҳужум уюштириб, камида 7 фаластинликни ўлдирди ва 12 нафарини ярадор қилди. Ушбу мактабда Ғазонинг бошқа ҳудудларидан мажбуран кўчирилган аҳоли жон сақлаб келаётган эди. Шунингдек, Бейт-Ҳанундаги Халил Увайда мактабига қилинган ҳужумда 15 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда.

Марказий Ғазода, Нусайрат қочқинлар лагеридаги Радийлар оиласи истиқомат қиладиган уйга ҳам Исроил ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳодиса натижасида кўплаб жароҳатланганлар борлиги хабар қилинган.

Фаластин Матбуот ассоциацияси маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазодаги ҳужумлари давомида ҳалок бўлган журналистлар сони 195 кишига етди. Охирги қурбонлардан бири Ливаннинг «Ал-Машҳад» телеканали мухбири Муҳаммад Балуше бўлди.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазода Исроил агрессияси қурбонларининг сони 44 минг 976 нафарга етгани қайд этилмоқда.

Исроил Жўлан тепаликларини бермоқчи эмас

Исроил ҳукумати Жўлан тепаликларида яҳудийлар сонини ошириш ва аҳоли пунктларини кенгайтириш дастурини маъқуллади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу ҳаракатни мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун муҳим қадам сифатида баҳолади.

«Жўланни мустаҳкамлаш Исроил давлатини мустаҳкамлайди. Биз бу ерда фаровонликни ошириш ва аҳолини кўпайтиришда давом этамиз», — деди Нетаняҳу.

Дастур учун 11 млн доллар ажратилиши режалаштирилган. Унинг доирасида таълим тизимини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш ва талабалар қишлоғини ташкил қилиш назарда тутилмоқда.

2021 йилда Нафтали Беннет ҳукумати Жўлан тепаликларида 23 минг янги кўчманчиларни жойлаштириш ва 7300 уй қуриш учун 317 миллион доллар ажратган эди.

Жўлан тепаликлари 1967 йилги «олти кунлик уруш»дан кейин Исроил томонидан босиб олинган. 9 декабр куни Нетаняҳу Жўлан ҳудуди «Исроил ҳукмронлиги остида абадий қолади», деб таъкидлади.

Эрдўған Дамашқ ва Ҳалаб ҳақида

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «Адолат ва тараққиёт партияси»нинг Сақарядаги қурултойида «агар Биринчи жаҳон уруши натижалари бошқача бўлганида, Суриянинг Ҳалаб, Идлиб, Ҳама, Дамашқ ва Раққа шаҳарлари Туркиянинг вилоят марказлари бўлиши мумкин эди», деди.

Эрдўғаннинг таъкидлашича, тарихий шартлар ўзгарганига қарамай, Туркия Сурия аҳолиси билан алоқаларини сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Бироқ рус ОАВ Эрдўғаннинг сўзларини нотўғри талқин қилиб, у гўёки Сурия ҳудудларини босиб олиш режаларини айтганини хабар қилди. Туркия президенти девони буни рад этиб, сўзлар тарихий мулоҳаза сифатида баён этилганини билдирди.

Биринчи жаҳон урушида Усмонийлар империяси мағлубиятга учраганидан сўнг, Сурия Франция ҳукмронлигига ўтган ва 1946 йилда мустақилликка эришган. Туркия эса империядан қолган ҳудудларни йўқотган бўлса-да, қўшни халқлар билан қардошлик алоқаларини сақлаб қолган.

Туркиянинг Суриядаги асосий мақсади

Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер Анқаранинг Суриядаги янги ҳукуматга ҳарбий ва мудофаа соҳасида ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди. Бунинг учун Суриянинг янги раҳбарияти расмий мурожаат қилса бас.

Гулерга кўра, яқин келажакда Сурияда РКК/YPG террорчилари бутунлай йўқ қилиниши керак. Бу нафақат Туркиянинг, балки Сурия янги раҳбариятининг ҳам асосий мақсади бўлиши лозим.

«Биз Ироқ ва Суриядаги курдлар билан эмас, фақат террорчилар билан курашмоқдамиз», деди у.

Туркия Қуролли кучлари шу йилда Ироқ ва Суриянинг шимолида қарийб 3 минг террорчини зарарсизлантирган.

Гулерга кўра, Туркиянинг Суриядаги асосий мақсади Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш, сиёсий жараённи тинч йўл билан якунлаш ва чегаралар атрофини террорчи унсурлардан тозалашдан иборат.

43 йиллик қамоқдан сўнг

Суриялик ҳарбий учувчи Роғид Аҳмад ат-Татарий 43 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқди. Уни дунёдаги энг кекса сиёсий маҳкумлардан бири деб аташади. 1981 йилда, у ҳали 27 ёшли йигит бўлганида, ҳамкасби — ҳарбий учувчининг Иорданияга қочиши ҳақидаги маълумотни яширганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Роғид ат-Татарий дастлаб Меззе қамоғида икки йил ёлғиз қамоқда сақланди, сўнгра машҳур Тадмор қамоқхонасига ўтказилди ва у ерда 2000 йилгача қолди. Кейин у Седная қамоқхонасига, 2011 йилда эса Дамашқдаги Адра марказий қамоқхонасига ўтказилди. Атиги бир дақиқа давом этган ҳарбий суд уни умрбод қамоққа ҳукм қилган.

