Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон кемасини ушлаган АҚШ, Малайзияда даҳшатли ёнғин ва Трамп—Лукашенконинг «катта келишуви» – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз
АҚШ—Эрон келишмовчилиги
Душанбага келиб АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳ битими бузилиши борасидаги хавотирлар кучайди. АҚШ Эрон портларини блокадада ушлаб туришда давом этмоқда. Эрон эса Ҳўрмузда денгиз қатновига нисбатан ўз блокадасини гоҳ бекор қилиб, гоҳ қайта жорий этмоқда.
АҚШ ҳарбийлари якшанба куни Бандар-Аббос порти томон сузаётган Эрон байроғи остидаги юк кемасига қарата ўт очганини маълум қилди. «Кема тўлиқ бизнинг назоратимизда ва биз бортида нима борлигини текширяпмиз!» деб ёзди президент Трамп ижтимоий тармоқларда.
Эрон ҳарбийларига кўра, кема Хитойдан келаётган бўлган. «Биз огоҳлантирамизки, Эрон қуролли кучлари тез орада АҚШ ҳарбийларининг ушбу қуролли қароқчилигига жавоб қайтаради ва қасос олади», деди Теҳрон ҳарбий расмийси.
Форс кўрфазига кириш ва чиқиш қатнови минимал даражага тушиб қолиши эҳтимоли сабабли нефт нархи кескин кўтарилди, фонд биржалари эса тебрана бошлади.
Эрон давлат ОАВларининг хабар беришича, Теҳрон янги тинчлик музокараларини рад этган. Бунга давом этаётган блокада, Трампнинг таҳдидли риторикаси, Вашингтоннинг ўзгарувчан позицияси ва «ҳаддан ташқари талаблари» сабаб бўлган.
«Бошқалар учун бепул хавфсизлик кутган ҳолда Эроннинг нефт экспортини чеклаб бўлмайди. Танлов аниқ: ёки барча учун эркин нефт бозори, ёки ҳамма учун жиддий харажатлар хавфи», деб ёзди Эроннинг юқори мартабали амалдори Муҳаммадризо Ориф.
Бундан аввал Трамп агар Теҳрон унинг шартларини рад этса, АҚШ Эрондаги барча кўприк ва электр станцияларини йўқ қилишидан огоҳлантирганди. Унинг сўнгги пайтлардаги доимий таҳдидлари ўз услубида давом этмоқда.
Эрон эса агар Америка унинг фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилса, АҚШ базалари жойлашган қўшни Араб давлатларининг электр станциялари ва сувни чучуклаштириш иншоотларига зарба беришини айтган.
Асосий воситачи вазифасини бажараётган Покистон шу ҳафта бошидаги эҳтимолий музокараларга тайёргарлик кўрмоқда. Исломободда жамоат транспорти ва оғир юк машиналари ҳаракати тўхтатилди. Ўтган ҳафта музокаралар бўлиб ўтган Серена меҳмонхонаси қаттиқ қўриқловга олинди.
Малайзияда даҳшатли ёнғин
20 апрел Малайзиянинг Сабоҳ штатида жойлашган қирғоқ бўйи қишлоғида улкан ёнғин 1000 га яқин вақтинчалик уйни вайрон қилди ва аҳолини бошпанасиз қолдирди.
Ёнғин якшанба куни эрта тонгда «сув устидаги қишлоқ»да бошланган. Бу ҳудуд Малайзиянинг энг камбағал аҳолиси, жумладан, туб халқлар ва фуқаролиги бўлмаган жамоалар маскани ҳисобланади. Улар бир-бирига жуда зич қилиб қурилган, сув устидаги ёғоч устунли уйларда яшашади.
Ўт ўчириш департаменти ҳисоб-китобларига кўра, ёнғиндан тахминан 4 гектар майдон зарар кўрган. Кучли шамол ва уйларнинг бир-бирига жуда яқинлиги ёнғиннинг шиддат билан тарқалишига сабаб бўлган, тор йўллар эса қутқарув ишларини мураккаблаштирган.
Шунингдек, денгиз сувининг қайтиши — паст тўлқин ҳолати очиқ сув манбасини топишни қийинлаштирган. Қурбонлар ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот келиб тушмади. Ҳозирда «хавф тўлиқ бартараф этилган». Сандакан полицияси маълумотларига кўра, ёнғин жами 9 007 нафар аҳолининг мулкларига зарар етказган.
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим жабрланганларни имкон қадар тезроқ ёрдам ва вақтинчалик бошпана билан таъминлаш чоралари кўрилаётганини айтди.
АҚШда оммавий отишма
Якшанба куни АҚШнинг Луизиана штатида қуролланган шахс ўзининг етти нафар фарзанди ва яна бир вояга етмаган болани ўлдирди.
Шривпорт шаҳри полициясининг маълум қилишича, отишма содир бўлган уй ичидан етти кишининг жасади топилган, саккизинчи бола эса том орқали қочишга уринаётганида ҳалок бўлган.
Гумонланувчи аввал бир аёлга ўқ узган, сўнг яқин атрофдаги уйга бориб, у ердаги болаларни қатл қилган. Болаларнинг ёши 1 дан 14 ёшгача бўлган.
Ҳозирда икки аёл оғир жароҳатлар билан шифохонада даволанмоқда. Полицияга кўра, ўқ узган шахс ва ўқ еган аёллардан бири — ўлдирилган етти нафар боланинг ота-онаси бўлган. Аёллардан бирининг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Ҳужум оилавий зўравонлик акти сифатида баҳоланмоқда.
Гумонланувчи Шамар Элкинснинг ўзи машинада қочаётганда полиция томонидан отиб ўлдирилган. Терговчилар қотиллик сабаби – мотивини аниқлаш устида ишламоқда.
Ушбу ҳодисани ҳисобга олмаганда, жорий йил АҚШда камида 119 та оммавий отишма содир бўлди. Ушбу отишмалар натижасида 117 киши ҳалок бўлган, шундан 79 нафари болалар.
Болгарияда сайловлар
19 апрел кунги экзитпол натижаларига кўра, собиқ президент Румен Радеев Болгариядаги сайловларда мутлақ ғалаба қозониш арафасида. Reutersʼнинг ёзишича, у ҳатто парламентда кўпчилик ўринни эгаллаши мумкин. Бу эса Европа Иттифоқи аъзоси Болгарияда йиллар давомида ҳукм сурган ташқи сиёсатни ўзгартириши мумкин.
Дастлабки натижалар Радеевнинг «Прогрессив Болгария» партияси 44% овоз билан — собиқ бош вазир Бойко Борисов бошчилигидаги ГEРБ партиясидан анча ўзиб кетганини кўрсатди.
Агар ушбу натижалар тасдиқланса, ўнлаб йиллар давомида гоҳ ҳокимиятда, гоҳ мухолифатда бўлиб келган партияни четга суриш ва беқарорликка якун ясаш мумкин.
Радеев Ғарбда россияпараст сифатида кўрилади. У Украинанинг Москвага қарши урушини ҳарбий қўллаб-қувватлашга қарши бўлган, ўзи собиқ ҳарбий учувчи.
Радеев 6,5 миллион аҳолига эга Болқон давлатида сиёсий беқарорликдан тўйган, коррупция ва сиёсатни монополия қилган фахрий партиялардан чарчаган сайловчиларнинг норозилик тўлқинидан фойдаланди.
Ўз кампаниясида Радеев Москва билан муносабатларни яхшилаш ва Россия нефт-газининг Европага эркин оқимини қайта тиклаш ҳақида гапирганди.
Унинг қарашлари – НАТО аъзоси бўлган ва шу йил Евро ҳудудига қўшилган Болгариянинг ташқи сиёсатига қанчалик таъсир қилиши ҳозирча аниқ эмас.
Лукашенко Трамп билан кўришмоқчи
Беларус президенти Александр Лукашенко икки давлат ўртасида «катта келишув» тайёрлангач, АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашишга тайёрлигини маълум қилди.
«Биз келишувга тайёрмиз, бироқ келишув — АҚШнинг ҳам, Беларуснинг ҳам манфаатларини акс эттирадиган тарзда тайёрланиши лозим», деди Лукашенко рус ОАВга берган интервюсида.
Лукашенко Россия президенти Владимир Путиннинг яқин иттифоқчиси ҳисобланади ва у Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаган. Аммо жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун ўз қўшинларини юбормаган.
Лукашенко улар Ғарб санкцияларига мослашганини ва Вашингтон билан бўладиган ҳар қандай эҳтимолий келишув шунчаки санкцияларни юмшатишдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олиши кераклигини таъкидлади.
«Бизда ҳал қилиниши керак бўлган масалалар анча кўп ва 'катта келишув'нинг мавзуси ҳам шундан иборат. Бу масалаларни қуйи даражада якунлаб олсак, Доналд билан учрашишга ва битимни имзолашга тайёрмиз», деди у аниқ масалаларни очиқламаган ҳолда.
Шу йилнинг март ойида Трампнинг вакили Жон Коул Беларус президенти тез орада АҚШга ташриф буюриши мумкинлигини айтганди. Инсон ҳуқуқлари бузилиши учун қораланадиган авторитар етакчи учун бундай сафар дипломатик бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
13:45
БМТ раҳбарлигига 4 номзод, Японияда 8 балли зилзила хавфи ва Мексикада Жаҳон чемпионати олдидан отишма – кун дайжести
14:55 / 18.04.2026
Ҳўрмузни очган Эрон, Россия чегарачиларида янги ваколат ва Трампнинг Исроилга талаби – кун дайжести
14:12 / 17.04.2026
Оташкесимга келишган Исроил ва Ливан, Индонезияда вертолёт ҳалокати ва Ҳўрмуздаги миссия муҳокамалари – кун дайжести
14:36 / 16.04.2026