Жаҳон | 16:06 / 29.12.2025
4880
8 дақиқада ўқилади

Трампга ваъда берган Путин, Тайван атрофида машғулот бошлаган Хитой ва яна ракеталар учирган Ким – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп Зеленский ва Путин билан гаплашди

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский якшанба куни Флоридада бўлиб ўтган учрашувдан сўнг чиқиш қилди.

Ҳар икки томон тинчлик музокараларидаги энг баҳсли икки масала — Украина учун хавфсизлик кафолатлари ва Донбасс ҳудуди бўйича олдинга силжишни маълум қилди. Трампнинг айтишича, бир неча ҳафта ичида музокаралар муваффақиятли бўладими-йўқми, аён бўлади. Унинг сўзларига кўра, ҳудуд масаласи бўйича бир нечта «тиканли муаммолар» ҳануз ҳал этилиши керак.

Зеленский Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича келишувга эришилганини айтди. Трамп эса бироз эҳтиёткорроқ оҳангда бу борада 95 фоиз келишувга эришилганини билдирди. У — Европа давлатлари АҚШ кўмагида бу жараённинг «катта қисмини ўз зиммасига олишини» кутмоқда.

Зеленский делегацияси билан учрашувдан бироз олдин Трамп Владимир Путин билан телефон орқали гаплашган. Трамп бу суҳбатни «самарали», Кремл маслаҳатчиси Юрий Ушаков эса «дўстона» деб таърифлади.

Ушаковнинг айтишича, Путин Трампга Донбасс масаласида «ортиқча кечиктирмай қарор қабул қилиши кераклигини» билдирган.

Трамп Путин билан икки соатдан ортиқ гаплашганини айтди. Унга кўра, Путин Украинани қайта тиклашга, жумладан, арзон энергия етказиб беришга ёрдам беришни ваъда қилган. «Россия Украинанинг муваффақиятли бўлишини хоҳлайди. Бу бироз ғалати эшитилади», деди Трамп.

Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам Украинага хавфсизлик кафолатлари масаласида силжиш ҳақида гапирди. Унга кўра, Европа етакчилари яқинда Парижда йиғилиб, ўзларининг «аниқ ҳиссаларини» якуний шаклга келтиради.

Хитой Тайван атрофида йирик ҳарбий машғулот бошлади

29 декабр куни Хитой ҳарбийлари Тайван атрофида қуруқлик, денгиз, ҳаво ва ракета бўлинмаларини сафарбар қилаётганини эълон қилди. Бу «катта ҳарбий машғулотлар» Тайван мустақиллигига интилиш ва оролга «ташқи аралашув»га қарши жиддий огоҳлантиришдир.

«Адолат миссияси–2025» деб номланган машғулотлар «асосий портлар ва муҳим ҳудудларни блокада қилиш ва назоратга олиш»ни синовдан ўтказади, деди Шарқий Ҳарбий округ қўмондонлиги.

Машғулотлар қанча давом этиши ҳозирча номаълум. Денгиз ва ҳаво кучлари 29 декабрдан бошлаб жанговар тайёргарлик патрулларини олиб боради. 30 декабр куни эса реал ўқ отиш машқлари учун Тайван атрофидаги денгиз ва ҳаво ҳудудлари ёпилади.

Тайван ҳукумати машғулотларни қоралаб, Хитойни «ҳарбий қўрқитиш»да айблади. Пекиннинг бу ҳарбий машғулотлари минтақа учун ниҳоятда кескин ва нозик бир паллада бошланмоқда.

Сўнгги ҳафталарда Хитой ва Япония Тайван масаласида дипломатик тортишувга борди. Шу ой бошида АҚШ Тайван билан энг йирик қурол битимларидан бирини эълон қилди. Шу билан бирга, Тайван президенти махсус мудофаа бюджетини тасдиқлатишга уринмоқда. Буларнинг барчаси Пекинни ғазаблантирди.

Хитой Коммунистик партияси ўзини ўзи бошқараётган Тайванни ҳеч қачон назорат қилмаган бўлса-да, уни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди ва зарурат туғилса, куч билан бўлса ҳам оролни қўлга олишга ваъда берган.

Трамп ва Нетаняҳу Ғазо масаласини муҳокама қилади

АҚШ президенти Доналд Трамп 29 декабр куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан учрашув чоғида Ғазодаги тўхтаб қолган сулҳ жараёнини муҳокама қилади. Музокараларда Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» ва Эронга муносабати ҳам муҳокама қилинади. Трамп Исроил етакчиси билан тез орада учрашиши мумкинлигини айтган, бироқ Оқ уй тафсилотларни тасдиқламади.

Вашингтон барча уч йўналишда — Ғазо, Ливан ва Эрон билан боғлиқ кескинликларда сулҳга воситачилик қилган. Шунингдек, АҚШ Ғазода ўтиш даври бошқаруви ва халқаро хавфсизлик кучларини ўрнатишга интилмоқда.

