Ўзбекистон | 20:49 / 15.03.2017
92226
3 дақиқада ўқилади

Президент қарори асосида 4 лицей ёпилади, 54 лицей касб-ҳунар коллежларига айлантирилади

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Қарор матни ЎзА сайтида келтирилган.

Қарорнинг биринчи иловасига мувофиқ, моддий-техник ва ўқув-педагогик базаси нисбатан паст даражали тўртта академик лицейни тугатиш, уларнинг 1-босқичларига ўқувчиларни қабул қилишни 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб тўхтатиш белгиланган.

Аммо айнан қайси лицейлар ёпилиши маълум қилинмаган.

Шунингдек, таълим сифати ва битирувчиларининг институт ва университетларга ўқишга кириш кўрсаткичлари паст бўлган 54та академик лицей босқичма-босқич касб-ҳунар коллежларига айлантирилади.

"Академик лицейларнинг фаолиятини улар жойлашган ҳудуднинг демографик, иқтисодий ва бошқа омилларини ҳамда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш натижалари нуқтаи назаридан олиб борилган таҳлиллар бу соҳадаги ишларнинг қониқарли эмаслигини кўрсатмоқда. Ҳозирги пайтга келиб академик лицейлар сонини оптималлаштириш, улардаги таълим сифатини ошириш ва мазмунини янгилаш, уларни битириб чиқаётган ёшларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларини тубдан яхшилаш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлмоқда", дейилган қарорда.

Касб-ҳунар коллежларига айлантирилаётган академик лицейларнинг 2- ва 3-босқич ўқувчилари ўқишни тугатгач, яқин ҳудудда жойлашган, таълим йўналиши ўхшаш бўлган академик лицейларда якуний давлат аттестациясини топширади ва давлат намунасидаги академик лицей битирувчиси дипломини олади.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистонда 1411та касб-ҳунар коллежида ёшлар бир нечта ихтисослик бўйича замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаб келмоқда. 

Шунингдек, олий таълим муассасалари қошида 144та академик лицей ташкил этилган бўлиб, уларда аниқ, табиий, ижтимоий-гуманитар фанлар, хорижий тиллар ҳамда маданият ва санъат йўналишлари бўйича, янги педагогик ва информацион технологиялар асосида замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган кабинетларда ёш авлодга пухта билим берилмоқда.

Ушбу масканларни ҳар йили ўртача 35 минг нафар йигит-қиз битириб чиқмоқда. 

Мавзуга оид