Ўзбекистон | 15:24 / 21.10.2024
8604
7 дақиқада ўқилади

“Кечаси ҳам тарақ-туруқ тинмайди” — яшнободликлар маҳалладаги қурилишдан нега норози?

Тошкентнинг Жўрабек маҳалласида 17 қаватли 4 та уй қад ростламоқда. Қурилиш майдони яқинидаги ҳовлилар эгалари тирбандлик ошишидан, юқори қаватда яшовчиларнинг доимий кузатувида бўлишидан хавотирда. Қурилиш буюртмачиси эса аҳоли кўрсатган камчиликлар бартараф этиб келинаётгани, ишлар қонун доирасида кетаётганини айтмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкентнинг Яшнабод тумани Жўрабек маҳалласида “Islamabad Residence” МЧЖ томонидан бир нечта кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Жами 4 блокка бўлинган 17 қаватли биноларнинг барпо қилинишига маҳаллий аҳоли қарши. Kun.uz иккала томонни тинглаган ҳолда репортаж тайёрлади.

Таҳририятга мурожаат қилган фуқароларга кўра, дастлаб бу ерда “Ислом ота” масжиди учун автотураргоҳ қурилиши, кейин эса лойиҳа ўзгариб, 2 қаватли савдо мажмуаси бўлиши айтилган. Сўнг бу лойиҳа ҳам бекор қилиниб, ҳудудда иккита 7 қаватли турар-жой қад ростлай бошлаган. Аммо номаълум сабаблар билан жараён тўхтатилиб, шу билан 2023 йилда айни ҳозирги уйнинг қурилиши бошланган.

Биздан ҳеч ким сўрамаяпти”

Kun.uz билан суҳбатда бўлганларнинг асосий эътирози – йўлнинг эгаллаб олинаётгани ва шу сабаб тирбандлик муаммоси кучаяётгани билан боғлиқ бўлди.

Бу ерда “Ofiyat Residence” деб ёзилган турар-жой мажмуаси қурилмоқда. Ҳозир 17 қаватли уй 4 та блокда тушмоқда. Ҳар бир қаватида 4 та хонадон бўлади, жами 60 та хонадон битта уйда. [Шулардан тахминан] 30 та хонадонда автомобил бўлади. Булар [қурувчилар] ерости автотураргоҳ бўлишини айтишмоқда.

Автотураргоҳ ҳам пулли бўлиши мумкин, бунга кимдирнинг қурби бор, кимдирнинг хоҳиши йўқ, олмайди. Демак, кечаси, кундузи ҳам машиналарни шу атрофга ташлаб кетишади. Ўшанда маҳаллага умуман кириб бўлмайди. Шу ҳолатда ҳам тирбандлик бўлиб кетмоқда”, – дейди яшовчилардан бири.

3-4-блокдаги уйлар кўчадан киришга халал беради. Ҳар хил вазият: офат бўлиб қолиши бор, ёнғин хавфсизлиги бор. Ким билади қандай рухсат олган? Йўлакка машина учун неча метр жой қолдиряпти, шуларни инобатга олмаган.

Нима учун ерусти ўтиш кўпригини қилди? Аҳоли шу йўлдан ўтганда палакат, “наезд” бўлмасин, йўл ҳаракатида ногирон бўлиб қолмасин деб [қуришган]. Уйни ҳам шу кўприкка тақаяпти, бу ҳам қурилиш архитектурасига тўғри келмайди-да. Кўприкдан чиқиб уйини томоша қилиб турадими? Квартира ҳам телевизор бўлиб қолди-ку”, – дейди фуқаро.

[Қурилиш бўйидаги йўл] ўпирилиб кетди. Йўлга 2 та машина сиғарди, бемалол ўтар эди, ҳозир 1 та машина зўрға ўтяпти. Ҳам бу ерда ногиронлар мактаби бор, ёши улуғлар бор... Мен ўзим 70 йилдан бери шу ерда яшайман, бизга йўлни Қорасувдан қуриб беришармиш.

Бу ерда 250талик ТП турибди, худо асрасин, 250 талик ТПга шунча абонент улаганки, портлаб кетса, ҳаммаёқ ёниб кетади. [Қоидасида] айтилган, маҳаллага келиндими, маҳалла аҳолисидан ёзма розилигини ол, булар биздан ёзма розиликни олишмаган”, – дейди яна бир одам.

Аҳоли вакилларидан яна бирига кўра, қурилиш ишлари тунда ҳам олиб борилаётгани одамларнинг тинчини бузяпти.

2023 йил июн ойида Олот кўчасидан 33-уйни яхши ниятлар билан олганман, мен бу ерда ҳамма томонимни тўсиб, ўраб олишларини билмагандим. Билганимда олмасдим. Ҳаво ҳам кирмаяпти, қуёш ҳам тушмаяпти, сутка давомида тўлиқ тарақ-туруқ. Уйда 6 ойлик набирам бор, кечаси соат 2ларда чўчиб уйғониб кетади. Бу овоздан нафақат биз, чақалоқлар уйғониб кетяпти.

6-қаватдан тепаси ҳовлимни тепасидан кўриб турибди, уйингизда нима қиляпсиз, қандай кийимда юрибсиз, [ҳаммаси кўринади]. Ҳатто, кундузи у ердан бу ерга ўтсам ҳам қурилиш ишчилари қўл силтайди. Ноқулай-да бу. Инсон манфаатлари биринчи ўринда деб қўйганмиз, инсон манфаатлари энг охирги ўринга чиқиб кетди. Биздан одаммисан, итмисан деб ҳеч ким сўрамаяпти”, – дейди у.

Қурувчи: “Қурилиш қонун ҳужжатлари доирасида амалга оширилмоқда”

Қурилиш буюртмачиси – “Islamabad Residence” МЧЖнинг ички назорат бўйича вакили Ҳамидулла Набиевнинг сўзларига кўра, компания қурилиш ишларини тегишли ҳужжатлар асосида, қонунчиликка мувофиқ олиб бормоқда.

Маҳалла бизга аввал ҳам чиқишган. Биринчи шикоятларда ҳам уларга ҳужжатларни кўрсатганмиз. Шаҳар прокуратурасига ёзишган, у камчиликларни биз албатта бартараф қилганмиз. Ҳозирги кунда шу ҳолатлар яна қайтарилмоқда. “Йўлни тўсиб қўйган” дейишади. Йўл ниманинг ҳисобига тўсилади, бизнинг қурилишимиз ёнидан “Ислом ота” масжиди бор, 5 маҳал намоз учун ходимлар келишади. Уларга машинангизни қўйманг деёлмайман-ку. У кўча ҳамманики.

Қурилиш бўйича бизнинг чегарамиз бор, чегара бўйича ўраб олганмиз. Кенгашдан, шаҳар архитектурадан рухсатномамиз бор, кадастримиз бор. Шу меъёрлар асосида қилинмоқда. Йўлни эгаллаб олмаймиз, у кенгаяди. Ҳозирги кунда объектимизнинг қурилиши кетаётгани учун чегараларимиз бор”, – деди Набиев.

Суҳбатдошимиз уйнинг юқори қаватларидан ҳовлилар кафтдек кўриниб туришига тўхталаркан, бундай масофада қурилиш қилиш шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид эмаслигини билдирди.

Ҳозирги кунда шу талаблар бўляпти, лекин кўп жойда, битта бизнинг объектимизда эмас. ШНКда қонун-қоида, радиуси бор. Инсон масофани тўғри кўриши мумкин, тепадан пастга қарасангиз, у масофа узоқлашади. Ўзининг радиусида қарасангиз, у ҳовли кўринмайди. Энг минимал масофаси – “дом”дан аҳоли яшайдиган жойгача 55 метр. Биздан шу масофа талаб этилган, қилинган”, – деди у.

Суҳбатдан сўнг компания қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун Қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг объектни рўйхатдан ўтказгани ҳақидаги кўчирмаси, Қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг хулосаси, экологик экспертиза хулосаси ва аҳоли номидан розилик сифатида “Жўрабек” МФЙ раиси имзо чеккан протоколни тақдим қилди.

Эслатиб ўтамиз, маҳалла раислари аҳоли номидан қурилишга розилик хати бериши, кейинчалик бу маҳаллада яшовчилар қурилишдан норозилик билдириши ҳолатлари аввал ҳам кўп бора кузатилган.

Мавзуга оид