Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент администрациясида тайинловлар амалга оширилди
Музаффар Комилов администрацияга қайтди; Жавлон Ваҳобов Абдулазиз Комиловга, Рустам Камилов Русланбек Давлетовга ўринбосар бўлди. Пўлат Бобожонов, Абдусалом Азизов, Галина Саидова, Обид Ҳакимов ва Баҳодир Тошматов амалда ўз лавозимларини сақлаб қолди.
Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли фармони билан президент администрациясида навбатдаги лавозим тайинловлари амалга оширилди.
Пўлат Раззоқович Бобожонов Ўзбекистон президентининг кадрлар бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2025 йил мартида вазирликдан кетгач, президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаевга биринчи ўринбосар этиб тайинланганди. У энди президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари мақомидан маҳрум бўлган ва оддий ўринбосарга айланган.
Галина Каримовна Саидова Ўзбекистон президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Амалда унинг лавозими ўзгармади – у шу вақтгача ҳам президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов (ҳозирда иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчи) ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Обид Арзиқулович Ҳакимов Ўзбекистон президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори лавозимига тайинланди.
Амалда унинг лавозими ҳам фақат шаклан ўзгарди – Ҳакимов бунгача Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари ҳамда Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори лавозимида эди.
Абдусалом Абдумавланович Азизов эса Русланбек Давлетовга ўринбосарлигича қолган – у Ўзбекистон президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Муқаддам Давлат хавфсизлик хизматига раҳбарлик қилган Азизов 2024 йил октябрида президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига ўтказилганди.
Музаффар Муротович Комилов президент администрациясига қайтди. У муқаддам президентнинг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлаган, 2024 йил декабрида Халқаро ислом академияси ректори этиб тайинланганди.
Энди эса Ўзбекистон президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Русланбек Давлетовга яна бир ўринбосар тайинланди – Рустам Туйчиевич Камилов ҳам Ўзбекистон президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
У 2022 йил октябридан буён Президент администрацияси ахборот-коммуникация технологиялари ва жамоат лойиҳалари бўйича шуъба мудири лавозимида ишлаётганди.
Жавлон Абдужалолович Ваҳабов Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари – Марказий Осиё халқаро институти директори лавозимига тайинланди.
Жавлон Ваҳобов 2017–2023 йилларда Ўзбекистоннинг АҚШ, Канада ва Бразилиядаги элчиси бўлиб ишлаган, 2023 йил декабрда Марказий Осиё халқаро институтига директор этиб тайинланганди. Энди у мазкур институт директори бўлиш билан бирга, президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комиловга ўринбосарлик қилади.
Баҳодир Ҳамидович Тошматов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимига тайинланди.
Тошматов ҳам амалда ўз жойида ишлашда давом этади. Муқаддам Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати раиси бўлган Баҳодир Тошматов 2020 йил октябридан буён президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг Қуролли кучларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётганди.