Ўзбекистон | 23:12 / 13.01.2020
122001
3 дақиқада ўқилади

Россияга қатновчи ўзбекистонлик ҳайдовчилар янги божхона тартибидан шикоят қилмоқда (видео)

Ўзбекистон ва Россия шаҳарлари ўртасида енгил автомобилда қатнайдиган ўнлаб ҳайдовчилар 13 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биноси олдида тўпланишди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, республиканинг турли вилоятларидан келган ҳайдовчилар 1 январдан кучга кирган янги божхона тартибидан шикоят қилишмоқда.

Янги тартибга кўра, эндиликда жисмоний шахслар шахсий эҳтиёжлари учун чет элдан олиб келаётган товари миқдори божсиз олиб кириш меъёрларидан ортса, божлар соддалаштирилган тартибда ундириляпти.

Яъни божхона божи, ҚҚС ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўлови жорий этилди. Тўлов ставкаси товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин бир килограми учун 3 доллардан кам бўлмаган миқдорда белгиланган.

Ҳайдовчилар нимадан норози?

Ҳайдовчилар жорий этилган бож миқдори қимматлигини айтиб, уни пасайтиришни илтимос қилишмоқда.

«Ўзбекистонга кириб келишда 1 кг юк учун тўланадиган 3 доллар Россияда ишлайдиган юртдошларимизга ва Россия-Ўзбекистон йўналишида қатнайдиган ҳайдовчиларга оғирлик қиляпти.

Россияда ишлайдиган яқинларимизнинг ойлиги 30-35 минг рубль атрофида бўлса, ундан ойлик патент тўлови ва квартирасига тўласа, юкларини олиб келишимиз учун бизга килосига 120 рублдан (2 долларга яқин) тўлов қилса, фуқароларимизга нима қолади?

Оила боқиш учун 4-5 кунлаб, уйқусизлик азоби билан Қорақалпоғистон чегарасигача етиб келамиз. Шу 4-5 кун ичида Қозоғистон билан чегарадаги божхонада бир кунлаб навбатда қолиб кетамиз. Божхонага киришда «Юкларимиз учун қанча пул олишаркан?» деб юрак ҳовучлаб ўтирамиз.

Машинасининг тиркамаси борлар 10 миллион сўмдан бошлаб тортишиб-тортишиб, 4-5 миллионгача туширишади. Енгил машина устидаги багажи учун 1,5-2 миллион атрофида пул тўланади.

«Агар пулни тўламасанг, қора рўйхатга киритамиз. Кейин Ўзбекистондан чиқа олмайсан», деб дағдаға ҳам қилишади», – дея расмийларга илтимосномасини ўқиб берди йиғилганлардан бири.

Божхона қўмитаси расмийлари нима дейди?

Давлат божхона қўмитаси Божхона тўловлари бошқармаси бош инспектори Илҳомжон Пардаев бир неча кун олдин шу масалада Kun.uz'га изоҳ берган эди.

«Бу қарор моҳияти тўғри тушунилиши, нотўғри татбиқ қилинмаслиги керак.

Мана оддий мисол билан тушунтирсам: 2020 йил 1 январга қадар божхона божи, акциз солиғи ҳамда ҚҚС ставкалари йиғиндиси озиқ-овқат товарлари учун ўртача 37 фоиз ва ноозиқ-овқат товарлари учун 45 фоизни ташкил этган. Эндиликда эса буларнинг бари учун 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилди.

Илҳомжон Пардаев

Кўриниб турибдики, янги жорий этилган ягона божхона тўлови 2020 йил 1 январга қадар жисмоний шахслардан ундирилган тўловлардан пастроқ», – деганди божхона инспектори.

Душанба куни парламент биноси олдида йиғилган ҳайдовчилар шикоят билан бошқа давлат ташкилотларига ҳам мурожаат қилиш ниятида эканликларини билдиришди.

Мавзуга оид