Ўзбекистон | 16:27 / 26.03.2022
19883
6 дақиқада ўқилади

“ЙПХ ходимларини тасвирга олишни тақиқлашнинг жамият ва фуқаролар учун қандай фойдаси бор?” – медиа-ҳуқуқшунос Мадина Турсунова

Афтидан, энди журналистлар «Ўз кўзларим билан кўрдим, аммо сизларга кўрсата олмайман...» деган мавзуда иншо ёзишларига тўғри келади.

Фотоколлаж: Kun.uz

Ўзбекистонда хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимларини фото ва видеога олиб, уларнинг рухсатисиз интернетда тарқатиш тақиқланиши кўзда тутилган ҳукумат қарори лойиҳаси кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Legalclinic юридик клиникаси юристи Мадина Турсунова ҳам бу борада фикр билдирди.

“Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Мадина Турсунованинг фикрича, барча лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига тузатиш киритиш зарурлиги асосланмаган ҳолда ҳавола қилинади.

“Нега? Асос қани? Тузатиш киритишнинг жамият ва фуқаролар учун қандай ижобий таъсири бор? Ҳеч кимга кераксиз ва ҳеч кимни қизиқтирмаётган жамоатчилик назорати нима бўлади?  

Ходимнинг беҳуш ҳолдаги фотоси тарқалган вазият юз берганди, аммо тартиббузарни топишди ва МАВЖУД маъмурий ва жиноий жавобгарлик нормалари доирасида жазолашди.  

ЙПХ ходимларига бундай устувор ҳуқуқ берилишининг сабаби нимада? Нима учун жамоатчилик назорати ҳамда жамоатчилик қизиқиши, норозилигига сабаб бўлиб келаётган ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизими фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масаласи ҳисобга олинмаяпти?  

Афтидан, энди кеч ва қўшимчани зудлик билан қабул қилишади, аммо бир нечта АММОлар бор, қўшимча юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зиддир. Ҳа, юқори минбарларда туриб гапирилаётган очиқлик ва коррупцияга қарши кураш сиёсатига зид.  

1. Тақиқлашнинг сабаби нимада? ЙПХ ходимлари хизматни кўчада, яъни шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилиш тамойиллари амал қилмайдиган жамоат жойларида олиб боради.  

2. Ходимлар хизмат вақтида нимадан қўрқишади? Агар барча ҳаракатлари қонун доирасида бўлса, нима учун ходимни тасвирга олиш ва бу тасвирни жойлаштириш мумкин эмас? Кимни кимдан ҳимоя қилишмоқчи?  

3. Ҳуқуқий демократик давлатларда ҳуқуқ-тартибот органлари ва амалдорларга нисбатан алоҳида қоидалар ва уларнинг шахсий ҳаётини ҳимоя қилиш даражаси амал қилади, чунки бу ерда жамоатчилик назорати таъминланиши шарт, бошқа йўли йўқ. Бизда эса ходимни хизмат вақтида тасвирга олиш тақиқланмоқда. Одатдагидек, қонуний ҳужжатга ҳеч қандай аниқлик киритмасдан, истисноларсиз, тушунтиришларсиз тузатиш киритилмоқда.  

4. Лойиҳада «ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик» кўзда тутилган. ЙПХ ходимларининг фаолияти шунчалик махфийми?  

Агарда лойиҳа муаллифлари ёдларидан чиқарган бўлса, Конституцияга кўра фуқаролар ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга, махфий ахборотгина бундан мустасно. Бундан ташқари, фақат ҚОНУНга асосланиб ахборот олиш ва тарқатишни тақиқлаш мумкин – қонуности ҳужжати, Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан эмас, ҚОНУНга асосан!  

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунда ҳам худди шундай дейилган: «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш, агар мазкур ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чеклаб қўйилади». 

Худди шу қонунга кўра юридик ва жисмоний шахслар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш ва тарқатиш учун тўлиқ конституцион ҳуқуққа эга. Бундан ташқари, давлат «коррупциянинг олдини олиш бўйича чоралар устуворлиги», «фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари устуворлиги», «очиқлик ва шаффофлик»ни коррупцияга қарши курашишда асосий тамойиллар деб эълон қилган. 

«Инсон-ҳокимият» ёки «ЙПХ ходими-фуқаро» муносабатларида инсон манфаатлари ва ҳуқуқи устун туриши керак, аммо бу сафар эмас...  

ЙПХни ўз ичига олган ИИВ коррупцияга қарши курашда бевосита фаолият кўрсатувчи давлат органи ҳисобланади.  

Дарвоқе, ОАВ ҳам коррупцияга қарши кураш бўйича қонунчилик бажарилаётгани устидан жамоатчилик назоратини олиб боради. Энди эса, тасвирга олиш мумкин, жойлаштириш мумкин эмас, ҳозирда энг кўп ўқиладигани – бу Интернет-нашрлар, Интернет-ОАВ!  

Афтидан, энди журналистлар «Ўз кўзларим билан кўрдим, аммо сизларга кўрсата олмайман...» деган мавзуда иншо ёзишларига тўғри келади. 

Ва сўзим сўнгида ички ишлар ходимларининг хизмат бурчларини ўзларининг сўзлари билан эслатиб ўтмоқчиман: «Халқ манфаатларига хизмат қилиш». Кўзлари боғланган, қулоқларига пахта тиқилган халққа хизмат қилиш эса осон, шундай эмасми...”, дея фикр билдирган юрист.  

Аввалроқ Kun.uz мавзу юзасидан ижтимоий тармоқ фаоллари билдирган эътирозларни ҳавола этганди

ЙПХ ходимларининг фото ва видеосини интернетда тарқатишни тақиқлашга оид таклиф муҳокамаси 29 мартга қадар давом этади.

Мавзуга оид