Ғазодаги томонлар октябр ойида Трампнинг сулҳ режасига рози бўлганди. Режа Исроилнинг Ғазодан чиқишини, Ҳамас қуролини топширишини ва анклавда бошқарув ролидан воз кечишини назарда тутади.

Бироқ Ҳамас айрим шартларсиз қуролсизланишдан бош тортган, секторда исроиллик гаровдаги бир шахснинг жасади қолмоқда. Исроил эса Ҳамас қуролсизлантирилмаса, бунга мажбурлаш учун ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашини билдирган.

Гарчи жанглар сусайган бўлса-да, бутунлай тўхтаган эмас. Октябрда сулҳ расман кучга кирганидан буён Исроил зарбалари аксарияти тинч аҳоли бўлган 400 дан ортиқ фаластинликни ўлдирган.

Бундан ташқари, Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг кучини тиклашига йўл қўймаслик учун деярли ҳар куни Ливанга ҳам зарбалар бермоқда.

Таиланд ва Камбоджа яна сулҳ имзолади

27 декабр куни Таиланд ва Камбоджа чегарада бир неча ҳафта давом этган жангларни тўхтатиш учун сулҳ битимини имзолади.

Келишув чегарадаги назорат-ўтказиш пунктида Камбоджа ва Таиланд мудофаа вазирлари томонидан имзоланди. Бунгача уч кун давомида ҳарбий амалдорлар қуйи даражадаги музокаралар олиб борган.

Келишув шанба куни тушдан бошлаб кучга кирди. У ҳарбий ҳаракатлар ҳамда ҳарбий мақсадларда ҳаво ҳудудини бузишни тўхтатишни назарда тутади. Камбоджа Мудофаа вазирлигига кўра, ҳозиргача ҳаво ҳужумларини фақат Таиланд амалга оширган.

Битим томонлар июл ойидаги сулҳ ва унга оид келишувларга содиқ қолишини тасдиқлайди. Келишувга биноан, сулҳ 72 соат давомида барқарор сақлангач, Таиланд асирликда ушлаб турилган 18 нафар камбоджалик аскарни ватанига қайтариши керак.

Расмий маълумотларга кўра, 7 декабрда қайта бошланган жанглар оқибатида Таиландда 26 нафар аскар ва 1 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Камбоджа ҳарбий қурбонлар бўйича расмий рақам бермаган, бироқ 30 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини ва 90 нафари яраланганини айтмоқда.

Мексикада поезд ҳалокати

28 декабр куни Мексика жанубидаги Оахака штатида 250 кишини олиб кетаётган поезд релсдан чиқиб кетиши оқибатида камида 13 киши ҳалок бўлди.

Низанда шаҳарчаси яқинида релсдан чиққан поездда 9 нафар экипаж аъзоси ва 241 нафар йўловчи бўлган. Поезддаги одамларнинг 98 нафари жароҳатланган, жумладан, 36 нафари тиббий ёрдам олмоқда.

Мексика президенти Клаудия Шейнбаум жароҳатланганлардан беш нафари оғир аҳволда эканини айтди. Ҳалок бўлганлар оилаларига ёрдам бериш учун расмийлар воқеа жойига юборилган.

Мексика Бош прокуратураси ҳодиса бўйича тергов очилганини маълум қилди.

Ушбу «Interoceanic» поезд лойиҳаси 2023 йилда собиқ президент Андрес Мануэл Лопес даврида очилганди.

Ким яна ракеталар учирди

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин қуролларини кўз-кўз қилишни тўхтатмаяпти. Хусусан, у 28 декабр куни узоқ масофали стратегик қанотли ракеталар учирилишини шахсан кузатди. Давлат ОАВларига кўра, бу учириш – хавфсизлик таҳдидлари шароитида КХДР қарши зарба беришга тайёрлигини тасдиқлаган.

КХДР етакчиси буни «ядровий тийиб туриш кучлари учун масъулиятли машқ» деб атади. Шунингдек, Ким Шимолий Корея «ўз ядровий жанговар кучини чекланмаган даражада ривожлантиришда давом этишини» тасдиқлаган.

Жанубий Корея мудофаа вазирлиги эса буни «Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи ҳаракатлар», деди.

Ким ўтган ҳафтада ҳам эҳтимолий вориси бўлган қизи билан ядро двигателли сувости кемаси қурилишини ва узоқ масофали ер-ҳаво ракеталари синовини назорат қилганди. Бундан ташқари, ракета захиралари сақланган ўқ-дори заводига ташриф буюрганди.

Шимол бу ҳарбий фаолликни Сеул ва Вашингтоннинг «янги режалари»га жавоб сифатида изоҳламоқда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид