Ўзбекистон | 13:25 / 24.09.2021
8729
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда «свет» ва сув бўйича қандай ишлар режалаштирилгани айтилди

Самарқанд вилоятида сўнгги 5 йилда электр энергия истеъмоли бир ярим баробарга ошгани боис, унинг таъминотини яхшилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Ҳозирги кунда вилоятдаги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари талабнинг атиги 2 фоизини қоплайди. Келгуси икки йилда Нуробод, Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларида жами қуввати 400 Мегаваттли қуёш электр станциялари ва кичик ГЭСлар ишга туширилади. Натижада, 600 минг нафар аҳоли ва 2,5 мингдан зиёд корхоналарни таъминлаш учун етарли бўлган қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади. 6 минг километр тармоқлар, 500 киловольтли нимстанция, 2 мингта трансформатор ва 61 мингта эски симёғочлар тўлиқ янгиланади.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари давом эттирилади. Бунда шароити оғир 32 та қишлоқ ва маҳаллани ободонлаштириш учун келгуси йилнинг ўзида 390 миллиард сўм йўналтирилади. Ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларини қуриш учун бюджетдан 275 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағлар маҳаллий кенгаш қарори асосида, мақсадли ишлатилади.

Келгуси беш йилда марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 64 фоиздан 84 фоизга, оқова сув тизими 12 фоиздан 35 фоизга етказилади. Хусусан, Каттақўрғон шаҳри ичимлик ва оқова сув тизимларини яхшилаш мақсадида 66 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиб, ичимлик сув таъминоти билан тўлиқ қамраб олинади. Илгари ичимлик суви етиб бормаган Каттақўрғон, Иштихон, Пастдарғом, Нуробод, Нарпай, Жомбой, Оқдарё ва Тойлоқдаги 177 та маҳалланинг 680 минг аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади. 

Келгуси беш йилда 28 минг хонадонли 730 та кўп қаватли уйлар барпо этилади, олдинги беш йилга нисбатан 2 баробар кўп. Чекка ва олис ҳудудлардаги 408 та кўп қаватли уйларни таъмирлашга бюджетдан маблағ ажратилади. “Реновация” дастури асосида, Самарқанд шаҳрининг Темир йўл ҳудудида 100 мингдан ортиқ аҳоли учун кўп қаватли замонавий уйлар, Ширин массивида 90 минг нафар аҳолига мўлжалланган шаҳарча барпо этилади. 

8 минг километрдан зиёд автомобиль йўли ва ички кўчалар, 270 та кўприкни қуриш-таъмирлаш учун  4 триллион сўм йўналтирилади. Келгуси йилдан Каттақўрғон, Иштихон, Пайариқ ва Қўшработ туманларидаги 105 та маҳалладаги 400 минг аҳоли учун жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилади”, деди президент.

Мавзуга оид