Ўзбекистон | 19:16 / 11.09.2024
6234
2 дақиқада ўқилади

Ҳар бир камбағал оиланинг камида бир аъзоси олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилади

ОТМ, коллеж, техникум талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичи камида 80 фоиз бўлса, уларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити берилади. Камбағал оила фарзандларига қўшимча грантлар ажратилади. Бу борадаги вазифалар ижросини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юкланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистондаги ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра:

  • олийгоҳ, коллеж ва техникум талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичи камида 80 фоиз бўлса, уларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити берилади;
  • олийгоҳ, коллеж ёки техникумга киришда грант учун етарли баллнинг 80 фоизини тўплаган камбағал оила фарзандларига қўшимча грант ажратилади.

Бундан ташқари, молиявий мустақил бўлган олийгоҳларни ҳар бири йилига камида 1 миллиард сўмлик грант эълон қилади.

Бу грантлар ҳисобидан, фанларни ўзлаштиришидан келиб чиқиб, камбағал оила фарзандлари контрактининг 20 фоиздан 80 фоизгача қисми қоплаб берилади.

Камбағал оилалар фарзандларини боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳларда сифатли таълим олишини ташкил қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.

Мавзуга оид