Асад режими ағдарилгандан сўнг у озодликка чиқди.

Россиянинг Суриядаги базалари тақдири

Россия ўз қўшинларини Сурия шимолидаги фронт чизиғидан қисман олиб чиқмоқда, аммо асосий иккита база — Тартус ҳарбий-денгиз базаси ва Латақия яқинидаги Ҳмеймим ҳарбий-ҳаво базасида қўшинлар жойида қолади, деб хабар бермоқда Reuters суриялик амалдорларга таяниб.

Ҳарбий ва хавфсизлик соҳасидаги манбаларга кўра, Россия оғир техникаларининг бир қисмини Москвага олиб кетмоқда, аммо иккала база фаолиятини давом эттираверади.

Суриянинг янги маъмурияти Россиянинг базаларини сақлаб қолиш масаласини муҳокама қилиш ниятида эмаслигини билдирган. Аммо Россия ҳукумати мазкур базаларни узоқ муддат сақлаб қолиш учун музокараларни давом эттираётганини таъкидламоқда.

2017 йилда Россия ва Сурия 49 йилгача ушбу базалардан фойдаланиш бўйича келишув имзолаганди. Ҳмеймим авиабазасида 7,5 минг ҳарбий, зирҳли техника ва замонавий қуроллар жойлашган.

Керч бўғозида икки танкер ҳалокати: экологик офат хавфи

Керч бўғозида Россияга қарашли «Волгонефт-212» ва «Волгонефт-239» танкерлари ҳалокатга учради. Ҳар икки кема қумлоққа ўтириб қолган ёки бошқарувни йўқотган. «Волгонефт-212» танкеридан 13 денгизчи эвакуация қилинган, улардан бири вафот этган, икки киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Ҳар икки танкерда 5000 тонна атрофида мазут бўлиб, бу ёқилғи денгизга тушган тақдирда, тарихий экологик фалокатга сабаб бўлиши мумкин, дейди экологлар.

Greenpeace халқаро ташкилоти хабарига кўра, мазут ёйилиши натижасида Қора денгиз тарихидаги энг йирик техноген фожиалардан бири кузатилиши мумкин.

Ҳодисада ҳалокатга учраган кемалар 1980-йилларда фақат дарёларда сузишда фойдаланиш учун қурилган бўлиб, кейин яқин денгизларда сузишга мослаштирилган. Лекин довулли об-ҳаво шароитида уларнинг корпуси босимга дош бера олмаган. Сўнгги 30 йил ичида бундай кемаларда мингдан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бор.

Украина дронлари Чеченистонга зарба берди

15 декабр тонгида Украина дронлари Чеченистондаги «Ахмат-Грозний» ОМОН базасига ҳужум қилди. Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров учта дрондан бири база ҳудудига қулагани, қолганлари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар йўқ.

Чечен мухолифатчиларининг NIYSO канали эса бешта портлаш ҳақида хабар берди. Уларга кўра, ҳужумлар патрул-пост хизмати полки ва ҳарбий базага ҳам қилинган, аммо бу маълумот Қодиров томонидан тасдиқланмади.

Қодиров Россия армияси Харкивдаги украин объектларига «қасос зарбалари» йўллаганини, натижада 200 нафар украин ҳарбийси ҳалок бўлганини айтди, аммо бу даъволар ҳеч қандай далил билан тасдиқланмади. Харкив маъмурияти россияликларнинг зарбаларида бир аёл яраланганини маълум қилди.

Чеченистонда Украина дронларининг ҳужумлари декабр ойида учинчи бор кузатилмоқда.

Жанубий Корея: ҳарбийлар ҳибсга олинмоқда

Жанубий Корея полицияси мамлакат ҳарбий разведка қўмондонлиги раҳбари Мунг Сан Ҳёни ҳибсга олди. У 3 декабр куни ҳарбийларни Марказий сайлов комиссияси биносига юборганликда гумонланмоқда. Полиция тахминига кўра, Мунг президентнинг Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этиш режаларидан олдиндан хабардор бўлган. Ҳарбий ҳолат эълон қилинганидан икки дақиқа ўтгач, у ҳарбийларни бинога жўнатиш буйруғини берган.

Ҳарбий разведканинг собиқ раҳбари Но Санг Вон ҳам ҳибсга олинган. У ҳарбий ҳолат режасини тайёрлашда иштирок этганликда гумон қилинмоқда. Шунингдек, унинг собиқ мудофаа вазири Ким Ёнг Хюн билан яқин алоқалари бўлгани қайд этилган. Ким Ёнг Хюн мазкур режанинг асосий ижрочиси сифатида 8 декабрда ҳибсга олинганди.

3 декабр куни Жанубий Корея президенти Юн Сук Йол ҳарбий ҳолат эълон қилиб, парламент фаолиятини тақиқлади. Парламент бу қарорни бекор қилиб, 14 декабр куни президентга импичмент эълон қилди. Президентнинг тақдири 16 декабр куни Конституциявий судда ҳал этилади.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид