Жаҳон | 14:13 / 13.11.2025
3094
9 дақиқада ўқилади

АҚШда якунланган «shutdown», Украинада коррупцион можаро ва Европа танқидини қабул қилмаган Рубио – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШда энг узоқ давом этган «shutdown» тугади

12 ноябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган ҳукумат фаолияти тўхтатилишига барҳам берувчи қонунга имзо чекди.

Бу, Қонунчилар палатаси — озиқ-овқат ёрдамини тиклаш, юз минглаб федерал ходимларга маош тўлаш ва издан чиққан ҳаво-ҳаракатини бошқариш тизимини тиклаш бўйича овоз берганидан бир неча соат ўтгач рўй берди.

Бу қонун 43 кунлик «shutdown» туфайли ишдан тўхтаб қолган федерал ходимларнинг 13 ноябрдан бошлаб ишга қайтишига имкон беради. Бироқ ҳукумат хизматлари ва операциялари қай даражада тез тўлиқ тикланиши ҳали ноаниқ.

«Биз бундай ҳолатга яна ҳеч қачон йўл қўймаслигимиз керак», деди Трамп Овал офисида кечки имзо маросимида. У бу фурсатдан демократларни танқид қилиш учун ҳам фойдаланди. «Бу мамлакатни бошқаришнинг йўли эмас», деди у.

Келишув — ҳукуматни молиялаштиришни 30 январгача узайтиради. Reutersʼнинг ёзишича, бу — федерал ҳукуматни 38 трлн долларлик қарзига йилига яна тахминан 1,8 трлн доллардан қўшиб боришни давом эттиради.

Украинада коррупцион можаро

Украина президенти Володимир Зеленский адлия вазири Герман Галушченко ва энергетика вазири лавозимини эгаллаган Светлана Гринчук «лавозимларда қололмаслигини» билдирди. Бу мурожаат 12 ноябр куни, «Энергоатом»даги коррупция тергови фонида айтилди.

«Бу иш ишонч масаласидир. Агар айбловлар бўлса, уларга жавоб бериш керак. Ваколатдан четлатиш ҳақидаги қарор — тезкор, энг шошилинч чора. Мен Украина бош вазиридан ушбу вазирлардан истеъфо тўғрисида аризалар қабул қилишни сўрадим. Олий Рада депутатларидан эса бу аризаларни қўллаб-қувватлашини илтимос қиламан. Кейин эса барчаси ҳуқуқий майдонда ҳал этилиши лозим», — деди Зеленский.

Зеленский, шунингдек, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг ушбу ишда тилга олинаётган икки шахсга нисбатан санкциялар тўғрисидаги қарорини имзолашини маълум қилди.

Кейинроқ Украина бош вазири Юлия Свириденко, Зеленскийнинг сафдоши, «Квартал 95» студияси эгаси Тимур Миндич ва молиячи Александр Сукерманга санкциялар жорий этиш таклифини киритганини ёзди. Иккаласи ҳам «Энергоатом» иши бўйича тинтувлардан сал олдин Украинани тарк этган.

Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси шу ҳафта «Энергоатом» давлат компаниясида йирик коррупция схемаси фош этилганини маълум қилди.

Расмий баёнотга кўра, «жиноий ташкилот — 'Энергоатомʼ контрагентларидан шартнома қийматининг 10–15 фоизи миқдорида мунтазам ноқонуний даромад олган. Хусусан, контрагентларга етказиб берувчи мақомидан маҳрум этмаслик учун 'откатʼ тўлаш шарти қўйилган».

Рубио Европа танқидларини қабул қилмади

12 ноябр куни АҚШ давлат котиби Марко Рубио Канаданинг Ниагара минтақасида бўлиб ўтган Катта еттилик — G7 ташқи ишлар вазирлари йиғилишида қатнашди. Музокаралар Украина ва Ғазодаги урушларга қаратилган бўлса-да, йиғилишда иштирок этган айрим давлатлар Трамп маъмурияти Кариб денгизидаги кемаларга қарши зарбалари ҳақида хавотир билдирди.

АҚШ ҳарбийлари сўнгги ойларда Кариб денгизида ва Тинч океани қирғоқлари гиёҳванд моддалар ташиётган гумон қилинган кемаларга камида 19 марта зарба берган, натижада камида 76 киши ҳалок бўлган.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро сешанба куни йиғилиш аввалида бу зарбалар «халқаро ҳуқуқни бузади» ва Франциянинг минтақадаги ҳудудлари учун хавотир туғдиради, деганди.

Рубио эса Канададан жўнаб кетишидан олдин журналистларга «G7 йиғилишида ҳеч ким бу операциялар ҳақида унга мурожаат қилмаганини айтди. Шунингдек, у «нарко-террорчилар»ни нишонга олаётган зарбалар — гиёҳванд моддаларни Европага жўнатилишининг ҳам олдини олаётганини айтди.

«Мен Европа Иттифоқи халқаро ҳуқуқ нима эканини белгилайди деб ўйламайман. Улар, албатта, АҚШ ўз миллий хавфсизлигини қандай ҳимоя қилишини белгилаб бера олмайди», деди Рубио.

Рубионинг айтишича, АҚШ бу зарбаларни бериш учун, разведка маълумотлари борасида ҳеч кимдан ёрдам сўрамаган.

АҚШ БМТ Низомининг 51-моддасига таяниб, ўз ҳаракатларини оқлайди. Мазкур модда давлатларга қуролли ҳужумга қарши ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўрганда, БМТ Хавфсизлик Кенгашини дарҳол хабардор қилишни талаб қилади.

Ўтган ойда мустақил БМТ экспертлари гуруҳи, АҚШнинг изоҳларини тан олганди. Лекин «бу айбловлар тасдиқланса ҳам, халқаро сувлар ҳудудида қонуний асос бўлмасдан ўлим кучидан фойдаланиш халқаро денгиз ҳуқуқини бузади ва судсиз қатлга тенг бўлиши» айтилган.

Ўртаер денгизида ҳалок бўлаётган мигрантлар

2025 йилда Марказий Европага Ўртаер денгизини кесиб ўтишга уриниб ҳалок бўлган мигрантлар сони аллақачон 1 000 нафардан ошиб кетди. БМТ Халқаро миграция ташкилотининг огоҳлантиришича, ҳар бир янги фожиадан кейин қурбонлар сони ўсишда давом этмоқда.

Хусусан, 8 ноябр куни Ливия қирғоғи яқинида юз берган сўнгги ҳодисада резина қайиқ ағдарилиб кетди. Унда бўлган 40 дан ортиқ африкалик мигрантлар ҳалок бўлган.

Тирик қолганлар маълумотига кўра, қайиқда 49 нафар мигрант ва қочқинлар бўлган. Йўлга чиққанидан тахминан олти соат ўтгач, баланд тўлқинлар моторни ишдан чиқарган. Фақат етти эркак тирик қолган: улар денгизда олти кун давомида турли буюмларга илашиб, сузиб юриб омон қолган. Қолган 42 киши бедарак йўқолган ва ҳалок бўлган деб ҳисобланмоқда.

«Марказий Европага Ўртаер денгизи йўналиши бўйлаб келаётган мигрантлар ва қочқинларнинг яна бир фожиаси — улар дуч келаётган доимий хатарларни яна бир бор кўрсатмоқда», дейилган ташкилот баёнотида.

Ташкилот минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, хавфсиз ва қонуний миграция йўлларини кенгайтиришга доир чақириғини яна бир бор такрорлади.

Перуда аянчли ЙТҲ: 37 киши ҳалок бўлди

12 ноябр куни Перу ва Чилини боғлайдиган тоғли йўлларда автобус чуқур жарга қулади. Оқибатда камида 37 киши ҳалок бўлди ва ўнлаб одамлар яраланди.

Маҳаллий ОАВ хабар беришича, автобус бурилишда пикап билан тўқнашиб, йўлдан чиқиб кетган ва Окона дарёсининг қирғоғигача 200 метр пастга қулаган. Автобусда 60 нафар йўловчи бўлган.

Ҳодиса жойидан олинган суратларда тик жар остида лойга ботган автобус, унинг бутунлай синган ойналари, қаттиқ зарарланган кузови ва ўпирилиб тушган том қисми кўринади. Иккала ҳайдовчи ҳам тирик қолган.

Расмийлар билдиришича, полиция мутахассислари ҳалокат сабабларини аниқлайди.

Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, 36 киши воқеа жойида, бир нафари касалхонада вафот этган. Яна 25 киши маҳаллий шифохонада даволанмоқда.

Ҳодиса юзасидан тергов бошланган ва пикап ҳайдовчиси қамоққа олинган, деб маълум қилди прокуратура.

Перуда автобус ҳалокатлари кенг тарқалган, айниқса кечаси ва тоғли шохбекатларда. Бу кўп ҳолларда йўл шароитининг ёмонлиги, ортиқча тезлик ва хавфсизлик белгиларининг етишмаслиги билан боғлиқ.

Туркиянинг ҳарбий самолёти қурбонлари қидирилмоқда

Сешанба куни Грузия–Озарбойжон чегараси яқинида қулаган Туркия ҳарбий юк самолёти ҳалокатидан 19 нафар ҳарбийнинг жасадлари топилди, қолган бир қурбонни излаш ишлари давом этмоқда.

Чоршанба куни Анқарадаги АК партия йиғилишида сўзлаган президент Эрдўған самолётнинг «қора қутиси» топилгани ва тергов ишлари бошланганини айтди.

«Ҳалокат жойида олиб борилаётган ишларни яқиндан кузатиб боряпмиз ва воқеанинг ҳар бир жиҳатини ойдинлаштириш учун зарур барча текширувлар бехато амалга оширилади», деди у.

Унинг айтишича, Туркия билан бирга Грузия ва Озарбойжоннинг барча ресурслари қутқарувга сафарбар этилган.

Эрдўған ҳалокат борасидаги дезинформацияга эҳтиёткор бўлишга ва «кир ишлар билан шуғулланадиган»ларга имконият бермасликка чақирди.

Айни вақтда Туркия дронлари ва 46 кишилик тергов гуруҳи ҳалокатни текшириш жойида ишламоқда. Маълум қилинишича, барча аскарларининг жасадлари Туркияга олиб келинади.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид