Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Бир йиллик қаттиқ ҳаракат 100 000 доллар инвестиция олиб келади” – АҚШдаги ўзбек грант ютиш ҳақида
Гулруҳ Саъдуллаева – Европанинг Erasmus Mundus гранти ғолиби, Буюк Британиянинг Chevening гранти финалчиси, АҚШнинг UBL дастури қатнашчиси. Унинг фикрича, ўзбекистонликларда йирик грантларни ютишдаги салоҳият жуда юқори. Аммо ягона муаммо уни қандай қўлга киритиш билан боғлиқ. “Потенциал бор, база бор, лекин кўпчилик нимани қаердан бошлашни билмайди. Билган одам ҳам хато қилишдан қўрқади”, – дейди Саъдуллаева. У Kun.uzʼга берган интервюсида грантлар тизими, бу борадаги тажрибаси, қолаверса, АҚШдаги ҳаёти ҳақида гапириб берди.
Kun.uz мухбири Америкага бўлган сафари давомида мамлакатда бўлиб турган бир қанча ўзбеклар билан суҳбатлар уюштирди. Шулардан бири, асли жиззахлик бир нечта мутахассисликлар бўйича олий таълимга эга ва кўплаб грантлар соҳибаси Гулруҳ Саъдуллаева бўлди.
У 2024 йил августидан бери АҚШнинг Иллинойс штати Нейпервил шаҳарчасида яшайди. Ҳозирда UGL holding компаниясида хавфсизлик менежери сифатида ишлаб келмоқда.
Гулруҳ интервю давомида нима сабаб Америкага келгани, у ердаги ҳаёти, дунёга машҳур йирик грантларни қандай қилиб қўлга киритгани, Европада каттароқ лойиҳаларда ишлагани – умуман ўзи ва қизиқ тажрибалари ҳақида батафсил гапириб берди.
– Гулруҳ Саъдуллаева ким ўзи? Дастлаб шу ҳақида гаплашсак.
– Ўзим Жиззах давлат педагогика институтида ўқиганман ва 8 йил давомида инглиз тили ва адабиётидан ўқитувчилик қилганман. Ундан ташқари лицейларда, педагогика коллежида дарс берганман. 2018 йилда консалтингга, грантларга қизиқишни бошлаб, Edu Action’га ишга ўтганман.
Ўшандан бошлаб консалтингда ишлашни бошладим ва мингдан ошиқ ўқувчиларга ёрдам бердим. Орада ўзим грантлар ютдим. Қисқаси, кимгадир ёрдам бериш ёки грантлар ютишига сабабчи бўлиш ўзимга жуда ёқади ва ўшандан бери шу грантлар билан боғлиқ ишларда ишлайман.
Шу пайтгача Erasmus грантини ютганман, Chevening финалчиси бўлганман. UBLP (Uzbekistan Business Leaders Program) грантини ютганман. Университетимдан магистратурада Sapienze University of Rome, Римдаги университетда ўзининг регионал грантини ютганман. Қолгани кичкина-кичкина грантлар, асосий катта грантлар шулар.
Бу ерда ҳам ўқиб ишлайман. Ҳозир Иллинойсда UGL – United Group Logistics деган компанияда хавфсизлик менежериман. Хавфсизликка, ҳужжатларга [қарайман], яна бир қатор вазифаларим бор. Маркетинг ва бизнес йўналиши бўйича ҳам ўқияпман.
Дипломларим кўп. Дипломатияда (Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети) ҳам ўқиганман. Гид-ҳамроҳлик ва таржимонлик фаолияти, яъни расмий равишда мен таржимон бўла оламан. Ундан ташқари Италиядаги университетда European law and Economics факултетини ҳам тугатганман. Кейинчалик Америкада лицензияга эга бўлган ҳуқуқшунос бўлиш режам ҳам бор. Фақат бу кейинроққа. Чунки ҳозирги ишим ўзимга ёқади. Ҳар куни нимадир ўрганаман, янги нарсалар ўрганаман, жамоам ёқади.
– Юқорида санаган грантларингиз қандай грантлар, улар қандай имконият яратади?
– Бакалавр учун алоҳида грант, магистратура учун алоҳида грант ва магистратура учун ҳам ҳар битта давлатга алоҳида грантлар бор. Масалан, бутун Европа Иттифоқи учун Erasmus Mundus бор, унинг ичида эса мингдан ортиқ грант бор. Йўналиши, соҳангизга қараб ва асосан магистратура учун [ўзгариб боради]. Chevening гранти бор, Буюк Британияга 100 фоизлик грант. 100 фоизлик грант деганда қандай? Сиз контракт пулини тўламайсиз. Бир йиллик контракти айтайлик, 50 минг доллар. Сиз шуни тўламайсиз, сизга ҳар ой стипендия беради. Ундан ташқари сизнинг виза, йўлкира, суғурта, китоб ҳамда саёҳат харажатларингизни ҳам тўлаб беришади. Шу жиҳатдан жуда ҳам фойдали. Умуман давлатлар кесимида ҳар хил грантлар бор, айтганимдек, Chevening (Буюк Британия), Erasmus (ЕИ мамлакатлари), DAAD (Германия), Fulbright (АҚШ), GKS (Жанубий Корея), MEXT(Япония) бор. Грантларнинг ҳаммасининг концепцияси бир хил.
Биласизми, Ўзбекистонда ҳозир ҳар хил консалтинглар кўпайган ва улар грантларга ёрдам беради. Лекин булар пулли. Истеъдодли болаларнинг грантларга, ўша консалтингларга пули етмайди. Шу ҳолатда менда ғоя пайдо бўлган. Edu Action’да SAT сертификатида натижаси баланд, умуман ютуқлари кўп, лекин иқтисодий жиҳатдан жуда ҳам қиммат контракт тўлашга қурби етмайдиган болаларга бепул хизмат кўрсатишган. Мисол учун, SAT айтайлик, 1600 дан 1500 олган, IELTSʼи 8, GPA, яъни диплом баҳолари баланд ва уларнинг потенциали бор. Улар Ҳарвардга ҳам, KAIST (Korea Advanced Institute of Science and Technology), SNU (Seoul National University)га ҳам кира олади. Лекин қаердан, нимадан бошлашни билишмайди.
Шунда бизга ўхшаган менторлар ёрдамга келади. Қандай? Мисол учун, у болаларга нимадан бошлашни кўрсатиш керак. Билган одам ҳам хато қилишдан қўрқади. Барибир битта устоз кўриш керак. Исталган касбда, журналистикада ҳам, ўқитувчиликда ҳам сиз устоз кўрасиз, ўқитувчи кўрасиз, дарсларга қатнашасиз. Грантлар ҳам худди шундай. Болаларга биз нима қиламиз, ўша ҳужжатлари, қанақа ҳужжатлар ёзиш кераклигини кўрсатамиз, қачон қабул бошланади, нималар қилиш керак, мотивацион хатлар қанақа ёзилади – умуман шулар ҳақида маълумот берамиз. Чунки бу маълумотлар одатда пулли ёки тўлиқ маълумот бўлмайди. Шунинг ҳисобига шундан бошлаганман ва ҳозир ҳам шу йўлда давом этяпман.
– Биринчи ютган грантингиз нима бўлган?
– Биринчи ютган грантим Erasmus бўлган. Ўқиб юрган пайтим магистратурада Erasmus гранти чиққан Испанияга, уни ютганман. Иккинчи ютган грантим Италиядаги регионал грант бўлган. Бу нарсада оддий ўша мотивация хати, шулар керакли бўлган, яъни база. Чунки Erasmus’да ўзининг очиладиган жойлари қисқа бўлгани учун кўпчилик топшира олмайди ва кам одам ютади. Ва кейинги грантим UBL, Uzbekistan Business Leaders Program бўлган. Топширганимда виза харажатларим, билетларим, яшаш, ойлик харажатларим ҳам тўлаб берилган. Яъни мен ўзимнинг чўнтагимдан харажат қилмаганман.
– Грантларни ютиш масаласида Ўзбекистонда салоҳият қандай?
– Бизнинг ўзбек болаларимизда салоҳият жуда ҳам баланд. Ҳозир чунки махсус ихтисослаштирилган мактаблар пайдо бўлган: Президент мактаби, Мирзо Улуғбек, умуман ихтисослаштирилган. Бу ерда болалар халқаро таълим даражаси билан бир хил ўқишади. Шунақа даражада ўқиганининг ҳисобига исталган давлат ҳужжатлари тўғри келса, грант бера олади. Ўзи нимани текширишади? Диплом баҳоси яхши бўлиши керак, керакли тестлардан етарлича балл олган бўлиши лозим ва яхши мотивацияга, ўқишга қизиқиши борлигини кўрсатиб бериш керак холос.
Бизда потенциал жуда ҳам баланд, чунки кўпчилик ҳозир ёшларнинг – SAT’да энг баланди 1600 бўлса, 1580, 1550, 1560 олган болаларни ҳам кўрганман. IELTSʼдан ҳам 9 балл олганлар кўпайиб кетди. 8-8,5 балл олганлар ҳам анча. Яъни потенциал, ўқишга бўлган чанқоқлик ҳозир энг баланд даражада. Ўшани тўғри йўналтириб, тўғри маълумот бериш керак холос.
– Грантга топширишда, уни ютиб олишда энг кўп қийнайдиган муаммолардан қайсилар? Кўпроқ эътибор қаратиш керак бўлган нуқталар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.
– Ҳамма грантда қабул ҳар хил. Лекин асосий мақсади бир хил – келажакдаги бўлажак лидерларни топиш. Яъни уларга ётиб олиб, берилиб фақатгина бешга ўқийдиган талаба керак эмас. Ўзини ҳар томонлама: ижтимоий, спорт жиҳатдан ҳам актив бўлиб кўрсатган талабаларни қидиришади. Ўша нарсани ҳужжатингизда, қатнашган конференцияларингизда, мотивация хатингизда чиройли қилиб кўрсатиб беришингиз керак. Ўша потенциалга етгандан кейин, иншони текшираётган одам бунга ишонса, кейинги суҳбат босқичига ўтасиз. Лекин муҳими — ишонтириш. Кўпчилик болаларнинг хатоси нима? Умумий маълумот ёзишади ёки “Мен болалигимда...” деб ўтмиш билан кўпроқ қолиб кетишади. Йўқ. Аниқ фактлар, ким нима қилишни хоҳлаши, нималар қилган, ҳозир нималар қиляпти, келажакда ўша ўқиш унга нима қилиб бера олади. Мисол учун, мен ТОП университетга топширяпман, айтайлик, Ҳарвардга ёки MITʼга, уларга фақатгина ўтмишидаги қийналган нарсани айтиб, ҳеч ким ўқишга кира олмаган. Яъни ҳозирги куни келажакдагиси билан бир-бирига мос тушиши керак.
– Бакалавриат билан магистратурага грантни ютиб олиш фарқлари қандай? Айнан нималар талаб қилинади, қандай ҳужжатлар, нималарга кўпроқ эътибор бериш керак?
– Ҳозир бизда таълим 11 йиллик бўлгани учун исталган давлатга бакалавриатга тўғридан тўғри кира олмайсиз. Мисол учун, Европа давлатларида 12 йиллик таълим тизими сўралади. 11 йилликни тугатиб, сиз тўғридан тўғри, айтайлик, Италияга ҳужжат топшира олмайсиз, 12 йил қилиб беришингиз керак. Бу дегани, Ўзбекистонда бир йил ўқишингиз, ёки умуман яна нимадир ўқиб берган бўлишингиз керак бўлади. Чунки бакалаврга кириш учун минимум 12 йил, магистратурага кириш учун минимум 15 йил керак. Германияга эса 13 йиллик таълим тизими шарт. Бу дегани бакалавриатга ҳозир Ўзбекистон болаларида танлов жуда ҳам кам. Бир-иккита танловлар бор, албатта. Мисол учун, Америка Қўшма Штатлари (АҚШ), Япония, Жанубий Корея баъзида қабул қилиши мумкин, Латвия, Полша, умуман МДҲ ёки умуман СССРдан чиққан давлатлар ҳам тушуниб, вазиятимизни қабул қилиши мумкин, лекин кўпчилиги қабул қилмайди.
Магистратурада анча танлов кўп. Кўпчилик айтади: “Ўзбекистон таълим сифати бўлмайди, ҳеч қаерга ўтмайди”, дейди. Йўқ, бу ёлғон. Ўзбекистонда битириб ҳам сиз бемалол ўша Кэмбриж бўладими, Ҳарвард бўладими, Стэнфорд бўладими, исталганига киришингиз мумкин. Бунда ҳеч қачон тўсиқ бўлмаган. Муҳими, баҳолар яхшилиги ва умуман айтганимдек, ўша танловдаги керакли ҳужжатларни тўғри тўлдира олиш бўлди.
Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева тайёрларди.
Тасвирчи АвазТиллаев,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
09:44
Рубио: АҚШ НАТО билан муносабатларни қайта кўриб чиқади
08:33
Трамп: АҚШ Эрон бўйича мақсадига етди, ҳужумлар тез орада тўхтайди
22:50 / 31.03.2026
Трамп Эроннинг бойитилган уран захираларини назоратга олмоқчи эмаслигини айтди
22:10 / 31.03.2026