Жаҳон | 08:37 / 13.04.2026
7983
3 дақиқада ўқилади

Венгрияда ҳокимият алмашмоқда: Орбан мағлубиятни тан олди

Виктор Орбан Венгриядаги парламент сайловида мағлубиятни тан олди ва “мухолифатда бўлсак ҳам мамлакатга хизмат қиламиз”, дея ваъда берди. Петер Мадяр бошчилигидаги “Тиса” партияси янги парламентда ўринларнинг учдан икки қисмини қўлга киритиши мумкин.

Фото: Attila Kisbenedek/AFP

Венгрия бош вазири Виктор Орбан мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида мағлуб бўлганини тан олди.

“Нима бўлишидан қатъи назар, ҳатто мухолифатда бўлсак ҳам, мамлакатга хизмат қиламиз”, — деди у 12 апрел, якшанба куни кечқурун Будапештда ўз тарафдорлари олдида сўзлаганида.

“Вазифа аниқ: энди бошқарув юки бизнинг елкамизда бўлмаган экан, биз ўз жамиятимизни мустаҳкамлашимиз керак”, — дея қўшимча қилди Орбан.

Сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайлов участкаларининг 84,91 фоизида овозлар санаб бўлинганидан кейин, мухолифат етакчиси Петер Мадяр ва унинг ўнг-марказчи “Тиса” партияси 199 ўринли янги парламентда 138 та мандат олиши мумкин. Бу эса парламентдаги ўринларнинг учдан икки қисмидан кўпроғини англатади.

Сайловчилар фаоллиги эса рекорд даражага етди. Сайлов участкалари ёпилишига ярим соат қолганда қатнашиш даражаси 77,8 фоизни ташкил қилди.

Бундан олдин, 12 апрел куни Мадяр Орбан телефон орқали уни сайловдаги ғалаба билан табриклаганини айтган эди.

“Бош вазир Виктор Орбан ҳозиргина қўнғироқ қилиб, бизни ғалабамиз билан табриклади”, — деб ёзди сиёсатчи ўзининг X саҳифасида.

62 ёшли Орбан 2010 йилдан бери ҳокимият тепасида. Жорий сайловларда эса биринчи марта унга қарши ғалаба қозониши мумкин бўлган мухолифат номзоди майдонга чиқди — бу 45 ёшли Петер Мадяр бўлди. У аввал “Фидес” партиясининг ёшлар қаноти аъзоси бўлган, “Тиса” партиясига эса фақат икки йил олдин раҳбарлик қила бошлаган.

Орбан ҳукуматидан норози бўлган фуқаролар кўрсатаётган муаммолар қаторига жамоат инфратузилмасининг ёмон аҳволи, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимидаги камчиликлар, шунингдек, коррупция киритилмоқда.

Мадяр эса, ўз сўзларига кўра, коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бориш, “тизимли ўзгаришлар”ни амалга ошириш ва янги конституцияни тақдим этиш ниятида. Бундан ташқари, у Венгрияни Россиядан узоқлаштириш ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатни НАТОнинг ишончли иттифоқчиси сифатида қайта тиклаш тарафдори эканини билдирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид