Технология | 23:53 / 06.06.2018
7190
3 дақиқада ўқилади

2025 йилга бориб Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 21 фоиздан ошади

Фото: KUN.UZ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йилгача Қайта тикланувчи энергетика манбаларини ривожлантириш ва энергосамарадорликка доир махсус дастур ишлаб чиқилди. Республикада гидроэнергия билан шуғулланувчи алоҳида "Ўзбекгидроэнергия" корхонаси ташкил этилди, "Ўзбекэнерго" ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларига эътибор қаратмоқда. Эксперт Толиб Султонов Марказий Осиё Халқаро экологик форуми доирасидаги сессия давомида шу мавзуда сўз юритди. 

"2025 йилгача Ўзбекистонда 21 фоиздан ортиқ энергияни қайта тикланувчи энергия манбаларидан олиш тахмин қилинмоқда", - дейди у.

Экспертнинг сўзларига кўра, бугунга келиб Ўзбекистонда биогаз технологияларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг биогаз технологияларни ривожлантиришга доир қарори ва бу технологияларнинг қайси вилоятларда қандай йўлга қўйилиши бўйича махсус дастури шундан далолатдир. Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергетика манбаларини ривожлантиришга доир тегишли имтиёзлар мавжуд. 

Фото: МОМЭМ

"Халқаро ташкилотлар, жумладан Жаҳон банки қишлоқ жойларида қайта тикланувчи энергия манбаларини татбиқ этишга доир 12,5 миллион долларлик катта лойиҳани амалга оширди. Ҳозирга келиб фермерларимиз биогаз технология нима экани ва уни қаерда қўллаш мумкин, қандай ҳажмда, қандай иқтисодий фойда олиш мумкинлигини яхши билишади. Айниқса, сув сатҳини кўтариш учун қайта тикловчи энергия манбаларидан фойдаланишга доир ишлар катта қизиқиш уйғотди, жуда катта эффект берди ва ҳозирда бу кенг тарғиб қилинмоқда, - деди Толиб Султонов. -  Шундай экан, барча мамлакатлар саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари қуёшли эканини инобатга олиб, бу катта салоҳиятдан биргаликда фойдаланишимиз ва бир-биримизга энг яхши тажрибалар технологияси билан алмашишимиз мумкин".  

Сессияда шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистондан келган мутахассислар ҳам ўз мамлакатларидаги қайта тикланувчи энергия манбалари ва янги технологияларнинг ривожланиши ҳақида маълумот беришди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид