Ўзбекистон | 09:04 / 15.04.2019
7961
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори лойиҳаси: мактабгача таълимда ДХШ янада рағбатлантирилади

Фото: ЎзА

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги махсус шахсий ғазна ҳисобварағи маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Махсус ҳисобварақ маблағларидан устувор равишда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигида шакллантирилган тузилган битимларнинг ягона реестрига киритилган тадбиркорлик субъектларининг давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишни назарда тутувчи лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда давлат-хусусий шерикчилигини рағбатлантириш тадбирларини молиялаштириш учун ажратилиши режалаштирилган маблағлар доирасида тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредит маблағлари бўйича ҳудудлар кесимида ойма-ой тақсимот қилинган режа-графикни тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тижорат банклари билан биргаликда имтиёзли кредит маблағларини олиш учун тижорат банкларига мурожаат қилган ва қонунчиликда белгиланган тартибда гаров таъминотига эга бўлган тадбиркорлик субъектларни хатловдан ўтказади ҳамда хатлов натижаларига кўра кредит миқдори кўрсатилган ҳолда ажратиладиган имтиёзли хусусий шерикларнинг рўйхатини Молия вазирлигига тақдим этиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган рўйхатга мувофиқ тижорат банклари билан 3 йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга фоизсиз маблағ ажратиш тўғрисида ўрнатилган тартибда шартномалар тузади.

Махсус ҳисобварақдан тижорат банкига маблағ ажратиш бўйича шартномаларда банк ушбу маблағлардан тадбиркорлик субъектларига мазкур Низомда назарда тутилган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида кредит бериш учун фойдаланиши қатъий белгиланади.

Тижорат банклари тадбиркорлик субъектларига бериладиган кредит қийматининг 30 фоизгача бўлган миқдорда аванс тўлови учун, кейинчалик эса объектда ҳақиқатда бажарилган ишлардан келиб чиқиб молиялаштириш талабномасини шакллантиради ва  Молия вазирлигига тақдим этади.

Махсус ҳисобварақдан тижорат банкларига тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига кредит учун ажратиладиган маблағлар кредит ажратиш муддатига қараб, тегишли баланс ҳисобварақларида ҳисобга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тижорат банклари томонидан тақдим этилган буюртмаларга асосан кредит ажратиш учун ушбу маблағларни тижорат банкларининг алоҳида баланс ҳисобварағига ўтказиб беради.

Тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш махсус ҳисобварақдан тижорат банкларига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига 3 йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга йиллик 1 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади.

Тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига кредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

Тижорат банклари махсус ҳисобварақдан ажратилган маблағлар ҳисобидан берилган имтиёзли кредитлар ва уларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан белгиланган тартибда Молия вазирлигига ҳисобот топширади.

Махсус ҳисобварақ маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилиши тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда доимий равишда мониторинг қилиб борилади.

Тижорат банклари томонидан махсус ҳисобварақдан жалб этилган маблағларни қайтариш, тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган график асосида амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит маблағлари ўз вақтида қайтарилмаган тақдирда жалб этилган маблағлар тижорат банклари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан махсус ҳисобварақга қайтарилади.

Махсус ҳисобварақ маблағларини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

махсус ҳисобварақ тушуми ва харажатлари прогнозини манбалар, ҳудудлар ва чораклар бўйича тайёрлайди, унинг бажарилишини таҳлил қилади ва мониторингини юритади;

махсус ҳисобварақ маблағларининг тушиши ва тақсимланиши ҳисобини юритади, мазкур Низом ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган харажатларни амалга оширади, махсус ҳисобварақ бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид