Отабек Рустамович Мавлонов Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани янги ҳокими этиб тайинланди.

Халқ депутатлари Олтинсой тумани кенгашининг вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирокида ўтган навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу кунгача Олтинсой тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Баҳром Маҳматрайимов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.
Вилоят раҳбари туман ҳокими лавозимига Миллий кадрлар захирасидан тавсия этилган Отабек Мавлонов номзодини таклиф этди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, Отабек Мавлонов 1980 йилда Термиз туманида туғилган. 2001 йилда Термиз давлат университетини молия йўналиши бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида маҳаллий ҳокимликлар ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари маркази тизимида турли лавозимларда фаолият юритган. Жумладан, Термиз тумани ҳокимининг ўринбосари, вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғининг ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тайинловга қадар эса Сурхондарё вилояти Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Ўз навбатида, Олтинсой тумани собиқ ҳокими Баҳром Маҳматрайимов энди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари лавозимида ишлайди.

Баҳром Маҳматрайимов 1974 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. 2000 йилда Термиз давлат университетини, 2006 йилда Банк-молия академиясини тамомлаган. Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори.
У 1996–2021 йилларда Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатасида турли лавозимларда фаолият юритган. 2021–2023 йилларда Кинематография агентлиги бош директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган.
2023 йил январидан буён Олтинсой тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган ишлаб келаётганди.















