Ўзбекистон | 21:50 / 08.05.2023
25086
7 дақиқада ўқилади

Инвестор қийноққа солингани айтиляпти. Унинг адвокати ИИВнинг даъвосини рад этди

ИИВ наманганлик йирик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг Тошкентда, тергов бўлимида калтакланганини инкор қилиб, суратдаги жароҳатлар эски эканини иддао қилганди. Тадбиркорнинг адвокатига кўра эса, мижози ички ишлар органига соғ-саломат борган, қаршилик кўрсатмаган, танасидаги жароҳатлар айнан тергов бўлимида пайдо бўлган.

Наманганлик тадбиркор Дилшод Тўрахўжаевнинг адвокати Нурулло Тўлаганов мижози тергов бўлимларида шафқатсиз калтакланганини айтиб, унинг тан жароҳатлари акс этган суратларни эълон қилди.

Дилшод Тўрахўжаев – Наманганнинг Поп туманидаги Чодак қишлоғида “Aparat Hotel Kosmos” номли дам олиш комплексини қурган инвестор. У Жиноят кодексининг 164-моддасида (Босқинчилик) кўзда тутилган жиноятни содир этишда гумонланяпти. Тергов унинг уюшган жиноий гуруҳ аъзоси эканини даъво қилмоқда.

Фото: Facebook / Нур Тўла

Тўрахўжаевнинг яқинлари “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилиб, у 12-15 апрел кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноқларга солингани, оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, аёвсиз дўппосланганини иддао қилган. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов Facebook'даги саҳифасида ёзиб қолдирган.

“Суриштирув, адвокатлари ва гувоҳлар билан суҳбатлардан сўнг маълум бўлдики, Дилшоджон Тўрахўжаев ҳақиқатан ҳам фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, қора махсус кийимдаги “ажал фаришталари” ва терговчилар томонидан мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинган”, – дейилади “Эзгулик” жамияти тарқатган ахборотда.

Дилшод Тўрахўжаев Фото: Facebook / Abdurakhmon Tashanov

Воқеага ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов муносабат билдириб, мазкур жиноят иши бўйича 10 нафар гумондор қўлга олингани, улар оғир жиноятларни содир этишда гумонланаётганини билдирган.

Шунингдек, ИИВ баёнотида йирик уюшган жиноий гуруҳ тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келгани, улар илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судлангани ва ниҳоятда тажовузкор экани сабабли махсус кучларни жалб этган ҳолда қўлга олингани айтилган.

Ҳозирда учинчи шахслар орқали илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади кўзланаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Ҳар бир ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда”, – дея қўшимча қилинган расмий муносабатда.

Дилшод Тўрахўжев собиқ бош вазир ўринбосари – туризм вазири Азиз Абдуҳакимов билан Фото: Facebook / Нур Тўла

Адвокат Нурулло Тўлаганов мижозининг олиб кетилиш тафсилотларига тўхталаркан, адвокат мижозининг процессуал ҳуқуқлари бузилганини айтган.

ИИБ биносига киргандан кейин уйига бир марта телефон қилиш ҳуқуқи бор. Лекин бу талаб ҳам бажарилмаган. Уйдагилари 15 апрелда уни қидириб Тошкентга олиб кетилганини аниқлашган, шундан сўнг мени шартнома асосида ёллашди. Терговчини топиб гаплашсам, у ҳам кўришишга рухсат бермади, судда гаплашиб оларсиз деди”, – дейди Тўлаганов.

Судда кўришганда Тўлаганов тадбиркор баданида жароҳатлар пайдо бўлганини кўриб, уларни тасвирга тушириб олган.

Яхшиям расмга олибман. Қийноқлар шу воқеадан 1 кун ўтиб тугабди. Кейин шаҳар судига апелляция ёздик, ҳимоямдаги шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси танланди. Судьяга бу одам тадбиркор деб тушунтирдим. У аслида Россия фуқароси, аммо прокурор илтимосномасида ҳам у Ўзбекистон фуқароси дея қайд этилган”, – дейди адвокат.

