Жаҳон | 12:23 / 02.09.2025
3479
4 дақиқада ўқилади

Бельгия Фаластинни тан олади ва Исроилга санкциялар қўллайди

Бельгия ташқи ишлар вазирлиги Ғазодаги вазиятни ўзгартиришга уриниш учун БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини тан олишини маълум қилди. Шунингдек, Бельгия босиб олинган ҳудуддан келадиган маҳсулотлар импортини тақиқлаш, Исроил компаниялари билан давлат харидини кўриб чиқиш, Исроилнинг радикал вазирларини «персона нон грата» рўйхатига киритиш каби миллий даражада санкциялар киритади.

Фото: Getty Images

Бельгия сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини тан олади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Максим Превот маълум қилди. Бу қарор Австралия, Британия, Канада ва Франциянинг шунга ўхшаш қадамларидан сўнг Исроилга халқаро босимни кучайтиради.

Reutersʼнинг ёзишича, Ғазодаги уруши учун тобора кўпроқ халқаро танқид остида қолаётган Исроил — Фаластин давлатини расман тан олиш ваъдаларидан ғазабда. Превот Х ижтимоий тармоғида ёзишича, Бельгия «Нью-Йорк декларацияси» имзоловчиларига қўшилади. Бу эса икки давлатли ечим йўлини очади — Фаластин давлати Исроил билан ёнма-ён тинчликда яшаши мумкин бўлади.

Унинг сўзларига кўра, Бельгия Фаластин давлатини Франция ва Саудия Арабистони бошчилигидаги қўшма дипломатик ташаббус доирасида тан олади. Бу қадам сиёсий сигнал сифатида тавсифланиб, Исроилнинг мустамлака қурилиши ва ҳудудлардаги ҳарбий мавжудлигини ҳам қоралашга қаратилган.

«Бу Исроил халқини жазолаш ҳақида эмас, балки унинг ҳукумати халқаро ва ҳуманитар ҳуқуққа риоя қилиши ҳамда вазият жойида ижобий томонга ўзгариши учун ҳаракат қилиш ҳақида», дейди вазир.

Фото: Reuters

Шунингдек, Бельгия миллий даражада 12 та қатъий санкция жорий қилади. “Улар жумласига қуйидагилар киради: мустамлакалардан келадиган маҳсулотларни импорт қилишни тақиқлаш, исроиллик компаниялар билан давлат харид сиёсатини қайта кўриб чиқиш, халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний мустамлакаларда яшаётган бельгияликларга консуллик ёрдамларини чеклаш, суд таъқиблари эҳтимоли, учиш ва транзитга тақиқ, мамлакатимизда икки экстремистик исроиллик вазирни, бир неча зўравон кўчманчиларни ва Ҳамас раҳбарларини «персона нон грата» рўйхатига киритиш…”

Бундан ташқари, Бельгия Европа даражасида Исроил билан ҳамкорликни тўхтатишга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлайди. «Бунинг учун малакали кўпчилик овози керак бўлади. Бунга Европа Иттифоқи билан ассоциация битимини тўхтатиш, илмий-тадқиқот дастурларини, техник ҳамкорликни тўхтатиш ва ҳоказолар киради».

ОАВнинг ёзишича, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари шанба куни Копенгагенда бўлиб ўтган йиғилишда Ғазо уруши бўйича иккига бўлинган: баъзилари Иттифоқни Исроилга жиддий иқтисодий босим ўтказишга чақирди, бошқалари эса бундай чораларни қатъий рад этди.

Превот айтишича, Бельгия Исроил ҳукумати ва Ҳамасга босимни кучайтириш қарорини қабул қилди. У, шунингдек, Бельгиянинг Фаластинни қайта тиклашга содиқлигини таъкидлади ва мамлакат «Антисемитизмга қарши янги ташаббусларини илгари суришини» қўшимча қилди.

Фото: Getty Images

АҚШ ўтган жума куни Фаластин маъмурияти президенти Маҳмуд Аббос ва бошқа расмийларнинг сентябрь ойида БМТ саммитига боришига тўсқинлик қилишини эълон қилди. Уларнинг визаси бекор қилинди. Айнан шу саммитда АҚШнинг бир нечта иттифоқчилари Фаластинни давлат сифатида расман тан олиши кутилмоқда.

Исроиллик расмийларга кўра, Исроил Франция ва бошқа давлатларнинг Фаластин давлатини тан олишига жавобан босиб олинган Ғарбий Соҳилни аннексия қилишни ўйламоқда.

2024 йилда БМТнинг энг юқори суди Исроилнинг Фаластин ҳудудларини, жумладан Ғарбий Соҳилни босиб олиши ва у ердаги мустамлакаларини ноқонуний деб топди ҳамда имкон қадар тезроқ чиқариб юборилиши кераклигини ҳукм қилди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид