Ўзбекистон | 21:18 / 15.09.2020
35560
2 дақиқада ўқилади

«Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади» — Отабеков коронавирус статистикасига нисбатан ишончсизликка муносабат билдирди

АОКАда бўлиб ўтган брифингда коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков аҳолидан келган мурожаат ва саволларга жавоб қайтарди.

Нурмат Отабеков фуқаронинг: «Халқ орасида сизларнинг касалланганлар рейтингини камайтириб кўрсатаётганингиз ҳақида гап юрибди. Шу ҳақида муносабатингиз қандай?» дея юборган саволига жавоб қайтарди.

«Ўзбекистон Республикасида коронавирус касаллигига ўтказилган таҳлиллардан тортиб, ҳар куни қайд этилаётган беморлар, уларнинг ёши, манзили, қайси аҳоли қатлами орасида аниқланаётгани тўғрисида маълумотлар кундалик таҳлил қилиняпти ва аҳоли эътиборига етказиляпти. Юқумли касалликлар шу жиҳати билан ҳам фарқ қилади. Бу касалликда яшириш ўзини оқламайди.

Шунинг учун ҳам халқимизда чиройли бир гап бор – касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Бу касалликнинг шу даражада юқувчан эканини била туриб, статистик маълумотларни яширишга уриниш катта хато эканини мутахассислар яхши билишади.

Шунинг учун сизга расман тақдим этилаётган рақамлар бу – ҳақиқий рақамлар. Сиз бошқа давлатлар билан солиштириб кўришингиз ҳам мумкин. Ўзбекистонда айниқса қўшниларга нисбатан касалланиш кўрсаткичи юқори экани бизда статистик рақамларни яширишга уринишнинг йўқлигини кўрсатадиган ҳолат», – дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, брифингда респиратор ва ниқоблар ҳаво ўтказмай ўпкани қуритиши тўғрими дея берилган саволга ҳам жавоб берилди.

«Ниқоблар асосан барьер, яъни тўсиқ вазифасини бажаради. Бемор одам аксирганда, йўталганда ҳавога тарқатадиган майда заррачаларни тўсиб қолади, лекин ҳавони бемалол ўтказади.

Карбонат ангидриддан заҳарланиб қолиш мумкин деган фикр мутлақо нотўғри. Масалан, ҳозирги кунда COVID-19 инфекцияси билан курашаётган тиббиёт ходимлари соатлаб ниқобни ечмай беморларга қарашади.

Албатта, ниқоблардан тўғри фойдаланишга аҳамият бериш керак, яъни уларни ҳар 2 соатда алмаштириб туриш лозим», – деди Нурмат Отабеков.

Мавзуга оид