Фото: Facebook / Нур Тўла

Нурулло Тўлагановнинг айтишича, у ҳимоясидаги шахснинг тергов жараёнида олган жароҳатлари суратларини судяларга, терговчига ва Тошкент шаҳар прокурорига ҳам тақдим қилган. Лекин текшириш ишлари жуда суст кетаётганидан хавотирдалигини билдирган. Мутасадди идоралар Тўрахўжаев билан жароҳатлари масаласида боғланмагани айтилмоқда.

Тадбиркорнинг жароҳат олган суратлари тарқалгач, 6 май куни Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, Дилшод Тўрахўжаев билан учрашган. Суҳбат давомида тадбиркор ўзига нисбатан Поп тумани ИИБда ва кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББда руҳий ва жисмоний босим ўтказилганини тасдиқлаган.

Омбудсман Тўрахўжаевнинг қийноққа солингани ҳолати юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишининг таъминланиши юзасидан Бош прокуратурага назорат хати киритганини билдирган.

Kun.uz адвокатнинг видеомурожаати юзасидан муносабат олиш учун ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди.

“Мазкур ҳолат, шу жумладан томонларнинг важлари прокуратура органлари томонидан ўрганилиб ҳуқуқий баҳо берилади. Бу ҳақда ИИВ расмий муносабатида айтилган”, – дея қисқа жавоб билан чекланди вазирлик мулозими.

Apart Hotel Kosmos меҳмонхона ва дам олиш мажмуаси

Шу ўринда яна бир жиҳат бор. Босқинчиликда гумонланаётган Дилшод Тўрахўжаев 2000–2020 йилларда Россияда яшаб, ўша ерда тадбиркорлик билан шуғулланиб келган. У телевидениега берган интервьюсида 2020 йили президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларига ишониб, Ўзбекистонга қайтганини айтади. Буни 2020 йилда Kun.uz билан суҳбатда ўша пайтда Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари бўлган Толиб Юсупов ҳам айтган.

Поп туманида Чодак қишлоғида яшаган Дилшод Тўрахўжаев – 2000–2020 йилларда Россия Федерацияси фуқаролигини олган тадбиркор. У томонидан жами 400 минг доллар ҳамда 4 млрд сўм кредит ҳисобига “Чодак” МФЙ ҳудудида “Apart Hotel Kosmos” дам олиш маскани – меҳмонхона-кемпинг хизматларини кўрсатувчи туризм объектига асос солиниб, 50та иш ўрни яратиш чоралари кўрилмоқда”, – деганди вилоят ҳокими ўринбосари.

Apart Hotel Kosmos меҳмонхона ва дам олиш мажмуаси

Наманганнинг Чодак қишлоғида қурилаётган Apart Hotel Kosmos меҳмонхона ва дам олиш мажмуаси умумий қиймати 2 миллион доллардан ошади. Бу ташаббус президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам эътиборига тушган.

“Поп тумани Чодак қишлоғидаги 2 гектар тоғли майдонда тадбиркор томонидан 25 миллиард сўмга замонавий дам олиш комплекси барпо этилган. Бунинг ҳисобига бу ерга бир ойда 15-20 минг нафар сайёҳ келмоқда”, дея видеоселектор йиғилишида Тўрахўжаевни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатган Шавкат Мирзиеёв.

Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Тўрахўжаевга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилгани ҳолати юзасидан тадбиркорнинг ҳимоячиси берган аризага асосан Миробод туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Текширув давомида тадбиркорнинг тан жароҳати олгани ҳамда унинг барча важлари ҳар томонлама, тўла ва холисона текширилиб, тўпланган далилларга асосан ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади, дея маълум қилди Бош прокуратура мулозими.

Мавзуга оид