Жаҳон | 18:02 / 02.06.2026
5650
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Ўзбекистондан келтирилган ҳаво шари қулади ва одамлар жароҳат олди

Болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган байрамда ўрнатилган ҳаво шари кучли шамол туфайли узилиб, турар-жой бинолари устига қулаб тушди.

Фото: Видеодан кадр

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида кучли шамол оқибатида ҳаво шари назоратдан чиқиб, бир нечта уйларнинг томига қулади, оқибатда уч киши жароҳатланди. Ҳодиса 1 июнь куни кечқурун Камоли Хўжандий номидаги театр яқинида содир бўлган.

Таъкидланишича, ҳаво шари Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан маҳаллий «Фаровон» компанияси томонидан Ўзбекистондан келтирилган.

Хўжанддаги 1-шаҳар шифохонасининг маълум қилишича, ҳодиса содир бўлганидан сўнг, икки киши - 46 ёшли Ўзбекистон фуқароси Рустам Сайдалиев ва Хўжанд шаҳрида яшовчи 40 ёшли Фируза Турсунова келтирилган. Сайдалиев ҳаво шари ичида бўлган ва уни ушлаб турувчи занжир узилганидан кейин ерга қулаган.

Узилган занжир ерда турган Турсуновани жароҳатлаган. Ҳозир у шаҳар шифохонасининг неврология бўлимида даволанмоқда. Манбаларга кўра, унинг 10-11 ёшлардаги қизи ҳам ҳодиса жойида бўлган ва енгил тан жароҳатлари олган.

Хўжанд шаҳридаги Аминжон Расулов кўчасида яшовчи, ҳаво шарининг қулаши оқибатида уйларининг том қисмига зарар етган икки нафар фуқаронинг айтишича, «Фаровон» компанияси ходимлари усталарни олиб келиб, етказилган зарарни бартараф этган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид